Пекин тиббиёт университети олимлари долчин юрак-қон томир тизими саломатлигини сақлашга ёрдам беришини аниқладилар. Тадқиқот натижалари The Journal of Traditional and Complementary Medicine журналида чоп этилган.
Экспериментда 137 киши қатнашган. Улар икки гуруҳга бўлинган: биринчи гуруҳга икки ой давомида долчин экстракти, иккинчи гуруҳга эса плацебо (ўхшаш дори воситаси) берилган. Тадқиқот жараёнида олимлар кўнгиллилар қонидаги қанд миқдори, қон босими, холестерин, шунингдек, организмидаги яллиғланиш даражасини ўлчаб туришган.
Натижалар шуни кўрсатганки, кунига ярим чой қошиқ атрофида долчин экстракти қабул қилиш плацебога қараганда қондаги қанд меъёрини, инсулинга қаршиликни, қон босимини, холестерин даражасини бироз яхшилайди ва яллиғланишни камайтиради. Бундан ташқари, аввалги ишлар долчин II тоифа қанд ва семизлик касалига чалинган кишилар саломатлигини яхшилашга ёрдам беришини кўрсатган.
Мутахассислар сўзларига кўра, долчин ўзида биофаол бирикмаларни сақлайди, жумладан, унинг таркибидаги антиоксидантлар ҳисобидан таъсирга эришилади. Бироқ, олимларнинг таъкидлашича, олинган натижаларни тасдиқлаш учун кўпроқ қатнашчилар иштирокида изланишларни давом эттириш керак.