Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.03.2022


Долларнинг глобал гегемонлиги тугаяптими?

АҚШ мамлакат иқтисодиёти барқарорлигига тиргак бўлган долларнинг глобал гегемонлигини ўз-ўзидан қулатишни бошлади. Шарҳловчи Рафаэль Поч Испаниянинг Publico нашри учун ёзган мақоласида худди шу фикрни билдирган.

Шу тарзда у АҚШ ва унинг иттифоқчилари томонидан Россия марказий банки Ғарб давлатларида сақлаётган олтин-валюта захираларининг конфискация (мусодара) қилинишига изоҳ берган. Мақола муаллифининг ишончи комилки, Америка ҳукумати ушбу ҳаракати билан бутун дунёга маблағлари хавфсизлигини таъминлаши кераклиги ҳақида аниқ ишора берди.

Яъни бундай чораларни қўллаш билан расмий Вашингтон агар юритаётган сиёсати ўзига ёқмаса ёки рақиблари билан савдо-сотиқ қилгани учун ёхуд даромадларини аҳоли ўртасида жуда яхши тақсимлаб, трансмиллий корпорацияларга зарар келтирса, яна шунчаки АҚШ назоратидаги тузилмалардан сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан кўпроқ мустақил бўлишни хоҳласа, ҳар қандай давлатнинг олтин-валюта захираларини мусодара қилиши мумкинлигини кўрсатди.

Мақолада қайд этилишича, шунга ўхшаш ҳаракатлар руслар, хитойлар, БРИКСнинг қолган аъзолари (Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Африка) ва бошқа давлатларни хавфсизроқ молиявий механизмлар ҳамда валюталарни излашга ундайди. Зеро, бу узоқ истиқболда эмас, аллақачон бошланган жараёндир.

Шунингдек, мақола муаллифи Россияга қарши қўлланган халқаро санкцияларга бирор-бир БРИКСга аъзо давлат қўшилмаганини эслатиб ўтган. Яна, чекловларни НАТО аъзоси бўлган Туркия, Форс кўрфази, Ғарбий ва Марказий Осиё давлатлари ҳам қўллаб-қувватламаган.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони Хитой билан нефтни юанда сотиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Нефть савдосида доллардан воз кечилиши АҚШни банкротликка олиб келмайдими, дея савол қўяди мақола муаллифи.

Report typo