Мавриди келганда, ўқитувчилар билан боғлиқ айрим ҳолатларни эсга олсак. Бир неча йил аввал Муборак саноат касб-ҳунар коллежи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари қишки якуний назорат баҳоларини қайта топшириш учун бериладиган йўлланма эвазига икки ўқувчидан 400 минг сўмдан сўраган ва шу пулни олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинган. Қарши транспорт коллежи кафедра мудири баҳо қўйдириб бериш эвазига 100 АҚШ доллари олаётган вақтда қўлга тушган. Аввалги Қарши олимпия захиралари коллежи ўқитувчиси чироқчилик болани коллежнинг кураш йўналишига ўқишга киритиб қўйиш учун 1000 доллар сўраб, ўқитувчи деган шаъни ёнига порахўрлик деган тавқи лаънатни тиркаб қўйган. Вилоят ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи ва Муборак саноат касб-ҳунар коллежи директори ўринбосари ҳам қонунга зид олди-бердига ўралашиб қолган. Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти иқтисодиёт кафедраси профессори талабадан аввалги семестр баҳосини қўйиб берганлиги эвазига 85 минг сўм олган. Бу йил учун яхши баҳо қўйиб бериши учун эса 200 минг сўм сўраган. Яна 6 талабадан 60 минг сўмдан жами 360 минг сўмни "староста" орқали ундирган.
Бир соҳа учун анча кўп, тўғрими? Аммо эшитган, билганларимизнинг олдида бу уммондан томчи, холос. Балки қайсидир соҳада тамагирлик қилмасликнинг имкони топилмас, бироқ ўқитувчининг ўз виждонини пулга сотишини қай сабаб билан оқлаб бўлади?
Куни кеча Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг иқтисодиёт факультети декани А.Х. икки талабадан 400 доллар олаётган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан қўлга олинганидан кўпчилик хабардор. Маълум бўлишича, факультет декани молия йўналишида таҳсил олаётган талабалар - Қ.М. ва О.А. кўп дарс қолдиргани учун уларни талабалар сафидан чиқариши ва курсдан-курсга қолдиришини айтиб қўрқитган. Агар ҳар бири 200 доллардан, жами 400 доллар берса, бу фикридан қайтишини билдирган.
Ўйлаб қоласан киши: эртага мамлакат тақдири ишониб топшириладиган авлодни тарбиялайдиган устозларнинг аҳволи бу бўлса, тамагирлиги, порахўрлиги билан "ўрнак" бўлаётган одам ўқитган болалардан нимани кутиш мумкин?
Энг қизиғи, коррупцияга қарши энг кўп тадбирлар айнан таълим муассасаларида ўтказиб борилади. Балки бу ерда тамагирлик қилиш имкони кўплиги учундир (ҳар ҳолда ўқишга киришдан тортиб уни битириб олгунга қадар турфа "харажат"лар, сессияю диплом ҳимояси каби каттагина "ташвиш"лар борлигини ҳеч ким инкор этмайди), эҳтимол ёшларни тўғри йўлга бошлаш учундир?
Биргина Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини оладиган бўлсак, муассасадан маълум қилишларича, ҳар ойда ҳар бир факультетда камида бир марта коррупциянинг олдини олиш бўйича тадбир ўтказилади. Бу институт ташаббуси билан бўладиганлари. Бундан ташқари, прокуратура, ички ишлар ва бошқа ҳуқуқ-тартибот органлари, сиёсий партиялар ташаббуси билан ҳам айни мавзуда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилади. Демак, ҳар ҳафта-ўн кунда "Пора олма, берма, ўртага қўшилма, мансабингни суиистеъмол қилма" деган сўзлар жаранг сочади институтда. Эътиборлиси, охирги марта худди шундай тадбир айнан иқтисодиёт факультетида, декан бошчилигида ўтказилган...
Шунча тарғибот бўла туриб, ўқитувчилар коррупциядан ўзларини тийиб тура олмаяптими, демак, ё бу уларнинг қонига сингиб кетган, ё тарғибот тадбирлари шунчаки номига, хўжакўрсинга.
Бирор қурувчи қанчадир ашёни ёки унинг пулини "еб" кетса, ўрнини қоплаш у қадар мушкуллик туғдирмас, бироқ муаллим тамагирликни касб қилиб олса, бунинг оқибатлари яхшиликка олиб келмайди. Касбга муносабат салбий томонга ўзгаради, ўқитувчиларга ҳурмат йўқолади, оқибатда ўқиш-ўрганишга иштиёқ камаяди. Тамагир муаллим қўлида ўқиган бола ҳам вақти келиб тамагирликдан тап тортмайди. Таълимдаги коррупция жамият учун даволаш қийин (бош)оғриқларни келтириб чиқараркан, тадбирбозликдан воз кечиб, аниқ самара берадиган усулларга ўтиш керак. Ҳар ҳолда тўрт одам тўплаб, мажлис ўтказиб, порахўрликка чек қўйиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди...
Н.ХЎЖАЕВ