Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Турсунбой БОЙМИРОВ

02.01.2017


ДОРИВОР ГИЁҲЛАР

 

Бу бир ривоят бўлса-да, ҳақиқатдан бегона эмас. Доривор гиёҳларнинг инсон саломатлигига фойдаси, ўз ўрнида қўлланилса, ҳар қандай касалликка ана шу гиёҳлардан шифо топиш мумкинлиги ҳақида жуда кўп илмий манбаларда ҳам ёзилган. Айниқса, бизнинг заминимизда бундай гиёҳлар янада сероб. Табиатшунос олимларнинг маълумотига қараганда, мамлакатимизда ёввойи ўсимликларнинг 4148 тури мавжуд. Шулардан 577 хили ўта шифобахшдир.

Она заминимиз туҳфа этган бундай гиёҳлардан оқилона фойдаланиш, ички бозорни маҳаллий хомашё, жумладан, доривор ўтлар асосида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган хавфсиз ва арзон дори-дармон воситалари билан таъминлаш борасида ҳукуматимиз томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Доривор гиёҳларнинг камайиб бораётган турлари экиб кўпайтирилмоқда. Вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятимизнинг Деҳқонобод, Қамаши, Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Миришкор, Косон ва Қарши туманларида 32 турдаги доривор гиёҳни экиб етиштириш йўлга қўйилган. Улардан хавфсиз ва арзон дори-дармон воситаларини ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг яқинда қабул қилинган “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эса бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янада юқори  босқичга кўтаришни кўзда тутади.

Шу билан биргаликда, тоғ ва тоғолди ҳудудларда ёввойи ҳолда ўсадиган гиёҳларни асраб-авайлаш борасида ҳам қандайдир аниқ режа асосидаги чора-тадбирларни амалга ошириш, доривор гиёҳлар энг кўп ўсадиган ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида бу борада тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, уларда юксак экологик маданиятни шакллантириш керак. Чунки кўплаб доривор гиёҳлар айнан кишиларнинг нотўғри муносабати, эътиборсизлиги натижасида йўқолиб бормоқда.

Масалан, Қамаши туманининг Майданак, Қизил мозор, Кўкбулоқ, Қоранкўл, Деҳқонобод туманининг Ойбек, Бошчорбоғ, Белибойли, Бобосурхак, Қизилча, Консой қишлоқлари ҳудудлари доривор гиёҳларнинг кони саналади. Бу ерларда ангишвонагулдан тортиб бўйимодарону бодрезаккача, анжабр, арслонқуйруқдан газак ўту гулхайри, бўтакўзгача учратиш мумкин. Шунингдек, бангидевона, бўзноч, дардмана, ерчой, жағ-жағ, зиғир,  зубтурум, игир, исириқ, абрук, иттиканак, кашнич, келинтили, коврак, маврак, марваридгул, мойчечак, отқулоқ, оққалтирмоқ, ровоч, томирдори, ширинмия, янтоқ, шувоқ, ялпиз, қашқаюнғучқа, қирқбўғим, андиз, чукри, қоқи, тўя тўппон, жупор, такасоқол ва бошқа жуда кўплаб доривор гиёҳлар ўсади. Ушбу ўтларнинг барчаси табобат илмининг султони бўлмиш Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида жуда кўп касалликларга шифо экани айтилган.

Аммо айнан ўсимликнинг пишиб етиладиган пайтида бу ҳудудларда аҳолининг чорва моллари ўтлаб юради. Ноёб доривор ўтларни эса моллар еб қўяди. Улардан уруғлик қолмайди. Бундан ташқари, гиёҳ терувчи ва сотувчиларнинг ҳам ўз билганича ҳаракат қилиши, бу ўтларни дони тўкилмасдан туриб илдизи билан қўпориб олиши натижасида кўплаб доривор ўтлар турлари йўқолиб бормоқда. Улар бу гиёҳларнинг ноёб эканини билишади, албатта. Лекин бундай инсонлар учун бугуни ўтса бўлди, эртаси билан иши йўқ.

Кексаларнинг айтишича, куйдирги касаллигини даволашда ишлатиладиган, табобатда ўта қадрланадиган тилак ўти бир замонлар бу ҳудудларда сероб бўлган экан.

- Ҳатто 30 йил муқаддам ҳам бу   гиёҳни Қорасирт тоғи бошидан жуда кўплаб териб олиш мумкин эди, - дейди нафақадаги ўқитувчи Самад Ҳайитов. - Бу ўтнинг редискасимон илдизи шифобахш, йиллар давомида сўлимай, гуллаб турадиган хусусиятга эга. Ҳозирда бу доривор ўт ноёб бўлиб қолди. Биргина бу эмас, жуда кўп доривор ўт турлари йилдан-йилга камайиб бормоқда.

Ўрта асрларда Шарқ табобатининг довруғи бутун дунёга машҳур бўлган. Маҳаллий табибларнинг энг кучли томони эса доривор гиёҳлар ҳақида пухта билимга эгалиги ва ундан самарали фойдалана билишида эди. Шундай экан, табиат инъом этган бу неъматлардан унумли фойдаланишимиз, шу билан бир вақтда уларни асраб авайлаб, келажак-авлодларга ҳам етказиб беришимиз шарт.

Турсунбой БОЙМИРОВ

Report typo