Ушбу тартибни жорий этишдан мақсад, давлат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлашдан иборат бўлиб, бу эса ўз навбатида божхона ходимларига ҳам вазифалар белгилайди. Шунга мувофиқ, мазкур тартиб акс эттирилган видеороликлар халқаро аэропортлар ва пиёдаларни ўтказиш пунктларида фуқароларга кўринарли жойларга жойлаштирилган. Шунингдек, бу борада профилактик тадбирлар ҳам мунтазам олиб борилмоқда.
Бироқ, бунинг акси ўлароқ учувчисиз учиш аппаратларини мамлакатимиз ҳудудига яширин тарзда олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.
Яқинда Қарши халқаро аэропортида Москва-Қарши йўналиши бўйича парвозини якунлаган фуқаро Б.Ж. “яшил йўлак” орқали божхона назоратидан ўтаётганда, унинг ҳаракатлари шубҳа остига олинди. Багаж ва қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганда, Хитойда ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппарати бошқарув пульти билан яширин равишда олиб ўтилаётгани аниқланди.
Шунингдек, шу йилнинг 18 август куни Қарши халқаро аэропортига Москва-Қарши йўналишидаги авиарейс билан учиб келган Т.Ғ.га тегишли қўл ва юк сумкалари божхона кўригидан ўтказилганда, сумкада бошқарув пульти дрон билан бирга олиб ўтилаётгани маълум бўлди.
Айни шу рейс билан учиб келган яна бир фуқаро – Ж.Б. ҳам “яшил йўлак” орқали ҳаракатланиб, қўл юклари орасида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган дронни бошқарув пульти билан олиб ўтмоқчи бўлган.
Ҳозирда аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хуршид МИРЗАЕВ,
“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи