Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 2015 йил 1 январдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва фойдаланиш тақиқланади.
Ушбу воситалардан ноқонуний фойдаланганлик учун қатъий жавобгарлик чоралари белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг самовий ҳудудидан рухсатсиз фойдаланган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 100 бараваригача жарима ёхуд 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланади. Агар шундай ҳаракат маъмурий жавобгарлик қўлланилганидан кейин такроран содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 250 бараваригача жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша ҳаракат одам ўлимига олиб келса, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланади.
Кўриниб турибдики, дронларга эга бўлган ва улардан фойдаланиб келаётган юртдошларимиз ушбу воситаларни ўз ихтиёрлари билан тегишли идораларга топширишлари керак. Дронларнинг ихтиёрий топширилиши ҳеч қандай жавобгарликка олиб келмайди.
Тўғри, баъзи кишилар жиноий ёки маъмурий жавобгарликни ўйлаб ўзларидаги мосламаларни топширишдан қўрқишади. Шуни таъкидлаш жоизки, фуқаролар 2018 йил 1 декабрга қадар ўз ихтиёрлари билан ўзларидаги мосламаларни Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига топширишса, ҳеч қандай жавобгарликка тортилмайди.
Н.ХЎЖАЕВ