Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.12.2022


ДУНЁ: ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ

Якунига етаётган 2022 йил дунё саҳнида кузатилган сиёсий беқарорлик, ижтимоий танглик, иқтисодий инқироз, табиий ва техноген тусдаги офатлар билан бир қаторда давлат бошқаруви, илм-фан, спорт олами ҳамда бошқа соҳаларда рўй берган воқеа-ҳодисаларга бой бўлди. Янги йил остонасида улардан инсоният ўртасида энг кўп муҳокама қилинган ва кўпчиликнинг нигоҳини ўзига қаратган айримларини саралаб, ёдингизга солишга жазм этдик.   

Йил трансплантацияси

Январь ойида гени модификация қилинган чўчқа юраги инсонга кўчириб ўтқазилгани эълон қилинди. Бу 57 ёшли америкалик эркак яшаб қолиши учун ягона йўл эди. Дэвид Беннет исмли юраги хаста бемор ҳаётини кўчириб ўтқазиш амалиётисиз сақлаб қолиш имконсиз бўлган.

Трансплантация илк бор гени модификация қилинган ҳайвон юраги организм томонидан дарҳол рад этилмасдан худди инсоннинг ўз аъзоси каби ишлаши мумкинлигини кўрсатди.

Бахтга қарши, ҳайвон юраги кўчириб ўтқазилган бемор орадан икки ой ўтиб вафот этди. Эҳтимол, бунга амалиётга тайёргарлик жараёнида эътибор қаратилмаган чўчқа герпес инфекцияси сабаб бўлган. Бироқ, дунё бўйича юрак кўчириб ўтқазилишига муҳтож миллионлаб одамлар ҳаётини сақлаб қолиш учун яна бир муҳим қадам ташлангани рост.

Йил можароси

Февраль ойида Россия қўшинлари Украина ҳудудида махсус ҳарбий амалиёт бошлади. Натижада руслар билан қатор Ғарб давлатлари ўртасидаги дипломатик муносабатларга путур етди, ўзаро турли санкциялар қўллана бошлади. Бундан дунё иқтисодиёти қаттиқ зарба еди, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси кучайди.

Украинада ҳамон давом этаётган қарама-қаршиликлар натижасида ҳар икки томон минглаб қурбонлар берди, инфратузилмага ҳаддан зиёд зарар етди.

Озиқ-овқат ва энергия ташувчилари нархи рекорд кўрсаткичга чиққанини ҳам Россиянинг Украина ҳудудида бошлаган махсус ҳарбий амалиёти ва пандемиядан кейинги истеъмол талаби билан боғлаш ўринли. Covid-19  сабаб кўрилган чоралар ўз кучини йўқота бошлаши билан одамлар одатий ҳаёт тарзига қайтиш ва кўпроқ харажат қилишни хоҳлади. Шу ҳолат ва дунёда энергия ташувчилари нархининг кескин кўтарилиши компаниялар ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлари қийматини оширишига олиб келди.  

Йил табиий офати

Покистон ҳудудларида июнь ойи ўрталаридан бошланиб, икки ойча давом этган муссон ёмғирлари ва кузатилган сув тошқинлари натижасида 1 минг 300 нафарга яқин одам ҳалок бўлди, 2 минг нафардан ортиқ киши жароҳат олган.

Мамлакатнинг катта қисми, хусусан Балужистон, Хайбер-Пахтунхва ва Синд вилоятлари сув остида қолди. Камида 1 миллион 460 минг уй қисман ёки тўлиқ шикастланди, 736 минг бошдан ортиқ чорва моллари ўлган.

Маълумотларга кўра, мамлакатда сўнгги 30 йилда йиллик ўртача ёғингарчилик 134 миллиметрни ташкил этган, жорий йилда эса бу кўрсаткич 388,7 миллиметрга етди. Покистон ҳукумати сув тошқинларидан 33 миллион аҳоли, яъни ҳар етти покистонликдан бири жабр кўрганини маълум қилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатда сув тошқинларидан кўрилган зарар миқдори 10 миллиарддан 12 миллиард 500 миллион долларгача баҳоланган.

Америка ва Европа кучли жазирамадан азият чекаётган айнан ўша дамларда бундай иссиқлар аномал ҳарорат ҳисобланмайдиган Нигерияда ҳам ёмғирлар мавсуми ҳар қачонгидан кучли бўлди. Табиий офат июнь ойи бошидан октябрь охиригача 600 нафар нигерияликни ва қишлоқ хўжалиги ҳосилининг катта қисмини нобуд қилди.

Йил видолашуви

Сентябрь ойида Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. У бирлашган қиролликни энг кўп - 70 йил бошқарди ва мамлакатнинг энг узоқ умр кўрган монархи бўлди.

Кўпчилик тож соҳибасининг ўлими билан унинг севимли қироллик тузуми ҳам барҳам топишини тахмин қилганди. Лекин бундай бўлмади, унинг ўрнига ўғли шаҳзода Чарльз қирол бўлди ва ўзига Карл III исмини танлади. Онасининг бошқаруви даврида у 70 йил давомида тахт вориси мақомида юрди ва қирол даражасига чиқишни энг узоқ кутган шаҳзодага айланди.

Шунингдек, якунига етаётган йил Буюк Британияда ҳукумат бошқаруви уч нафар сиёсатчи орасида қўлдан-қўлга ўтгани билан ҳам ёдда қолади. Бош  вазир Борис Жонсон ички сиёсий жанжаллар ортидан июль ойида уч йиллик карьерасига якун ясаб, лавозимидан кетишини эълон қилди. Сентябрда унинг ўрнини ўз даврида темир хоним нисбатини олган Маргарет Тэтчерга тақлид қилувчи сиёсатчи Лиз Трасс эгаллади. Аммо у истаган солиқларни камайтириш орзуси иқтисодий инқироз шароитида мамлакат сиёсатчилари томонидан қўллаб-қувватланмади ва аёл бош вазир лавозимида атиги 45 кун ишлади. Асли келиб чиқиши Ҳиндистонлик бўлган Биританиянинг 57-бош вазири Риши Сунак эса ўзидан аввалги ҳамкасблари хатоларини тузатишга ваъда берди.

Йил намойиши

22 ёшли Маҳса Аминийнинг ўлими Эронда тартибсизликлар бошланиб кетишига сабаб бўлди. Аёл мамлакатнинг хотин-қизлар рўмол ўраб юришини назарда тутувчи қонуни талабларини бузганлиги учун қўлга олинган.

Ҳукумат у касалликдан вафот этганини айтди. Аммо қизнинг оиласи Маҳса Аминий ўлимига полиция томонидан унга нисбатан қилинган бешафқат муносабат сабаб бўлганини тахмин қилади.

17 сентябрда ўтказилган дафн маросимида Маҳса Аминийнинг ўнлаб ватандошлари ҳижобларини ечиб, ёқиш ва йиртиб ташлаш йўли билан ўз норозиликларини билдирган. Кейин бу ҳаракат мамлакат бўйлаб тарқалди ва ҳамон учқунлари сўнмаган тартибсизликларда этник озчилик вакиллари ва ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам қатнашди.

Полиция тартибсизликда қатнашган ёки намойишчиларни бошқа йўллар билан қўлллаб-қувватлаган юзлаб эронликларни қўлга олиб, суд улардан бир нечтасига нисбатан аллақачон ўлим ҳукмини эълон қилишга ҳам улгурди.   

Йил сайлови

Си Цзиньпин октябрь ойида Пекинда ўтган Хитой Коммунистик партиясининг йигирманчи съездида учинчи муддатга КП Марказий қўмитаси бош котиби лавозимига сайланди.

2018 йилда қонунчиликда назарда тутилган бош котиб лавозимига кетма-кет икки муддатдан ортиққа сайланиш мумкинмаслигига оид чеклов олиб ташланганидан сўнг Си Цзиньпин энди узоқ вақт мамлакат бошқарувида қолиши мумкин.

Ўтган йили Хитой Халқ Республикаси раиси мамлакат ўта қашшоқлик устидан ғалаба қозонишга эришганини эълон қилганди.

Йил хариди

Миллиардер тадбиркор Илон Маскнинг супер хариди сайёра миқёсида ҳақиқий шов-шув бўлди.

Октябрда SpaceX ва Tesla компаниялари эгаси якуни сотувчи томоннинг судга даъво киритишига бориб тақалган узоқ оворагарчиликлардан сўнг 44 миллиард долларга Twitter ижтимоий тармоғини сотиб олди. Бу эса барча даврлардаги энг йирик технологик харидлардан бирига айланди.

Йил мусобақаси

Яқинда якунланган футбол бўйича жаҳон чемпионати финал босқичи йилнинг натижаларини олдиндан тахмин қилиш энг қийин бўлган турнирларидан бирига  айланди.

Одатдагидан фарқли равишда ноябрь-декабрь ойларида ташкил этилган мусобақа гуруҳ боқичида чемпионат етакчилари саналган Аргентина термасининг Саудия Арабистони футболчиларига мағлуб бўлиши, Германия ва Испания жамоаларининг Японияга имкониятни бой бергани, Марокашга ютқазган  Бельгиянинг плей-оффга чиқа олмагани, Португалиянинг Жанубий Кореяга, Франциянинг Тунисга енгилгани ҳақиқатдан ҳам ишқибозлар ҳайратини оширди.

Қатардаги Лусаил стадионида бўлиб ўтган финал эса мутахассислар томонидан тарихдаги энг яхши ўйин сифатида баҳоланди. Биласиз, унда ўзаро тўқнаш келган Аргентина ва Франция термалари шиддатли кечган баҳснинг асосий ва қўшимча бўлимларида муроса йўлини танлади - 3:3. Пенальтилар сериясида эса ғалабани Месси сардорлигидаги жамоа илиб кетди (4:2).  

Бу билан февраль ойида Пекинда ташкил этилган қишки Олимпия ўйинларини ҳам сояда қолдира олмаймиз. Бинобарин, Хитой пойтахти бир йилда ўзида ҳам қишги, ҳам ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилган тарихдаги илк шаҳарга айланди.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Report typo