Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 январь, пайшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

26.12.2024


ДУНЁ: ЙИЛ ВОҚЕАЛАРИ

Мана, 2024 йил якунига етишига ҳам оз фурсатлар қолмоқда. У дунё саҳнида кузатилган сиёсий, геосиёсий, ижтимоий-иқтисодий, табиий ва техноген тусдаги воқеа-ҳодисалар билан бир қаторда давлат бошқаруви, илм-фан, спорт олами ҳамда бошқа соҳаларда рўй берган шов-шувларга бой бўлди. Янги йил остонасида улардан инсоният ўртасида энг кўп муҳокама қилинган ва кўпчиликнинг нигоҳини ўзига қаратган айримларини саралаб, ёдингизга солишга жазм этдик.  

Январь

Японлар учун Янги йилнинг биринчи куни нохуш хабар билан бошланди. Япон денгизида 1983 йилдан кейинги энг кучли зилзила содир бўлди. Исикава префектурасидаги Ното ярим оролида рўй берган 7,6 балли ер силкиниши Вадзиме ва Судзу шаҳарларига жиддий зарар етказди. 

Маълумотларга кўра, табиий офат натижасида 202 киши қурбон бўлган ва 200 нафардан ортиқ одам бедарак йўқолган.

*  *  *

Ойнинг йигирма тўртинчи санасида Россиянинг Белгород вилоятидаги Яблоново қишлоғидан 5-6 километр узоқликда русларнинг  Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ўзаро қуролли зиддиятлар фонида Украина кучлари томонидан уриб туширилди.

Маълум бўлишича, ҳалокат натижасида учоқ ичида бўлган 74 нафар, жумладан, алмашиш учун олиб келинаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир ҳалок бўлган.

Февраль

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальный ойнинг ўн олтинчи санасида Ямало-Ненецк автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган махсус тартибли ахлоқ тузатиш муассасида вафот этди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари талқинига кўра, қатор айбловлар билан 2021 йил 17 январда ҳибсга олинган мухолифат етакчиси аслида сиёсий маҳбус эди.

*  *  *

Францияда ташриф билан бўлиб турган Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 телеканалига берган интервьюсида мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ)га аъзолигини "музлатганини" маълум қилди. Унинг фикрича, КХШТ 2021-2022 йиллардаги Қорабоғ воқеалари вақтида Арманистон олдидаги мажбуриятларини бажармаган.

Тузилмага Арманистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо.

Март

Ойнинг ўн бешинчи-ўн еттинчи саналарида Россияда навбатдаги президент сайлови бўлиб ўтди. Унда мамлакатнинг амалдаги раҳбари Владимир Путин сайловчиларнинг 87,28 фоиз овозини тўплаб, мутлақ ғалаба қозонди ва 2030 йилга қадар давлат тепасида қоладиган бўлди.

У президент сайловида илк марта 2000 йилда ғолиб бўлган ва 2004, 2012, 2018 йиллардаги сайловларда ҳам муваффақият қозонган. 2008-2012 йилларда эса ҳукуматни бошқарган. 

*  *  *

Сайловдан беш кун ўтиб, Москва вилояти Красногорск шаҳридаги "Крокус Сити Холл" концерт залида йирик террорчилик акти содир этилди. Жангарилар ҳужуми натижасида 145 киши вафот этди ва 551 нафар одам жароҳатланган.  Портлашлар ва ёнғин натижасида концерт зали қарийб тўлиқ вайрон бўлди.

Апрель

Тайванда ойнинг учинчи кунида охирги 25 йилдаги энг кучли зилзила содир бўлди. Биринчи ер силкинишидан 25 дақиқа ўтгач, 6,6 ва 6,3 балли такрорланиш кузатилди. Зилзила бутун орол бўйлаб сезилди, Хуалянь шаҳри жиддийроқ зарар кўрди, бир нечта бино қулади.   

Табиий офат натижасида камида 16 киши ҳалок бўлган ва 1155 нафар одам жароҳатланди, 87 мингта уй хўжалиги электр энергиясисиз қолди.

*  *  *

Ушбу ойда кузатилган кучли ёмғирлар Форс кўрфази давлатларига жиддий таъсир ўтказди, бутун минтақада кутилмаган тошқинлар содир бўлди. Қатор мамлакатларда бир кунда қарийб бир йиллик миқдорда ёғинлар ёғди. Тошқинлардан айниқса, Уммон ва Бирлашган Араб Амирликлари жиддий зарар кўрди, қурбонлар бўлди.

Ўзининг иссиқ ва қуруқ иқлими билан маълум Форс кўрфази минтақасида сўнгги йилларда тошқинларга сабаб бўлаётган кучли ёмғирлар мунтазам кузатилмоқда.

Май

Бортида Эрон президенти Иброҳим Раиси бўлган Bell 212 вертолёти Шарқий Озарбайжон вилояти Варзакан округи Узи қишлоғи яқинида ҳалокатга учради. Давлат раҳбарига ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, вилоят ҳокими Малик Раҳмат ва президентнинг ҳудуд бўйича вакили Муҳаммад Али ал-Ҳошими ҳам ҳамроҳлик қилаётган эди. 

Маълумотларга кўра, ҳодисага ноқулай об-ҳаво сабаб бўлган. Вертолёт бортидаги барча, яъни 3 нафар экипаж аъзоси ва 5 нафар йўловчи вафот этган. 

*  *  *

Папуа - Янги Гвинеяда ҳалокатли кўчкилар кам учрайдиган ҳодиса эмас: сабаб - тоғли ҳудуд, об-ҳаво шароити, иқлим, шунингдек, камбағалликнинг юқори даражаси, маҳаллий бошқарувнинг самарасизлиги.

Ойнинг йигирма тўртинчи санасида содир бўлган навбатдаги кўчки оқибатида Мунгало тоғининг оҳакли ён-бағридан кўчган тупроқ Майп Муритака ҳудудидаги олтита қишлоқни йўқ қилди, йўлларни тўсиб қўйди. Юзлаб уйлар, бинолар, бир неча минг одам, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги уюмлар остида қолди. Ҳалок бўлганлар, дараксиз кетганлар ва бошпанасиз қолганлар сони минглик рақамларда ифодаланади.

Июнь

Олтинчи-тўққизинчи саналарда Европа парламентига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтди. Унда Еврокомиссиянинг амалдаги раҳбари Урсула фон дер Ляйен аъзоси бўлган "Европа халқ партияси" 720 ўриндан 191 тасига эга чиқиб, рақибларидан катта фарқ билан ўзиб кетди. Унинг ўзи эса лавозимига қайта сайланди.

*  *  *

"Катта еттилик" (G7) давлатлари (Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи)нинг 50-саммити ўн учинчи-ўн бешинчи саналарда Италияда бўлиб ўтди.

Унда минтақалардаги қуролли тўқнашувлар, иқлим ўзгариши, глобал иқтисодиёт, геосиёсий масалалар асосий муҳокама мавзулари бўлди. 

Июль

Ойнинг йигирма олтинчи санасида Парижда XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари старт олди. Унда 206 мамлакат терма жамоаси 10500 нафар спортчи билан қатнашди. Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида жами 126 та (40;44;42) медаль жамғарган АҚШ биринчи, 91 та (40;27;24) медаль билан Хитой иккинчи, 45 та медаль олган Япония (20;12;13) учинчи ўринни қўлга киритди. Ўзбекистон олимпиада спорт делегацияси эса Париж-2024да ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этиб, 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза, жами 13 та медални қўлга киритган ҳолда  умумжамоа ҳисобида 13 ўринни банд этди. 

*  *  *

Ғазодаги Исроил босқини фонида Эроннинг янги сайланган президенти Масуд Пезешкиён инаугурация маросимига қатнашиш учун мамлакатга борган Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хания ўттиз биринчи санада, кейин аниқлик киритилишича, Теҳрондаги қароргоҳига берилган авиазарба оқибатида ҳалок бўлди. У ҳаракатнинг асосчиларидан бири бўлиб, 2017 йилдан ҲАМАС сиёсий бюросини бошқариб келаётган эди.  

Август

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти икки йил ичида иккинчи марта маймун чечаги эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш соҳасида фавқулодда ҳолат эълон қилди. Қарор ойнинг ўн тўртинчи санасида Конгода инфекция тарқалиши авж олиши ва касаллик унга қўшни мамлакатларга ҳам тарқалгани фонида қабул қилинди. 

*  *  *

Йигирма тўртинчи санада ўзининг шахсий самолиётида Парижга учиб борган Telegram асосчиси Павел Дуров Ле Бурже аэропортида қўлга олинди. Орадан тўрт кун ўтиб, гаров эвазига қўйиб юборилган тадбиркорга нисбатан қатор жиноятлар, жумладан, ваколатли органлар сўрови бўйича маълумотларни тақдим этишдан бош тортиш айблови қўйилган. Унга суд назоратида бўлиш ва Францияни тарк этмаслик мажбурияти юкланган.

Сентябрь

XVII ёзги Паралимпия ўйинлари якунланди. Унда 9 та спорт тури бўйича 65 нафар спортчи билан қатнашган Ўзбекистон паралимпия делегацияси Париждан жами 26 та (10;9;7) медаль билан қайтди, натижа: 168 давлат орасида 13-ўрин.

*  *  *

Ойнинг ўн етти ва ўн саккизинчи саналарида Ливан ва Сурияда "Ҳизбуллоҳ" қуролли гуруҳи аъзоларининг чўнтак пейжер (овозли хабарларни қабул қилувчи симсиз қурилма)лари бир вақтнинг ўзида портлади. Икки  марта такрорланган тўлқин натижасида жами 42 киши ҳалок бўлгани, 3500 нафардан ортиқ одам жароҳатлангани айтилди. "Ҳизбуллоҳ" киберҳужумда жавобгарликни Исроилга юклади.

Октябрь

Ой бошида Исроил мудофаа кучлари Ливаннинг "Ҳизбуллоҳ" назоратидаги ҳудудларига қуруқликдан амалиёт бошлади. Шу куни Эрон томони яҳудийлар давлатига  қарата 200 тача атрофида баллистик ракета учирди.

Расмий Теҳрон ҳужум "Ҳизбуллоҳ" етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ва ҲАМАС лидери Исмоил Хания ўлдирилганига жавоб тариқасида амалга оширилганини маълум қилди.

*  *  *

Қозоғистонда атом электр станцияси қуриш масаласи юзасидан умумхалқ референдуми ўтказилди. Ойнинг олтинчи санасида бўлиб ўтган овоз бериш натижасига кўра, мамлакат фуқароларининг 71,12 фоизи бу ташаббусни қўллаб-қувватлади.

Ноябрь

Америка халқи мамлакатнинг 47-президентини сайлади. Амалдаги давлат раҳбари Жо Байден сайловда қатнашишни рад этгач, республикачилар партияси илгари сурган номзод Дональд Трампга демократлардан вице-президент Камала Харрис рақиблик қилди. Бешинчи санада бўлиб ўтган сайловда улар мос равишда сайловчилар коллегиясининг 312 та ва 226 та овозини қўлга киритди. Бинобарин, сайланиш учун 270 та овоз кифоя қиларди.    

Дональд Трамп АҚШнинг 45-президенти ҳам бўлган. 2020 йилги сайловда уни Жо Байден мағлубиятга учратганди. 

*  *  *

Халқаро жиноят суди (ХЖС) Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ва мамлакатнинг ҳозирда собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олишга ордер берди. ХЖС уларни Ғазо минтақасида 2023 йил 8 октябрдан 2024 йил 20 майгача бўлган даврда амалга оширилган ҳарбий ва инсониятга қарши жиноятларда айбламоқда.

Декабрь

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл давлат тизимларини КХДР тарафдорларидан ҳимоя қилиш учун ойнинг учинчи куни мамлакатда фавқулодда ҳарбий ҳолат жорий этди ва орадан бир неча соат ўтгач, бу ҳақдаги қарорини бекор қилди.

Шундан тўрт кун ўтиб, аҳоли унинг истеъфоси талаби билан намойишга чиқди. Мамлакат парламенти эса ўн тўртинчи санада Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент эълон қилди. Хан Док Су президент вазифасини бажарувчи бўлди.

Ишончсизлик билдирилган давлат раҳбари энди давлатга хиёнат ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

*  *  *

Сурияда 53 йил давомида ҳокимият тепасида ўтирган Асадлар сулоласи ҳукмронлиги якун топди. Сулоланинг иккинчи авлоди саналган ва отаси Ҳофиз Асад ўлимидан сўнг 2000 йилда меросхўрга айланган Башар Асад Сурия мухолифат кучлари Дамашқни эгаллагач, ойнинг саккизинчи санасида мамлакатни тарк этди. 

Мамлакатда 2011 йилдан буён давом этган фуқаролар уруши даврида қарийб 500 минг нафар одам, жумладан, 160 минг тинч аҳоли ҳалок бўлгани, 2,1 миллиондан ортиқ одам турли даражада жароҳатлар олгани, тахминан 13 миллион киши доимий яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлгани ҳақида маълумотлар бор.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Report typo