Сараланган сатрлар
Шавкат Раҳмон, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Хуршид Даврон, Эркин Аъзам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Олим Отахон, Аҳмад Аъзам каби 70-йиллар адибларидан кейин замонавий ўзбек адабиётида АВЛОД сифатида Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар, Улуғбек Ҳамдам, Зулфия Қуролбой қизи сўз майдонига чиқишди. Ушбу ёзувчилар орасида Исажон Султон ҳам ўз ўрнига эга. "Муножот", "Боқий дарбадар", "Озод", "Генетик", "Алишер Навоий" каби ўзига хос асарлар адабиётимизда янгилик сифатида кутиб олинди.
Қуйида ёзувчининг "Боқий дарбадар" романидан парчаларни эътиборингизга ҳавола этяпмиз. Сўз, тасвир, воқеликка ўзгача ёндашув, рамзий-фалсафий қарашлар эътиборингизни тортишига ишонамиз.
* * *
Қанчалар бадбахт бўлмасин, Иблиснинг борлиги инсон боласи учун яхшидир. Оловнинг мавжудлиги темирнинг тобланиши учун лозим бўлгани каби. Чунки оловда тобланган темир янада мустаҳкам ва ишончли бўлади.
* * *
Қанчалар узоқ умр берилса-да, бу оламдаги ҳамма нарса кун келиб совурилиб, йўқ бўлиб кетишининг тирик гувоҳи бўлишим менинг ҳикматимдир.
* * *
Ўлимнинг қаерда ва қай тарзда етишининг кўпам аҳамияти йўқ - имонимизнинг бут бўлиши биз учун кифоя.
* * *
"Аслида шамол ҳам, булуту ёмғир, ҳаво ҳам Худонинг махлуқи, болам. Улар Парвардигорнинг амрини бажарадилар. Жумладан, сену мен ҳам".
* * *
Парвардигорнинг даргоҳи кенг, у кўп нарсаларни сирлар пардасига яширган. Одамлар уларнинг баъзиларини биладилар, баъзиларини билмайдилар. Дунёда кўзга кўринмас жонзотлару ҳодисотлар мўл. Уларни одам кўрмайди холос, лекин баъзи жонзотлар кўради.
* * *
Баъзи билимлар ҳатто ҳалокатли бўлади.
* * *
Одам боласи борки, барҳаётликни орзу қилади, - деди меҳмон. - Мен эса абадият билан жазоландим. Мен учун на Ватан, на миллат, на элат, на тил қолди. Дунёни кезаркан, бутун бошли миллатларнинг йўқ бўлиб кетганини, ўрнига бошқаларининг келганини кўрдим... Аслида, сиз мендан кўра хушбахтроқсиз. Чунки, қисматингизга дарбадарлик битилган бўлса ҳам, бир неча йилдан кейин Унинг раҳмати томонга равона бўла оласиз. Менга эса у йўллар беркилган, қопқалар ёпилган, тавбамдан ва пушаймонимдан наф йўқ.
* * *
Оламдаги ҳар бир жон ўзининг вазифасидан бошқа яна бир вазифани бажариб келаётганининг ҳикматини кўр. Мукаммал бир лашкарга ўхшайдиган, ғоятда ихчам яратилган асалари ўзининг эҳтиёжидан минглаб карра кўп бол тўпласа, бир дарахт, насл қолдириши учун керак бўладиган меваларнинг минглаб мислини тугса, бир балиқ минглаб увулдириқ ташласа, бир наботот ўзининг униб-ўсишидан ташқари ё емиш, ё даво бўлса... ва фақат сенгина буларнинг ҳаммасидан еб фойдалансангу ҳосиланг бўлмаса... устига-устак, шу ҳолингда яна мўъжиза талаб қилсанг...
* * *
Уммон гўё тарихга ўхшар эди! Гўё бутун кечмишлар ана шундай сокин ва тил-забонсиз, бепоён тарзда, вақтсизу маконсиз долғаланмоқдайди.
* * *
Сирасини айтганда, ақл даражаси бугунги кун одамидан бир неча баравар юксак ва мангу умр кўрадиган одам яратиш фикри шу қадар жозибадорки, бу кўрганларингиз мажруҳларнинг ва ноқисларнинг дунёга келтирилишининг гуноҳу савоби ҳақида ўйлаб кўришга на вақт бор, на истак.
* * *
Дунё - мислсиз эврилишлар, ўзгаришлар ва огоҳлантиришлар маконидир. Ҳар нарса, ҳар ҳодиса бир огоҳлантириш, бир тимсол бўлиб хитоб қилиб турмоқдадир.
Бунчалар қувватли тартиб берилган ва қатъий қоидалар асосида ҳаракатланаётган табиат бизсиз ҳам мукаммал равишда ўз ҳаётида давом этмоқда, ўзгартиришларимизга ва кашфиётларимизга муҳтожлиги йўқ.
* * *
Асрларни тўзғитиб эсаётган вақт шамолида инсон бунёд этган ҳар қандай нарса албатта бузилиб-пайҳон бўлиб кетмоқдадир. Ҳаёт учун қулайлик туғдиради деб ҳисобланган нарсалар табиатнинг мутлақ низомини бузмоқдадир. Атрофдаги ҳар бир нарсанинг низоми ва муроди бўлгани ҳолда, мен ўзимнинг мавжудиятимдан бир мақсад кўрмаётирман. Теваракдаги ҳар нарсанинг ҳосиласи бўлгани ҳолда, мен нима ҳосила беришим кераклигини билмайман!
* * *
"... Яна бир қанча вақт ўтгач, дунёда на Ватан, на миллат ва на тил тушунчаси қолади, деган башоратлар наҳотки ҳақ бўлса? - деб ўйлади Профессор. - Бу жараён балки аллақачон бошланиб улгургандир? Араб давлатлари ҳам, Европа ҳам бирлашди. Яна қанчадир вақт ўтиб рўй берадиган иқтисодий ва ахборот хуружларидан кейин мамлакатларнинг чегаралари йўқолиб кетса, бошқариш иплари тўғридан-тўғри капитал қўлига ўтса, яъни ер юзини қитъалараро ширкатлар бошқарса-чи? Ҳақиқий глобаллашув ана шунда авж олса, қаерда иқтисод гуллаб-яшнаса, одамлар ўша ерга тўплана бошласа... ва вақт-соати келиб, қадриятлар емирилиб-тамом бўлса-чи?.."
* * *
Кенглигига ақл бовар қилмас улкан курраи заминни муаллақ суздириб қўйсаю қайноқ сувларда, дарахт танасининг ғовакларида ва ҳатто тошларнинг ичида ҳам ўзининг қудратига далолат бўлсин ва инсон боласи кўрсин учун жонзотларни яратган бўлса, теваракдаги ҳамма нарса бир иродадан жамланганига далолат қилса ва фақат Ўзининггина бир эканини намоён қилиб, энг кичик заррани ҳам бўлакларга бўлиб ташлаган бўлса... ақлим бу ҳайбат ва қудрат қаршисида қўрқувдан зир-зир титраса... еру кўкларни бир қилиб ўраб, сувлардан қуруқликларни чиқарган, сувлардаю қуруқликларда саноғини ёлғиз ўзигина биладиган тур ва сондаги миллионлаб махлуқларни миллионлаб кўринишда яратиб қўйган ва буларнинг барини одам боласига Ватан килиб берган бўлса... шуларни англасаму ўзимнинг ҳақирлигимдан хабардор бўлсам... қандай қўрқмасдан тура олай?
* * *
Ватаним дея жон таслим қилганлар, "Эй Ватан" дея денгиздай тўлқинланган халқлар, душман тажовузи остида "Ватан" дея қирилиб кетган минглаб инсонлар тақдирида шуларни кўраман: улар бир парча тупроқ учун эмас, бу тупроқларда унган дов-дарахтлару бағридаги маъданлар учун эмас - айнан шу - имонининг ва миллат руҳининг қўрғони бўлгани учун ҳам жон таслим қилганлар, деб ўйлайман...
* * *
Жоҳилларнинг кўзига кичкина пастак ҳужралару қум босган шўрхок ҳовлидан бошқа нарса кўринмайди. Шу кичкина ҳужрада шу халқнинг битта боласи ўз тафаккури билан фазони қамраганини тасаввур қилиши маҳол.
Бутун дунё маҳдудлик қоронғилигида экан, чўлу биёбондаги кишиларнинг ақл кучи нима сабабдан бунчалар кучли эканига ҳайратланаман.
* * *
Айтадиларки, бир шам атрофида уч парвона айланиб учмоқда эди. Улар шам алангасининг нима эканини билмоқчи бўлдилар. Биринчиси шам томон учди ва қайтиб келиб деди: "У - жуда ёруғ бир нарса экан!" Иккинчиси янада яқинроқ учиб борди, аланга унинг қанотларини куйдирди, қайтгач айтдики: "У - куйдирувчи бир нарса экан". Учинчиси аланга ичига кириб, оташ ичра ғойиб бўлди. Нимани кўрганидан ва нимани ҳис қилганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Аслида у, нимани билишни истаган бўлса, ўшанга ета олди!
Бундай билимларга эришувчилар ўзлари эришган билим ҳақида гапира олиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Шу боис ҳам билувчи сукут сақлайди.
Мен ана шу учинчи парвонага ҳавас қиламан.
* * *
Инсонлар узоқ умр кўришни истайдилар, лекин бу оламда узоқ умр машаққат ва заҳматдан иборат эканини ҳам яхши биладилар. Дунёда узоқ муддат қолишни истаганлар тобора яқинлашиб келаётган кексалик заҳматларидан қутулиш йўлини тополмайдилар. Топганларида ҳам дунёнинг ўзи бир куни йўқ бўлиб кетишини идрок қилмайдилар.
* * *
Дарҳақиқат, одам боласи дунёга келиб ўсиб-унади, ейди-ичади, айюҳаннос солади, кибру ҳавога, ғурурга кетади, лекин бир куни қарабсизки, бутун дунёни алғов-далғов қиламан деган одам ҳаёт саҳнасидан секингина, мутеъгина бўлиб четга чиқади, супурилади. Бир куни қарасангиз, тўплаган бутун сарватларию мулклари унинг вужудида ўса бошлаган биттагина бегона ҳужайра қаршисида ожиз, ўзи ҳам ўша хасталик чангалида мўлтираб ётган бўлади.Тузалишга ҳеч қандай умид йўқ, дунёнинг тўрт бурчида миллионлаб соғлом кишилар ҳаёт завқини сураётган бир маҳалда бу одам қўрқув ва даҳшат ичра жони ҳалак: мабодо... умр тугаган бўлса-я?
Дафъатан... ҳамма нарса дафъатан рўй беради. Дафъатан кулфат эшик қоқади, дафъатан зилзила рўй беради, дафъатан мусибат мўралайди... дафъатан жон чиқади...
НАСРИДДИН тайёрлади.