Мутахассисларнинг фикрларига кўра, табиатга антропоген, яъни инсон омили кўрсатадиган таъсир натижаси ўлароқ вақти-вақти билан кутилмаган аномал ҳодисалар юз бериб туради. Масалан, дунё уммонидаги "Эл-Ниньо" ҳодисаси ана шундайлардан бири бўлиб, у иқлим ўзгаришлари боис океанлар юзасининг кўтарилиши, сув ҳарорати ўзгаришидан келиб чиққани айтилади. Бўрону тўфон, зилзила ҳам гарчи қадимдан мавжуд бўлса ҳамки, кейинги асрларда тез-тез рўй бераётганига сайёра иқлимидаги глобал ўзгаришлар сабаб қилиб кўрсатилади. Глобал ўзгаришлар - ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, парник газлари ҳосил бўлиши, исиш таъсирида минг-миллион йиллик музликларнинг эриши ҳисобига дунё уммони сатҳи ортишини ҳам мутахассислар инсон омилининг табиатдаги мувозанатга таъсири туфайли юз бераётганини таъкидлайдилар.
2017 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида эса инсоният 5 марта тўфон, 3 марта йирик талафотли зилзила, сув тошқинларига дуч келди. Бу ҳодисалар оқибатида одамлар ҳалок бўлди, шаҳару қишлоқлар, аҳоли яшаш манзиллари вайрон бўлди, дунё иқтисодиётига миллиардлаб доллар миқдорида зарар етди. Масалан, 29 май куни Москва шаҳри ва вилоятида рўй берган бир кунлик кутилмаган бўрон (унга момақалдироқ, жала, дўл ва шиддатли шамол "ҳамроҳ"лик қилган) натижасида 18 нафар киши ҳалок бўлди, 170 одам жабрланди. Тадқиқотларда қайд этилишича, бундай ҳодиса Москвада 1904 йилдан бери кузатилмаган. Табиий офат 300 аҳоли пунктига таъсир кўрсатди - 16,5 минг уй, 1,4 мингта дача зарарланди. Москва шаҳрида 27 мингдан ортиқ дарахт синди. 243 кўп қаватли уй ва маъмурий бино зарарланган, 135 та ёритиш устунлари, 2 мингта автомобилга зиён етган.
17 августда бошланган "Харви" тропик циклони кучли жала оқибатида вужудга келди ва Техаснинг жануби-шарқий қисмида сув тошқинларига сабаб бўлди. Бу 2005 йилда Мексика қўлтиғида юз берган "Катрина" тўфонидан кейинги энг йирик ҳодисадир. Унинг оқибатида камида 83 нафар одам ҳаётдан кўз юмди, "CoreLogic" компанияси экспертлари ҳисоб-китобига кўра, тўфон етказган зарарни қоплаш учун ҳукумат 70 миллиард доллар маблағ сарфлаши керак бўлади.
30 август куни Африканинг континентал қисмида кучли тропик тўлқин пайдо бўлиши туфайли Кабо-Верде ороли яқинида "бош кўтарган" "Ирма" тропик циклони кузатувлар тарихидаги энг кўп давом этган ва жорий йилги тўфонлар мавсумидаги энг фожиалиси бўлди. Гарчи 24 соатдан кейин у "бироз ғазабдан тушиб", 5-категориядан 2-категорияга ўтган бўлса-да, 5 сентябрга келиб, яна хавфлиликнинг энг юқори даражасига чиқди. Шамол тезлиги соатига 297 километрга етди ва унинг қудрати 2005 йилдаги "Вильма" тўфонидан кейинги энг кучли циклонни қайд этди. "Ирма" тўфони қутуриб турган кунларда Атлантика уммонида 2010 йилдан бери кузатилмаган ҳолат рўй берди, яъни бир йўла учта циклон - "Катя", "Ирма" ва "Хосе" тўфонлари баравар қутқу солиб турди. 27 сентябрь ҳолатига кўра, "Ирма" туфайли қурбон бўлганлар сони 124 нафарга етди. Бу ҳодиса иқтисодиётга 60 миллиард АҚШ долларидан ортиқроқ зарар етказди. Тўфон Барбуда, Сен-Бартелеми, Сен-Мартен, Ангилья, Виргиния ороллари, Теркс ва Кайкос ҳамда Багам оролларининг жанубий қисмида вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Барбуда ва Сен-Мартендаги биноларнинг 90 фоиздан зиёдроқ қисмига зарар етди, аҳолининг тенг ярми ҳеч нарсасиз қолди. Бундан ташқари, тўфон қутурган кунларда Кубанинг шимолий қирғоқларига етиб борди, Гавана сув тошқинлари остида қолди. Бу вақтда хавфлиликнинг 3-даражасига тушган бўлса-да, яна кескин кўтарилган тўфон туфайли Куба сувларида 7 метрлик тўлқин кузатилган, шамол шиддати эса соатига 250 километрга етган. 10 сентябрда тўфон Флоридага етиб келди. Штат ҳукумати 6,3 миллион кишини эвакуация қилишга мажбур бўлди. 10-11 сентябрь кунлари эса тўфон штатнинг ғарбий соҳилларидан ўтаётиб, Флорида-Кис архипелагида вайронагарчилик келтириб чиқарди, Майами ва бошқа шаҳарларни сув босди. "Ирма" 12 сентябрь куни, ҳарқалай, ҳовуридан тушди.
16 сентябрдан 6 октябргача давом этган "Мария" тўфони Доминика оролини вайрон қилди. Оролдаги биноларнинг 90 фоиздан ошиғи зарарланган. Кучли циклон натижасида Гваделупа, Мартиника ва Санта-Крус оролларига ҳам зиён етди. Бошланганидан 4 кун ўтиб, Пуэрто-Рикога етган тўфон электр энергияси таъминоти ва алоқа тизимини ишдан чиқарди. 3,4 миллион киши электрсиз қолди. Пуэрто-Рико губернатори Рикордо Роселло электр энергияси таъминотини тиклаш учун ойлар талаб қилинишини айтди. Шунингдек, "Мария" туфайли йириклиги бўйича дунёда 2-ўринда турадиган "Аресибо" радиотелескопи ишдан чиқди. 29 метрлик антенна синиб тушди, унинг парчалари эса асосий кўзгуга зиён етказди. Тўфон оқибатида 78 киши ҳалок бўлди: Доминикада 30, Пуэрто-Рикода 34, Гваделупада 2, Гаитида 3, Доминикан республикасида 5, Американинг Виргиния оролида 1, Континенталь штатларда 3 нафар одам заволга юз тутди. 5 сентябрда бошланиб, 25 сентябрга қадар давом этган "Хосе" тўфони Антиль оролларига хавф солди, ҳарҳолда, унинг натижасида қурбонлар бўлмади.
Ўтаётган йилнинг июль ойидан сентябрга қадар Жанубий Осиёда рўй берган сув тошқинлари сабаб минглаб одамлар ҳалок бўлди, миллионлаб аҳоли йирик масштабли сув тошқинидан зарар кўрди. Бангладеш, Ҳиндистон, Непал ва Покистонни қамраб олган табиий офат муссон ёмғирлари туфайли келиб чиқди.
Энг кўп қурбон Ҳиндистонда кузатилди - мингдан ошиқ одам ҳалок бўлди. Ҳар йили Жанубий Осиёда июнь-сентябрь ойлари муссон ёмғирлари мавсумига тўғри келади, аммо бу йил ёмғир одатдагидан кўп ёғди ва кейинги йилларда кузатилмаган йирик сув тошқинига сабаб бўлди. Экспертлар тошқинни охирги ўн йилликда юз берган шундай ҳодисаларнинг энг йириги эканлигини айтишмоқда. 2 сентябрь ҳолатига кўра, тошқин туфайли 1288 нафар одам ҳалок бўлган, 45 миллиондан зиёди эса қаттиқ зарар кўрган. ЮНИСЕФ маълумотларига қараганда, бу рақамнинг 16 миллионини болалар ташкил қилади.
Иқлим ўзгариши ва тараққиёт бўйича халқаро марказ ва бошқа илмий муассасаларнинг хулосаларига кўра, мазкур табиий офат иқлим ўзгаришини янада мураккаблаштириши мумкин.
Марказий Италияда 18 январда 5 баллдан юқори кучга эга зилзила рўй берди. Абруццо, Лацио, Марке ва Умбрия вилоятларини қамраб олган зилзиланинг эпимаркази Л'Акуила шаҳридан 25 километр шимоли-ғарбда бўлиб, 9 километр чуқурликда юзага келган. 29 нафар одам ҳалок бўлди. Меҳмонхоналар, уйлар катта зарар кўрди. Мексикадаги Пуэбле шаҳрида 19 сентябрда рўй берган зилзила Рихтер шкаласи бўйича 7,1 баллни ташкил этди. 363 кишининг ҳалокатига сабаб бўлган офат оқибатида яна 6 мингдан зиёд одам жабрланди. 40 дан ортиқ бино зарар кўрди.
7 сентябрда Мексиканинг жанубий соҳилларида, Пихихьяпан шаҳридан 96 километр жануби-ғарбда рўй берган 8,1 баллик зилзила ҳам фожиали бўлди. Унинг оқибатида мамлакат пойтахти Мехико жиддий зарар кўрди, 65 нафар киши ҳаётдан бевақт кўз юмди, 200 га яқин аҳоли жабрланди. Мексика президенти бу зилзила мамлакатда аср давомида рўй берган энг кучли ер ости силкиниши эканлигини таъкидлади. Бундан аввал ушбу ҳудудда бундай ҳодиса 1787 йилда кузатилган бўлиб, силкиниш магнитудаси 8,6 баллга тенг бўлган.
Олимларнинг башоратларига кўра, келажакда Европада табиий офатлар рўй бериши 50 мартага ошиши мумкин. Италиядаги Европа комиссиясининг бирлашган тадқиқот маркази 1981 йилдан 2010 йилгача бўлган табиий офатларни тадқиқ қилди ва юқоридаги хулосага келди. 28 мамлакатдаги цунами, сув тошқини, ўрмон ёнғинлари, қурғоқчилик ва бўрон каби ҳодисаларни ўрганган экспертлар Европада табиий офатлардан зиён кўрганлар сони йилдан-йилга ортиб боришини аниқлашди. Аср бошида бу кўрсаткич 2-3 миллион одамни кўрсатган бўлса, аср сўнгига бориб, рақам 351 миллионни ташкил этиши мумкин. 2016 йилда сайёрадаги иқлим ҳолатига бағишланган докладда Ер экстремал ҳудудга айланиб бораётгани қайд этилган эди ва бунга сабаб қилиб, табиий офатлар, уларнинг кутилмаган тарзда, кутилмаган ҳудудларда рўй бераётгани кўрсатилганди.
Албатта, юқорида саналган ҳодисалар табиатнинг инсониятга жиддий таҳдиди бўлиб, уни атроф-муҳитга, иқлимга салбий таъсир кўрсатмасликка ундаётгандай. Шундан келиб чиқиб, одамларни бу хатарли таҳдиддан огоҳ этиш, табиий офатлар хавфини камайтиришга эришиш мақсадида 1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан октябрь ойининг иккинчи чоршанбаси табиий офатлар хавфини камайтириш куни деб эълон қилинган. 2009 йилдан бошлаб эса ҳар йили 13 октябрь - Табиий офатлар хавфини камайтириш халқаро куни сифатида нишонланадиган бўлди. Мақсад - аҳоли ва давлатларнинг табиий офатларга бардошлилигини ошириш, уларнинг иқлим ўзгаришларига мослашишларини таъминлаш, аҳолининг табиат-экология борасидаги билимларини мустаҳкамлаш. Зеро, кутилмаган офатга тайёр туриш, бундай пайтда тўғри ҳаракатланиш табиий фалокатлар оқибатини бироз бўлса-да юмшатишда муҳим омил ҳисобланса, ҳар бир одамда атроф-муҳитга тўғри муносабатни шакллантириш орқалигина табиатнинг таҳдидини камайтириш мумкин бўлади.
Манбалар асосида Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.