Манбаларда эълон қилинган маълумотларда қайд этилишича, инсоният XIX аср охирларидаёқ маиший чиқиндини ташиш ва утилизация қилиш энг муҳим масала эканини англаб етди. Ўша даврдан бошлаб одамлар шаҳарлардаги маиший чиқиндини нима қилиш кераклиги, ундан қай тариқа халос бўлиш мумкинлиги устида бош қотира бошлашган. Чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига энергия олиш ҳам илк маротаба ўша пайтларда синаб кўрилган. 1874 йилда Ноттингем шаҳрида ёқилғи ўрнига ёнувчи маиший чиқиндидан фойдаланувчи дастлабки буғ машинаси яратилган. Бу – одамзоднинг маиший чиқиндидан самарали фойдаланиш йўлидаги илк уриниши эди. Ўтган асрнинг ўрталарига келиб, дунёнинг йирик шаҳарларида чиқиндихоналар танқислиги юзага кела бошлаганидан сўнг қаттиқ маиший чиқиндини қайта ишлаш муаммонинг жиддий ечими эканлиги аниқ бўлиб қолди. Бу кун тартибидаги энг муҳим масалага айлангач, 1965 йилда Америкада қаттиқ маиший чиқинди утилизациясига қаратилган дунёдаги илк қонун лойиҳаси қабул қилинди. Шундан буён бу масалага жиддий ёндашаётган кўплаб мамлакатларда шунга ўхшаш қонунлар яратилди, махсус лойиҳалар асосида тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Дунё олимлари ва экологлари шундай қарорга келишдики, бундан буёғига маиший чиқинди масаласига бепарво қараб бўлмайди. Сайёра ҳаётининг узвийлиги бошқа кўплаб жиҳатлар каби маиший чиқиндидан самарали фойдаланишга ҳам боғлиқ. Акс ҳолда Ер аталмиш сайёра жуда қисқа фурсатда улкан чиқиндихонага айланиб қолиши тайин. Фақат буни Ер юзидаги барча одам чуқур англаб етмоғи, ҳар бир шахсда маиший чиқиндига тўғри муносабат шаклланиши шарт.
Шундан сўнг маиший чиқиндини камайтириш йўлидаги изланишлар бошланди. Дунё олимлари истеъмолдаги айрим маҳсулотларни, жумладан, дўконлардаги бир марталик ўрамлар, халтачаларни ишлатмасликни, уларнинг ўрнига чидамли ва узоқ вақт хизмат қилувчи халтачаларни таклиф этишди. Шу каби яна бир неча тежамкорлик ва камчиқит лойиҳалар кўпгина мамлакатларда амалиётга кенг татбиқ этила бошланди. Қатор давлатлар иккиламчи қайта ишлашни жадал йўлга қўйишга ҳам жиддий аҳамият қарата бошлади. Бироқ бу иш айрим ҳудудларда жадал йўлга қўйилгани билан жаҳон миқёсида маиший чиқиндини камайтириш борасида сезиларли натижага эришиш мушкул. Эндиликда дунё аҳолисини бу ишни қўллаб-қувватлашга чақириш лозимлиги масаласи кун тартибига чиқади. Шу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида 1997 йилда Рециклинг, яъни иккиламчи қайта ишлашга бағишланган илк байрам нишонланди. Америка Қўшма Штатларида 15 ноябрь куни экологлар томонидан уюштирилган мазкур тадбирдан кўзланган мақсад ҳукумат ва кенг жамоатчилик, саноат тизимидагиларнинг эътиборини маиший чиқиндини қайта ишлаш масаласига қаратиш эди. Иккиламчи қайта ишлаш эса, ушбу тадбир ташкилотчилари наздида, атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, нисбатан арзон хомашёдан фойдаланиш эвазига тайёр маҳсулотлар нархини пасайтириш ва ресурс тежамкорлигига эришишнинг ягона йўлидир.
Илк тадбирга экологлар, табиатшунослар, иккиламчи қайта ишлаш корхоналари вакиллари ҳамда улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлардан кундалик ҳаётида самарали фойдаланаётган кўнгиллилар таклиф этилди. Улар томонидан ўтказилган тарғибот-ташвиқот ишлари эса жамоатчилик диққатини ўзига қарата олди. Кейинчалик мазкур байрам бошқа давлатларда ҳам ўтказила бошланди. Иккиламчи қайта ишлаш куни кенг нишонлана бошлангач, унинг рамзи ҳам танланди. Мёбиус лентаси рамз сифатида иккиламчи қайта ишлашни англатадиган бўлди.
Маълумки, табиат бойликлари захираси битмас-туганмас эмас. Иккиламчи қайта ишлаш эса бирор маҳсулотнинг умрини ўзгача шаклда давом эттириши эвазига иқтисодиёт учун тежамкорлик келтириши, табиат учун эса софликни сақлаб туриши мумкин. Бу оқилона тадбирни давом эттириш кейинги пайтларда юзага келаётган улкан муаммоларнинг айримларига ечим бўла олади. Масалан, атмосфера ифлосланишини бирмунча камайтириш мумкин. Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, оддийгина шишани қайта ишлаш уни дастлабки ишлаб чиқаришдан кўра анча арзонга тушади ва қайта ишлаш жараёнида ҳавога ажралиб чиқадиган заҳарли газлар миқдори ниҳоятда кам.
Бугунги кунда аксарият давлатларда чиқиндига иккиламчи хомашё сифатида қараш шаклланган. Масалан, Германияда немис ёшларига болалигиданоқ атроф-муҳитга айрича эътибор сингдириб борилади, улар ўз саломатлигига қанчалик диққатли бўлса, атроф-муҳит тозалигига ҳам ўзини шунчалик жавобгар ҳис этади. Белгиланмаган жойга чиқинди ташланиши эса катта миқдордаги жаримага сабаб бўлиши мумкин. Бу мамлакатда атроф-муҳит тозалигини махсус одамлар – “чиқинди полицияси” ўз назоратига олган. Берлин шаҳрида эса ўсмирлар қаттиқ маиший чиқиндини йиғиш ва иккиламчи қайта ишлаш корхоналарига етказиш тадбирига жалб қилинган. Улар учун шаҳар маъмурияти томонидан мукофот ҳам жорий қилинган. Аҳоли эса ўз уйидан чиқиндихонага келтирилаётган чиқиндини турларга ажратиб, керакли идишга ташлашга одатлантирилган. Қоғоз, темир парчалари, электротехника анжомлари, елим идишлар бир-бирига аралашиб кетмаслиги керак. Нидерландияда бу ишни талаб даражасида бажарган шахсларга махсус коммунал хизматларда имтиёзлар яратилган. Барселона шаҳрида эса тез-тез маиший чиқиндини йиғиш ва турларга ажратиб, иккиламчи қайта ишлаш учун етказиш тадбирлари ташкил этилади. Бу тадбирда фаол иштирок этган болалар ширинликлар билан сийланади, катталарга эса коммунал хизматлардан фойдаланишда имтиёз берилади.
Мамлакатимизда ҳам маиший чиқинди масаласи эътиборда. Маълумотларга қараганда, ҳар куни Ўзбекистонда 13 тоннадан зиёд қаттиқ маиший чиқинди тўпланади. Унинг 14 фоизигина қайта ишланади ва бу соҳада республикада 137 та корхона фаолият юритади. Давлат даражасида аҳамият қаратилган бу масалани ижобий ҳал этиш мақсадида ҳукуматимизнинг махсус қонун ва қарорлари ҳам қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ҳамда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш, муносиб яшаш шароитларини яратиш, республикада санитария ва экологик вазиятни яхшилаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш мақсадида “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Мазкур қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлардаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ҳузурида “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Уларнинг асосий вазифаси эса маиший чиқиндини ташиш, иккиламчи қайта ишлашга жўнатишдан иборатдир.
Аммо юқорида таъкидлангани каби маиший чиқиндига тўғри муносабат ҳар бир фуқарода шаклланиши шарт. Шундагина маиший чиқиндидан самарали фойдаланиш, атроф-муҳит софлигини сақлаш учун қилинаётган ҳаракатлар ўз самарасини беради.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.