Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.03.2021


ДУНЁДА НЕЪМАТ ЙЎҚ ҲАЁТДАН АЗИЗ

Улуғ шоир Абдулла Ориповнинг бетакрор ижоди теран моҳияти ва ҳаётийлиги билан ўзбек адабиёти хазинасидан муносиб ўрин олган. Ижодкор ўзининг сермазмун, бадиий юксак савиядаги шеър ва достонлари, драматик ва публицистик асарларида она юрт ва халқимиз, азалий қадриятларимизни  беқиёс маҳорат билан тараннум этди.

Айниқса, умрининг сўнгги йилларида ёзган инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғловчи, ҳикматомуз, руҳий кечинмаларга бой, ҳар сатрида ҳаёт ҳақиқатлари гавдаланган шеърлари билан янада эътибор қозонди.

Умуман, Абдулла Орипов шеърияти буюк, буни шоир ижод намуналарини мутолаа қила турибоқ англайсиз. Моҳият-маъносига чуқурроқ кириб боргач эса истеъдодига тан берасиз, ҳайратингиз ошади. Унинг қуйида келтирилган шеърлари ила сизга ана шу ўзига хосликни ифода этмак истадик.  

 

ЎЗБЕКМАН

Янги бир асрнинг остонаси бу,

Етишдим умримнинг қутлуғ ёшига.

Тилимда шукрона, дилимда ғулу,

Тарих саркотибин келдим қошига:

 

  - Мана, мен - Ўзбекман, қўлимда туғим

  Ва барча аъмолим битилган китоб.

  Шунинг ичидадир борим ва йўғим,

  Шунинг ичидадир мен учун офтоб.

 

Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун

Тилим қисиқ эмас башариятдан.

Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун

Зувалам қорилган самимиятдан.

 

Ўзбекман, гоҳида иқболим кулиб,

Гоҳида ўзимдан чиққан офатим.

Дунёни олсам-да жаҳонгир бўлиб,

Гўдак йиғисига йўқдир тоқатим.

 

Ўзбекман, қанчалик жафо чекмайин,

Ўзимга ҳақ бўлдим, ўзимга ҳақман.

Яшадим ёвларга бўйин эгмайин,

Бу кун ўз эркига эришган халқман.

 

Истиқлол, кетма юрт пешонасидан,

Толе, тарк этмагин бизни илоҳим.

Мана, янги аср остонасидан

Ўтдим. Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм.

 

ИБОДАТ

Дарвозанг тагида пойлайди ажал,

Аччиқ дард босади кўкракларингни.

Кимлардир, кўзингни юмишдан аввал,

Тозалаб қўяди чўнтакларингни.

 

Дерлар, ўлимнинг ҳам қоидаси бор,

Икки газ ер учун жанжал, можаро.

Ақчани ким тўлар? Қайси азадор?

Энди гўрков билан бошланар савдо.

 

Ҳали тугамайди бу аччиқ қисмат,

Кимдир ном талашиб ақлдан озар.

Энг мудҳиш томони, ўтмай сал фурсат

Сени маҳв этганлар хотира ёзар.

 

Дунёда неъмат йўқ ҳаётдан азиз,

Сен унга бағишла ўлмас сатрингни.

Тирик пайтингдаки очирмади кўз,

Кимдан ҳам сўрардинг кейин қадрингни?

 

Яхшиси ўлмасдан яшамоқлик шарт,

Эмаклаб бўлса ҳам, ётиб бўлса ҳам.

Узун кечалари қилгум ибодат,

Оғирим тушмасин бировга, Эгам.

 

ОҚ ЙЎЛ

Сайроқи қушларнинг тинди навоси,

Анвойи гуллар ҳам сўнди боғимда.

Бу ғурбат кунларнинг борми адоси,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

 

Олис адирларда туманми, тутун,

Теграмни зулумот қопламиш бутун.

Мени ҳалок этар бу савдо бир кун,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

 

Ҳеч ким ҳасратимга қулоқ солмади,

Руҳимни бирор зот англай олмади,

Бунда қиладиган ишим қолмади,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

 

Қоғозим қорайди дилдаги зордан,

Бугун айри тушдим дўст ила ёрдан.

Фақат бир илинжим сен - Биру Бордан,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

 

Майли, самоларга мени элта қол,

Юмушинг бажарай қаддим эгиб дол.

Сенинг ҳузурингда йўқ ахир завол,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

 

Мана оқшом чўкди. Бўзармоқда ой,

Бошланур юлдузлар базми ҳойнаҳой.

Менга ҳам бахш этгил туморчалик жой,

Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.

Батафсил: “Qashqadaryo”нинг 2021 йил 16 март сонида.

Report typo