Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

23.04.2021


ДУНЁДАГИ ҲАММА НАРСА ҲИСОБ-КИТОБЛИ...

Сараланган сатрлар

Умар Хайёмни кўпчилик май мавзусидаги рубоийлари орқали яхши танийди. Эҳтимол сармаст давраларга ушбу шеърий мисраларнинг айни мос тушгани бунга сабабдир. Аммо мутахассислар Хайём рубоийларидаги шаробни рамз сифатида талқин қилишадики, бунда улар илоҳий ишқни кўришни исташади. Тан олиш керак, шеърлар орасида рамзга тортмайдиганлари ҳам талайгина. Нима бўлганда ҳам, чинакам мақсад борасида биз фақат баҳс эта оламиз, холос. "Калитнинг эгаси" бундан қарийб минг йил аввал бу ёруғ оламни тарк этган...

Умар Хайём ёшлигидаёқ Қуръони каримни тўла ёд олгани ҳақида ёзишади. Қолаверса, у салжуқийлар салтанатида илми нужум билан шуғулланиб, Исфаҳонда расадхона барпо этгани маълум. Эътибор берилса, бу даврда салжуқийлар энг кучли шахсларни ўз атрофида жамлашга ҳаракат қилгани ойдинлашади. Мисол учун, подшолар учун давлат бошқаруви ҳақида "Сиёсатнома" номли асар ёзган Низомулмулк гарчи ўзга мазҳабда эса-да, салжуқийлар бош вазири сифатида фаолият юргизган бўлса, айрим манбаларда "Ҳужжатул ислом" таърифи берилган Абу Ҳомид Ғаззолий дин қуввати учун салтанатга таклиф этилган. Бу ёқда эса математик, файласуф, астроном, шоир Умар Хайём... Бундай буюк зотлар боис давлат нақадар буюк бўлганини тасаввур этса бўлади.

Айтишларича, Умар Хайём яратган тақвим ҳозирги кунда бутун оламда фойдаланиладиган Григориан тақвимидан ҳам аниқроқ экан. Жумладан, амалдаги тақвим бўйича йилнинг ўртача давомийлиги 365,2425 кеча-кундузга тенг, яъни аниқ ҳисобдаги йил ҳисобига нисбатан бўлган фарқ 0,0003 кеча-кундузни ташкил этади. Демак, бунда ҳар 3333 йилда ортиқча бир кун келиб чиқади. Хайёмнинг тақвимида эса кабиса йиллар орқали 33 йил муддатли оддий ҳисоб яратилади. Унда бир йилнинг давомийлиги 365,2424 кеча-кундузга тенг бўлиб, бир кунлик фарқ ҳар 5 минг йилда пайдо бўлади.

Кўриниб турибдики, Умар Хайём кучли шахс, буюк алломалардан бири бўлган. Демакки, унинг шахсиятию илмий меросини бадиий адабиётда акс эттиришга қизиқиш ҳам юқори даражада бўлиши табиий. Шундай асарлар сирасига ёзувчи Наби Жалолиддиннинг "Хайём" романини киритиш мумкин. Ёдингизда бўлса, нашримизда Ёвдат Илёсовнинг Умар Хайём ҳақидаги "Илон авровчи" романи ҳақида мақола эълон қилгандик. Унда Хайёмнинг ёшлигидан бошлаб салжуқийлар салтанати инқирозигача бўлган даври гўзал услубда баён этилганди.

Наби Жалолиддин эса асосан Умар Хайёмнинг расадхонадаги фаолияти, ҳукмдор, бош вазир билан муносабатлари, ўша давр тарихий воқеаларига тўхталади. Тарихда Хайём билан Ғаззолийни ўзаро қарама-қарши қўйиш ҳоллари кўп учрайди (бири "майпараст", бири диний уламо сифатида кўрилгани учун балки). "Хайём" романида эса бунинг аксини - икки буюк даҳо қарашларидаги муштараклик ифода қилинади.

Яна бир жиҳати, муаллиф Хайёмни борича - бутун камчилик-ютуқлари билан кўрсатишга ҳаракат қилади, уни даҳо сифатида кўкка чиқариб қўймайди, хато ва гуноҳлардан холи бўлмаган оддий бандалик хусусиятларини қаламга олади.

Тарихий мавзудаги китобларга қизиқувчилар учун "Хайём" романи кўп фойда беришига ишонамиз. Гарчи китобдаги айрим саҳналар сунъий, чўзилиб кетгандек, ишонарсиздек туюлса-да, бу асосий мақсад рўёбига халал бермаган...

* * *

Хайём билади - сонлар башарият кашф этган энг буюк мўъжизадир. Балки оламнинг асосини ҳам шу ўнтагина рақам ташкил этар. Уларнинг куч-қудрати нечоғлик экани фақатгина Аллоҳга ва уларнинг сеҳру жодусини англаган зотларгагина аён. "Ҳар бир сон ёнидаги кичиги билан каттасининг йиғиндисининг ярмига тенг ҳамда ўзидан шундай тенг узоқликдаги сонлар йиғиндисининг ярмига тенг". Бу Ибн Синонинг Хайём учун ёд бўлиб кетган сўзлари эди. Масалан, "5" ни танласак, Хайём шу хаёл билан қоғозга "5" сонини ёзди. Унинг ёнидаги кичиги - "4", каттаси - "6", яъни 5=(4+6):2. Худди шунингдек, 5 дан 3 ва 7, 2 ва 8 ҳам тенг узоқликда жойлашган, яъни 5=(3+7):2... Бу эса дунёдаги ҳамма нарса ҳисоб-китобли, яъники Буюк Зотнинг ҳисоб-китобига тааллуқли эканлигини кўрсатмайдими? Рақамлар ҳам худди сўз каби сеҳрга эга.

* * *

Улуғ динимизда "Агар мўъжиза кўрсангизу, у иймондан бўлса, ростдан ҳам мўъжизадир ва у раҳмонийдир, мабодо мўъжиза кўрсатаётган зот иймонсиз бўлса, у шайтонийдир, яъни жинларнинг ҳунаридир", дейилган.

* * *

Бу кўҳна дунё шундай яралган. Унда иймон аҳлининг бирлашмоғи, якдил бўлмоғи азал-азалдан мушкул, жамики яхшиликпешалар якка-якка ҳолда изтироб оғушидалар. Ҳа, азали шундай. Аксинча, шайтони лаъин қавмидан бўлмиш иймонсиз кимсалар эса жуда-жуда осон эшлашадилар, бир лаҳзада бошлари бирикиб, тил ҳам топишиб оладилар.

* * *

Адоватнинг қўллари узун, тирноқлари ўткир, бир зум эҳтиётни унутсанг, вужудингни тилка-пора қилади. Унинг қошида тождорларнинг ҳайбату виқори ҳам ҳечдир.

* * *

Одам боласининг эрки, кўнгил ҳурлигига қанчалар дахл қилинса, у шунчалар зулмкор бўлар экан. Демак, инсон туйғуларини ҳадлашга саъй этмоқ ёвузликдир.

* * *

Икки ёндош чизиқлар ҳеч қачон бирлашмайдилар, илло эзгулик ва ёвузлик, зиёю жаҳолат ҳам айнан шундай. Лекин улар кўздан олислашиб боргани сари бир нуқтада туташгандай туюлиши мумкин, ёвуқлашиб борганда эса яна айро-айро қоладилар.

* * *

Инсон боласи соҳирлик ила жисмга таъсир эта олганда, борлиқ Эгасининг кучу қудратига таърифу тавсиф етармикан?

* * *

Гоҳо тўртта ҳадисни ёд олмаган, бир оятни тафсир этолмайдиган кимсалар ҳам китоб битмоққа тутинадилар, хаёлларига келган фикрларига ҳикмат тўнини кийдирмоқчи бўладилар. Шундай қилиб, ўшал чаламуллонинг китоби қайсидир бир омийнинг илкига тушадию, у ўзгалардан ақллироқ кўриниш илинжида уни ҳақиқат, дея талқин этади. Қарабсизки, кимнингдир алжираши ортидан бирон тариқат ва ёхуд, ҳатто шариат аҳкоми яралиб турибди-да.

* * *

Ал-Беруний ўзининг "Ҳиндистон" номли китобида битган сўзлар гўё унга маломат қилаётган янглиғ ёдига тушди: "Ҳукмдорлар қаршисида қўрқувга тушманг, уларга ҳақиқатни сўзланг. Ахир улар фақатгина жисмингизга ҳукм ўтказа оладилар, руҳингизга эса дахл этолмайдилар".

* * *

Қаранг, олам, коинот қанчалар мукаммал яратилган. Дунёвий илмларнинг соҳиблари ана шу мукаммалликни ўрганиб, унинг ҳажми, вазни, тезлиги ва бошқа ўлчовларининг аллақачонлар (азалдан) аниқ бўлмиш мукаммал ҳисоб-китобини ўзлари, яъники аҳли башар учун исботлайдилар, холос. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога эса бу эски кашфиётнинг тақи бир бора эътироф этилмоғининг минбаъд зарурияти йўқдир.

* * *

Хайём инсон умрини тушга қиёслайди. Одам тушида кўп нарсаларни кўради. Бироқ битта муҳим воқеагина ёдида қолади (бу кишининг шуури даражаси ва руҳий ҳамда жисмоний поклигига қараб яққол ёхуд хира тарзда рўй беради) ва ўшал воқеа эртанги куни учун башорат бўлиши ҳам мумкин. Ўшани эслаб қолса бас, сўнг эртанги куннинг мазмун-моҳиятини англайди. Инсон умри ҳам шу - унда муҳим бир лаҳза мавжудки, ўшани илғай олган зот ҳақиқатни англайди. Надоматким, бу ҳаммага ҳам насиб этавермайди, акс ҳолда...

* * *

О, инсон боласи, ўзингнинг ҳолингдан ошиб, бировларнинг кўнглини тафтиш этмоқдин қачон тийиласан-а!..

* * *

Ҳасад! Башарият бошига не-не шўришларни ёғдирган, улуғ режаларни саробга айлантириб, гўзал тадбирларни абас этган, буюк тафаккур соҳибларини сарсону саргардон, очу ночор қилиб, охир-оқибат жунунлар юртига фуқаро тутган, бир сўз ила айтганда, жамики ёвузликларга доя, эзгуликларга кушанда бўлган мана шу ҳасад отлиғ балои кабир эди.

* * *

Оламдаги энг оғир ва мушкул юмушлардан бири ҳам шу - тождорларга салтанатда рўй берган мудҳиш ҳодисотдан хабар бермоқ. Хабардор қилинмаса, тақи бир бало, айтилса, оқибати ноаён.

* * *

Тожу тахт мислсиз куч-қудрат ва ҳадсиз ихтиёру чексиз имконлар манбаи бўлса, авомлик - бу фақирлик, ночорлик ва маҳкумлик экан. Бу икки хилқат аро ҳеч қачон адолат чизиғи тортилмас - Хайём шуни англаб етди. Зеро ҳисобсиз мол-дунё ва ҳадсиз ихтиёрга эга бўлган одамдан, яъни бандадан адолат кутмоқлик шубҳали.

* * *

Эмишки, Искандари Румий Ажам мулкининг ҳукмдори Доро ибн Дорони енгиб, унинг мамлакатини ишғол этибди. Доро эса қочиб қолибди... Музаффар Искандарга дедилар:

- Доронинг ҳарамига бир кўз ташласанг бўларди. У ерда ой юзли, ҳури парийларга қиёс гўзаллар бор.

Искандар эса уларга жавобан шундай дебди:

- Мен уларнинг эрларини енгдим, зеро энди уларнинг хотинлари бизларни маҳв этишларини истамасмен.

Ҳа, тождорнинг ўз хотинининг ҳукумат юмушларига аралашувига изн бермоғи ўзига-ўзи қабр қазимоғи ила баробардир.

* * *

Одам табиати азалдан шундай - бир тушкунлик чоҳига рўбарў келдими, тамом, ўзини ўнглаб олмоғи мушкул. Бу ҳам бўлса балки шайтони лаъиннинг найранги чиқар.

* * *

Бу оламда ҳамма нарса фоний, мана шу фонийликни англаб етган одамгина улуғликка етишгай, мақоми юксалгай.

* * *

Ҳарки ҳукмдор агар халқидан оғса, уни унутади ва ҳаволаниб, шон-шуҳратга берилади. Мабодо бу ёруғ оламдан оғса, унинг фикри тораяди ва майда ташвишлар ила ўралашиб қолади.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo