1
Ўқитувчининг иш объекти - мактаб, субъекти - бола, иш жараёни мураккаб, дунё тилсимларини ўрганишга киришган бола қизиқишлари доираси чегара билмайди. Мана шу сарҳадга яхшилик уруғини экиш учун бу касб кишилари тинимсиз изланиши, муҳими, болажон бўлиши талаб этилади. Ноўрин қўйилган бир қадам Сизга нисбатан бола қарашини ўзгартириб юбориши мумкин. Ўрис биродарларимиз бежиз кичкинтой болаларни "почемучка" деб аташмайди. Бола тилидан отилган "нега", "нима учун"ларни қониқтириш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди.
Бир гал фарзандига бошланғичда сабоқ бераётган муаллиманинг қаттиққўллигидан шикоят қилиб келган ота-оналардан бирини ортиқча изоҳ бериб ўтирмасдан ўша синфдаги дарсни кузатишга бошлаб кирдим. Машғулот давомида ҳамроҳимнинг тез-тез ҳаяжонга тушиб ўтирганини кузатиб турдим. Ниҳоят, машғулот тугади. Уни иш хонамга таклиф этиб:
- Ҳозир ўқитувчини чақиртираман, шикоятингизни биргаликда муҳокама қиламиз, - дедим.
- Раҳмат домла, - деди у синфдаги ҳаяжонини бостира олмай. - У кишининг сабр-бардошига, болалар билан муомаласига қойил қолдим, ўрнига ўзимни қўйиб кўргандим, тасаввуримга сиғмади. Домлага менинг раҳматимни етказиб қўйинг...
2
Билмадим, онам айтганидан қолмадими ёки мен мактабга чиққанимда биринчини ўқитиш Салби домланинг чекига тушдими, хуллас, билимлар оламига саёҳатни у кишининг қўли остида бошладим. Онамнинг даккиси сабабми, бошда серҳаракат бу аёлни кўрганимдан вужудимни қўрқув эгаллар, тиззам қалтираб турарди. Синфдошларимдан кимдир адашиб муаллимага "она" деб мурожаат этди. Ботинимда бош кўтарган "ана энди оладиганини олади" деган ўй билан муаллимамга мўлтираб кўз тикдим. Лекин кутганим бўлмади, муаллиманинг жавоби юрагимдаги қўрқув ҳиссини тарқатиб юборди:
- Эшитаман, жоним болам...
Билсам, Салби малим нафақат тасаввуримдаги қўрқинчли одам эмас, балки қалби меҳрга лиммо-лим она ҳам экан.
Бошланғичда ўқиётганимда акаларим, опам:
- Устози аёл бўлса, бундан нима чиқарди, - деб қитиқ-патимга тегишарди.
Аммо гап-гурунгларидан англардимки биргина мен эмас, оиламиздаги мендан ёши катта тўрт ўғил, бир қизнинг ҳаммаси Салби момодан алифбо сабоқларини олишган экан.
Эсимда, муаллимамиз билиб-билмай ножўя ҳаракат қилиб қўйсак, бошқаларга қараганда аълочиларни қаттиқроқ тергарди. У киши билимдонларимизни ўзига хос тарзда рағбатлантириб, ишёқмаслик қилиб, дарсларга бўш тайёргарлик кўрганимизни гап билан изза қиларди. Муаллимамизнинг биргина дашномини эшитган ўқувчи эртасига тубдан ўзгарар, туни билан мижжа қоқмай чиқса ҳам дарсларга бурро-бурро жавоб берадиган бўлиб келарди ва домланинг таҳсинига сазовор бўларди:
- Мана, ўқиса бўларкан, илм дунёси ҳеч кимга панд бермаган, яхши ўқиган яхши яшайди, ахир алломаларимиз "Илм ўрган, илмда кўп сир, ёпиқ эшикларни очар бирма-бир", деб бежиз айтишмаган.
Мен синфнинг аълочиларидан эдим, ҳали ўтилмаган мавзуларни ҳам ўрганиб келиб, домлани ҳайратлантиришга уринардим.
- Бу мавзуни ўрганиб келганинг яхши, аммо шошилма, ҳаммасининг ўз ўрни бор, илм дунёсига сакраб-сакраб кирилмайди. У сирли эшикларини шошқалоққа эмас, тинимсиз ўрганган, изланган кишига очади, - дерди.
Бир гал нимадир бўлдию, навбатдаги дарсга бироз кечикиб кирдим. Тўғриси, кечикиш, муаллимамизнинг дилини оғритиш ниятим йўқ эди. Лекин синфдошларимдан бири танаффус чоғида мактабга унча узоқ бўлмаган уйига бирга бориб келишимни сўраганида, рад этолмадим. Биз уч киши эдик, ўқитувчимиз ҳар биримизни синчков нигоҳдан ўтказди, сўнгра қарашини менда жамлаб деди:
- Хўш, сенга нима бўлди, нега кечикиб қолдинг?
Пастга қараб нималарнидир минғирладим, баҳона ахтардим шекилли. Бошда меҳр билан гапирган ўқитувчимиз кўзларида ногоҳ қаҳр учқунларини илғадим, қўлидаги тол чивиқ билан юмшоқ жойимга туширди, гўё калтагида ҳам меҳр бордек эди:
- Бу ёлғон гапиришга уринганинг учун, бошингга қилич келса ҳам ўтрик сўзлама, бор, жойингга ўтир, бошқа такрорланмасин.
Ўшанда ўқитувчимдан бироз кўнглим қолган, "нега бошқаларни эмас, фақат мени..." деган савол ўрмалаганди ботинимда...
Бугун Салби момонинг бандаликни бажо келтирганига ўн йилдан ошаяпти. Аммо у киши билан боғлиқ ширин хотиралар ҳамон қишлоқ давраларида эскирмайди. Муаллимамнинг ҳаёт йўлидан англаганим - билим - бойлик экан, баҳоси йўқ бойлик, олинадиган ва бериладиган бойлик, унга ўзингдан ўзга ҳеч ким эгалик қилолмас, фақат амал қилинмаган, ўзгалардан қизғониладиган илм шамолга совурилган хасдек бўларкан…
3
У пайтлар ҳали мактаб ёшига етмагандим, аммо уйимиз шундайгина қишлоқдаги яккаю ягона билим маскани ҳовлисига туташиб кетгани боис токзор, дарахтзорлар орасида нима учундир кам ҳаракатланадиган ўнг билагига бел дастасини қистириб олганича тинимсиз куймаланиб юрадиган бу кишини деярли ҳар куни кўрардим. Баъзан бу одам отамга тиркашиб бизникига келар, шунда ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан ҳовлимиздаги токларга шакл берар, дарахтларни бутарди.
- Рўзи бобонгни таниб қўй, - дерди отам. - Насиб этиб мактабга борсанг сенга ҳам дарс беради.
Рости, мени бу тиниб-тинчимас одамнинг муаллимлиги эмас, ярадор қўли кўпроқ қизиқтирарди:
- Нега нон ейдиган қўли билагидан қайишиб туради, - қизиқсиниб сўрардим отамдан.
- Урушда фашистнинг ўқи теккан, - жавоб берарди отам...
Бошланғични тугатиб, тўртинчига ўтганимда Рўзи бобо бизнинг синфга дарс ўтадиган бўлди. Арифметикадан. Архимеднинг ҳаммомдаги "эврика"сию Ньютоннинг бошига тушган олма сабаб олам сирларини ўрганишда муҳим бўлган қонуният кашф этилганини ҳам тенгдошларим қатори у кишидан эшитганман.
Домла жуда талабчан эди. Бирор дақиқа бўлсин ҳаракатдан тўхтамас, бизни ҳам сабоқларини диққат билан тинглашга мажбур этарди. Йўқ, у кишининг бировга овозини кўтарганини, куч ишлатганини кўрмаганман. Фақат ўқувчига нисбатан талабчан эди. Ҳар қандай вазиятда бурро жавоб беришга тайёрларди. Айтайлик, ўз хаёлларингизга берилиб ўтирибсиз, домла беозоргина биқинингиздан чимчилайди:
- Қани, фалончибой, мисолнинг давомини сиз ечиб беринг...
Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари Помуқнинг узум, дарахт парваришланаётган хонадонлари бармоқ букиб санар даражада кам, устознинг ҳовлиси эса улар орасида энг кўрклиси эди. Баҳор ойлари бу ҳовлидаги лойсувоқ уйларнинг томини ёпган тут, узум, ўрик ва бошқа мевали дарахтлар шиғил ҳосилга ўтирарди.
Мени бу боғ-ҳовлидаги мева-чеваларга қараганда ҳам домланинг бурчакдаги иш хонаси кўпроқ қизиқтирарди. Боиси, бу хонада яхшигина кутубхона бўларди. Китобга ўчлигимни билган домла ундан бемалол фойдаланишимга рухсат берарди. Рангли чоп этилган қалингина "Ўзбек халқ эртаклари", "Гулливернинг саёҳатлари", "Барон Мюнхаузен" каби ўнлаб китобларни домланинг шахсий кутубхонасидан олиб ўқигандим.
Ҳалигача домлани ҳурмат билан эслайдиганларнинг сон-саноғи кўп. Энди билсам, Рўзи бобонинг боғлари биргина ўзи экиб, тагини юмшатган дарахтлар, боғлар эмас, кўп сонли шогирдлари ҳам экан...
Ўнинчи синфда ўқирдик, шекилли. Беш-олти синфдош бир соат бўш қолганимиздан фойдаланиб, қишлоғимизнинг Игначи маҳалласида яшовчи дўстимизнинг уйига бордик. Собир жўрамизникида чой ичгандан сўнг, болалик-да, чиллакка берилиб қолибмиз. Бир соатга кетган оғайнилар аранг сўнгги дарсга етиб келдик. Кимё ўқитувчимиз машғулотига кечикиб кирганимиз учун директорнинг хонасига етаклади. Тамаки дуди деворларигача сингиб кетган мўъжазгина хона тўрида ўтирган директор бизни кўриб:
- Қани, булар нима гуноҳ қилишди, битирувчи синф ўқувчилари-я, - деб ўрнидан турди.
Кўзлари одамга чуқур ботадиган фронтовик директордан нафақат биз, балки ўқитувчилар ҳам чўчиб туришини яхши билардик. Аслида Сафар домланинг бировга ёмонлиги йўқ, ўтган кунига шукрона қиладиган инсон эди. Бирон ҳаракатидан манфаат изламас, ҳатто гапи тенг келмаслигини яхши билган кезлари ҳам адолатпарварлиги туфайли ҳақиқатни каттаю кичикнинг бетига рўй-рост айтиб, панд еган вақтлари ҳам бўларди. Унинг мана шу ростгўйлиги бошқаларнинг ҳасад аралаш ундан тортинишига туртки берарди.
Домла ҳаммамизни бир-бир синчков нигоҳдан ўтказди. Унинг назари менга келганда бир муддат қотиб қолди:
- Сен, мактабимизнинг аълочиси бўлиб, нима қилиб юрибсан?
Тўғрисини тан олишга мажбур бўлдим:
- Чиллакка қизиқиб қолибмиз.
- Ростданам чиллак ўйнадингизларми, ким ютди?
Домланинг овозида соғинчми, нимадир содир бўлди, қаҳри бўшади:
- Майли боринглар, лекин муаллимларингизни ранжитманглар.
Ҳаммамиз елкамиздан оғир юк ағдарилгандай енгил нафас олиб директорнинг хонасидан чиқдик...
...Чори синфдошим ҳарбий хизматдан сўнг ўрис қизга уйланиб Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида яшаб қолганига қарийб қирқ йил бўлди. Онда-сонда келиб туради, тили ўша-ўша, бирон сўзда адашмайди. Мулоқот чоғида кимдир бирон бошқа тилдаги сўзни аралаштириб юборса, дакки беради. У қишлоққа келганида албатта мени суриштириб қолади, учрашиб, мактаб йилларини эслаймиз. Юқорида шундай гурунглардан бир чимдимини келтирдим.
- Ошна, мана сен мактаб раҳбарисан, менга бир нарсани айт, нега шундай муаллимлар камайиб бораяпти, - дейди у кўзлари ёшланиб.
- Улар зўраки эмас, туғма ўқитувчилар эди, - дейман тан бериб.
- Рост айтасан, - маъқуллайди собиқ синфдошим. - Ўқитувчилик учун туғилган деб шундай кишиларни атаса арзийди...
4
Кечки пайт, ҳовли саҳнидаги супада юлдузлар жимиридан илҳомланиб, ёзув клавишларини шиқирлатиб ўтирганимда қадрдон дўст ўрнидаги шогирдим - Ниёзмуҳаммад Панжиев қўнғироқ қилиб қолди:
- Устоз, байрам билан табриклаб қўяй дегандим.
- Ўзингни ҳам.
Ниёзмуҳаммад Жейновдаги 20-иқтидорли болалар мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Бинойигина ижодкор, шеър ва публицистик мақолалари тез-тез республика, вилоят матбуот нашрларида эълон қилиниб туради. Самарали меҳнатлари учун "Шуҳрат" медали билан тақдирланган.
- Биласизми, лицейимиз (мактаб бир вақтлар лицей мақомида фаолият кўрсатган) ташкил этилганида қишлоғимиздан биронта фан доктори у ёқда турсин, номзод ҳам етишиб чиқмаганди. Бугун собиқ битирувчиларимиздан тўрт нафари фан доктори, саккизи фан номзоди рутбасига эга. Чорак аср мобайнида 700 нафардан ортиқ битирувчимиз олийгоҳларга кириб, таҳсил олишди.
Энди Ниёзмуҳаммаднинг ҳаяжони менинг ҳам вужудимни қамраб олади, ўрнини топиб, мазкур муваффақиятларда унинг ҳам ҳиссаси борлигини қистириб ўтаман. Ахир, муаллимнинг бахти шогирдлар камоли билан-да...
Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида покистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси, тинчлик соҳасида Нобель мукофоти лауреати Малала Юсуфзайнинг қуйидаги иборасини ўқиб қолдим:
"Битта китоб, битта ручка, битта бола ва битта ўқитувчи дунёни ўзгартириши мумкин".
Нақадар ўринли қиёслаш. Аслида ҳар бир бола ўзига хос бир олам. Умри давомида битта болада ягона ижобий хислат уйғотишга эришган ўқитувчи ўзига хос бир дунёни ўзгартирган ҳисобланмайдими?!
Абдунаби АБДИЕВ