Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 январь, пайшанба. 2025 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

09.01.2025


Дуюлтепа остида хазина борми?

МаълумкиҚарши ва Шаҳрисабз воҳамизда пайдо бўлган илк шаҳарлар сифатида эътироф этиладиУларнинг атрофидаги ёдгорликлардан топилаётган турли қадимий ашёларҳунармандчилик буюмлари ҳақиқатда ҳам бу икки манзилнинг тарихи қарийб 3 минг йиллик даврни қамраб олишини қайта-қайта тасдиқламоқда.

 

Яккабоғ туманида ҳам Амир Темур ва ундан олдинги давр билан боғлиқ кўплаб тарихий тепаликлар аниқланган. Ана шундай тепаликлардан бири ҳозирги Янги ҳаёт маҳалласидаги Дуюл қишлоғида жойлашган Дуюлтепа ёдгорлигидир.

- Бу тепалик олдинлари баланд эди, атрофида пахта экилар, оналаримиз далада меҳнат қилар, биз болалар эса   тепалик устида ўйнаб вақт ўтказардик, - дейди шу қишлоқлик 72 ёшли Ойдин Саодатова. - Кейинчалик одамлар қурилиш қилиш мақсадида тепаликдан тупроқ олиб кета бошлади. Ўша кезларда болалар мунчоқ, кўза синиқлари, ғишт парчаларига ўхшаш нарсаларни топиб олишарди. Мен 9-синфда ўқиётган пайтимда кавлаб олинган жойни текислаб, оғилхона қурдик. Ўшанда бир каттагина хум чиқди. Ичига сув солиб қўйса, муздай турарди. Кейинчалик уни қишлоқнинг кайвонилари музейга берамиз, деб олиб кетишди.

Айни пайтда тепаликнинг бир қисми қолган, холос. Маҳаллий аҳоли тупроқ олинавериб, очилиб қолган ерларни ўзлаштирган ва текислаб, ҳовли-жой қуриб олган. Тепаликнинг шундоққина биқинида Норбуви Раҳимова фарзандлари, неваралари билан истиқомат қилади. Унинг айтишича бу ерни ҳовли-жой қилганига 40 йиллар бўлган. Онахоннинг уйида ҳам бир хум ерга кўмилган ҳолатида турибди.

- Тахминан йигирма йиллар бўлди, - дея эслайди онахон. - Бир йигит дарвозадан чақириб келди, чиқиб қарасам, икки кўзи тепаликда. Ёмғир ювиб, тупроғи кўчиб, учта катта хумнинг бир қисми кўриниб турибди. Қишлоқнинг оддий одамлари бўлсак, шошиб қолдик. Ўғилларим шартта кавлашга тушиб кетди, кейин кўрсак ичи бўш экан. Биздан олдингилар айтарди, бу ерларда олдинлари кулолларнинг кулбалари бўлган деб. Балки тўғридир. Уни энди олимлар аниқласин.

Дарвоқе, диққатимизни тортган ҳамда бизни бу қишлоққа етаклаган хушхабар айни шу тепаликдан топилиб, Зардуштийлик даврига алоқадор дея тахмин қилинаётган ва ўша давр одамларининг мафкуравий қарашларини ифода этадиган миттигина ҳайкалча ва чироқ бўлди. Чироқ тўртбурчак шаклда бўлиб, икки қаватдан иборат. Юқорисида олов ёқилган. Пастида эса тўрт томонида ҳам тешиклар қолдириб ясалган. Бир томонида эса ҳайкалча сиғадиган жойи бор.

- Биз бу топилма шамчироқ деган тўхтамга келиб турибмиз, - дейди 44-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси   Сирожиддин Сариқов. - Бу ҳайкалча ҳам бевосита шу шамчироқ билан боғлиқ. Ўша даврдаги аждодларимизнинг эътиқодини акс эттирган. Олов ёқилганига қараганда бу Зардўштийлик анъаналарини ифодалайди. Бу ҳайкалча эса Буддизмга алоқадор бўлиши мумкин. Бу топилмалар қишлоғимиз тарихидан сўзлашини, муҳим аҳамиятга эга бўлиши эҳтимоли борлигини ҳис этиб, мактаб қошида музей ташкил этдик. Айни пайтда қишлоқ фаоллари, ўқувчилар, ота-оналар ёрдамида музей фондини бойитиш ишларини давом эттирмоқдамиз.

Дуюл қишлоғи Шаҳрисабз ва Қарши шаҳарларини боғловчи автомобиль йўли ёқасида жойлашган. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки,   воҳанинг икки қадимий шаҳрини боғловчи карвон йўлининг аҳамиятли манзилларидан бири айнан шу ер бўлгандир, балки. Эҳтимол қишлоқда ҳунармандчилик билан шуғулланиш урфга айланиб, уларнинг савдо расталари, устахоналари узоқ йиллар фаолият юритган ва айнан дуюлтепа остида харобаларга айлангандир. Балки бу қишлоқда милоддан аввалги даврларнинг ҳам сир-синоатлари яшириниб ётгандир.

- Яккабоғ туманида 195 та археологик объект мавжуд, - дейди вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассиси Дилбар Турдимуродова. - Улардан бор йўғи 10 га яқинида ўрганиш ишлари олиб борилган, холос. Айни вақтгача тумандан топилаётган қадимий ашёлар Қарши ва Шаҳрисабз шаҳридаги музейларга жўнатилган.  Дуюлтепа ҳам ўрганилмай ётган ёдгорликлардан биридир. Бу ердан бир неча йиллар аввал Будданинг 20 сантиметрли ҳайкалчаси ҳам топилган эди ва у ҳозирда Қарши шаҳридаги музейда сақланмоқда. Шундан билиш мумкинки, бу ёдгорликнинг тарихи икки минг йилларга бориб тақалади. Қолаверса, бу ердан фақат кулолчилик буюмлари эмас, жангларда қўлланиладиган, симоб қуйиладиган мосламалар, ишлов берилиб, тўп шаклига келтирилган тошлар, ёғоч буюмлари, тегирмон тошлари топиляпти. Ушбу археологик манзилни илмий ўрганиш учун келажакда археологларни, талабаларни жалб этишни режалаштирганмиз.

Юртимизнинг ўрганилмай ётган ёдгорликлари бисёр. Дуюлтепа ҳам тарихшунос олимлар ва археологларнинг эътиборига тушиб, ўрганиш ишлари олиб борилса, қадим ўтмишимизнинг биз ҳали билмаган сир-синоатлари, тарихимизнинг янги манбалари очилишига сабаб бўлармиди, эҳтимол.

Баҳодир ҲАЛИМОВ

C.НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo