Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Байрам АЛИ

29.10.2019


ЭЪТИҚОД

 

Қатралар

Қизалоқ ҳамиша ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка тиришарди. Бир куни мактабда унга туҳмат қилишганида, энди ота-онаси ўзини ёмон кўриб қолишидан қўрқиб кетди. Йиғлади. Ота-онасига айбсиз эканини айтгиси, уларни жуда кўргиси келди...

Ахир қизалоқ уларни бирор марта кўрмаганди.

ОРЗУ

Болакайга дўстлари копток совға қилишди. Болакай туғма оёқсиз - ногирон эди...  

"САМИМИЯТ"

- Мени қанчалар дилдан севасан! - деди аёл, ошиғи совға қилаётган қимматбаҳо узукка ҳайрат билан тикилиб.

- Бўлмасам-чи, сен учун ҳар қандай машаққатга тайёрман! - жилмайди ошиғи ва ўғирланган узукни маҳбубасига тақиб қўйди.

Аёл узукдан кўз узолмасди.

БЕГОНАЛАР

- Совуқ едим.

- Қизингга итга қарашни тайинлаганмидинг?

- Худойим! Шу ёмғирда зиёфатингиз нимаси эди!

- Майли-майли... Бугун яхши таассурот қолдирсам ишларим юришади!!! Қизил костюмим савлатли кўрсатаётгандир-а?

- Айтганча, эртага синглимнинг туғилган куни. Буни унутмагандирсиз?

- Эртага жумами? Палакат! Саҳарлаб қишлоққа боришим керак!..

...Эр-хотин бир соёбон остида ҳўл йўлак бўйлаб кетиб боришарди.

ФАРЗАНДЛАР

Бобонинг уч ўғли гаплашиб келишарди: отасининг қишлоққа нафи кўп теккан - ҳамма томларни ўзи ёпган эди.

Бобонинг уч ўғли мақтаниб келишарди: отасининг давлатга ҳам нафи кўп теккан - уч ўғли уч мансабда!

Бобонинг уч ўғли мақташиб келишарди: отасидай мулойим одам йўқ - саксонга кириб бировнинг кўнглини оғритмабди...

Бобонинг уч ўғли... отасининг жанозасига уч кун кечикиб келаётганини ҳали билишмасди.

ҲАЁТИЙ АКСИОМА

Севишганлар бу ўзларининг сўнгги учрашуви эканини билишарди.

- Мендан нафратланаётган бўлсангиз керак? - деди қиз.

- Совчиларимни ўша қариндошингдан олдинроқ жўнатсам, бундай бўлмасди, айб ўзимда... - деди йигит.

- Мени кечиринг...

- Алвидо!

Улар ортига қарамасдан юриб кетишаркан, йигит ўзига "Ҳали ундан яхшироғини топиб оламан!" дея далда берарди. "У каби ажойиб инсон ортиқ ҳаётимда бўлмаса керак", йиғлаб борарди қиз...

Аслида ҳам шундай! Баъзан "ундан аълороғини топаман!" деймизу, унга ўхшашини тополмай умр бўйи азобланамиз. "Ундай инсон бошқа учрамаса керак", деймизу, тақдир бизга ундан-да ажойиброқ инсонни рўбарў қилади.

ЁНДОШЛИК

Сўри. Чол ва кампир. Ботаётган қуёш қизғиш шуъла сочади.

Хаёл оғушидаги чол лабини чойга куйдириб олди. Кулимсиди:

- Бу ўтиришимиз ажаб-да, кампир. Аввал икков эдик. Бир этак фарзандларимиз бўлди. Бир-биридан кам бўлмади - ўқиди, ўрнини топишди. Энди қизимиз қизли, ўғлимиз ўғилли...

- Кейин-чи, хўш? - чоли гапини ярмида тўхтатиб қўйганидан инжикди кампир.

- Кейинми... Кейин... Кейин яна икков қолдик. Бошда ҳам икков эдик, охир ҳам икков...

Кампир-да жилмайди. Сезди, чоли ўзидек фарзандларини соғинибди.

- Омон бўлишсин, шу ҳафта келиб қолишар, - деб қўйди оҳиста.

Чол, кампир ҳамда сўри. Уфққа сингиётган қуёшнинг сўниқ нурлари эса тобора хиралашиб борарди.

ТАБИБ ВА ТАҚДИР

- Нурман табибни гўдаклигиданоқ гиёҳлар билан тиллашган дейишарди, - деди тоғдаги йўлбошчимиз кекса чўпон. - Беморнинг томирини ушласа бас, дардини сезади, дейишарди. Тоғбегининг хотини рак бўлгандаям шу Нурман табиб даволаб тузатган-да! Қаерлардан касаллар излаб келмасди уйига, ибей-ибей...

Нафас ростлаш учун ғуж бўлиб ўсган юлғун тагига чўккаларканмиз, чўпоннинг шу ерлик табиб ҳақидаги ҳикояси бизни қизиқтириб қўйганди. Кекса чўпон қорнига эски чопондан "кийим" тикиб кийдирилган сув идишидан бир хўплади ва қўшиб қўйди:

- Бултур сариқ касалдан ўлди, бечора. Пайғамбар ёшида кетди, одамлар дарди билан яшаб ўзига эътиборсиз бўлди...

Ҳаммамиз ажабланиб бир-биримизга қараб олдик.

ЖАНОЗА

У ҳовлисидаги додлаётган аёлларга жавдираб қарарди. Бир бурчакда дирдираб турар, уввос солаётган қизига, девдай елкалари силкиниб-силкиниб йиғлаётган ўғлига ачиниб боқар, кўнгли вайрон бўларди. Ғамдан юзлари қорайиб кетган эрига қарашга юраги бетламасди ҳам. Келиннинг ҳушидан кетаётганига кўзи тушиб, ёнига талпинди, бироқ...

- "Бўлди болаларим, етар, Аллоҳнинг ҳукми ахир..." - пичирларди сўнг ўз чорасизлигидан ўкиниб. Афсус, она руҳини на биров кўрар, на эшитар эди...

ТУFИЛГАН КУН СОВFАСИ

- Оббо сиз-е, бюст денг?

- Бюст эмас, бу - сизнинг сиймойингиз, ўртоқ бошлиқ!

- Шундайми...

- Шундай, ўртоқ бошлиқ. Муборак сиймойингиз!

- Ўзингиз ясаган чиқарсиз?

- Энди... Ўзимиз бўлмасагам, ўзимиз ясагандай гап-да.

- Анчага тушгандир?

- Қўйинг-е, совғанинг ҳам нархи билан қизиқилар эканми.

- Нимадан экан?..

- Бронза, ҳақиқий бронза ўртоқ бошлиқ! Оиламиз номидан!

- Тузук... Ўзи шундан битта излаб юрувдим. Гўримга қўяман, деб!

...Изза бўлган хушомадгўй сўнарибгина хонадан чиқди. "Эси паст хотин, - сўкди совға танлашда маслаҳат берган хотинини. - Ҳамма қатори совға берсам ўлармидим!"

ҚИЗ БОЛАНИНГ ДИЛРОЗИ

 - Моможон, қўйсангиз-чи, Садаф менинг синглим-ку!

 - Қўшнимизнинг қизи!

- Аммо барибир синглимдай...

- Аммо барибир яхши кўрасан.

- Қийнаманг... Мен-ку, мен майли... Садафнинг ўзи нима деркан?.. Катта қиз бўлгандан бери бирор оғиз ҳам гапирмайди...

- Гапиради. Аслида ҳар куни сенга дилини ёради.

- Қа... Қа-чон?!.

- Қачон дейсанми? Ҳовлингдаги гулларга сув қуйган-да, келиб онангнинг юмушларига қарашганда, қаймоқ емаслигимни била туриб менга ҳар куни қаймоқ илинганда... Шулар бари сенга гапиргани, дилини ёргани-ку, болам.

- Моможон... Чин айтасизми?!..

Байрам АЛИ

Report typo