Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, жорий йил ёз ойларида тўрт навбатда сўлим масканларда жойлашган 19 та стационар болалар оромгоҳида 26 минг нафардан зиёд бола дам олдирилди. Шундан жамоа шартномалари ва келишувлар орқали кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оила фарзандлари ҳамда иқтидорли болалар бепул йўлланмалар билан таъминланди.
Шунингдек, Оролбўйи минтақаси - Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан 500 нафар иқтидорли ўғил-қиз "Лочин" болалар соғломлаштириш оромгоҳида бепул дам олдирилди.
Болаларнинг таътилни мазмунли ўтказиши учун музейлар, истироҳат боғлари, спорт объектларига саёҳатлар уюштирилди. Оромгоҳларда ташкил этилган мусиқа, тасвирий санъат, рақс, тўқиш, дизайн, волейбол, баскетбол, стол тенниси каби тўгараклар доим болажонлар билан гавжум бўлди.
Шунингдек, оромгоҳга жалб қилинмаган болалар учун Қарши шаҳри ва туманлар марказларидаги 135 та мактабда соғломлаштириш майдончалари ташкил этилди. Уларда ўқувчи ёшларнинг қизиқишларига қараб ижодий, касбий ва спорт тўгараклари ишлади. Бундан ташқари, вилоятимиздаги 16 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 15 та "Баркамол авлод" маркази, 15 та ахборот-ресурс маркази ва 18 та болалар мусиқа ва санъат мактабида ҳам машғулотлар узлуксиз ўтказиб борилди.
* * *
Шунингдек, жорий йилнинг 12-21 август кунлари Яккабоғ туманидаги "Ниҳол" оромгоҳида ички ишлар бўлимларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар учун тарбиявий ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳи фаолияти йўлга қўйилади.
Унда болаларнинг мазмунли дам олишлари учун маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирлари, табиат қўйнига саёҳатлар уюштирилиши, шу билан бирга, етук мутахассислар, хусусан, тажрибали психологлар иштирокида семинар ва амалий машғулотлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Соғлом турмуш тарзи малакаларини мустаҳкамлаш, малакали психологлар маслаҳатларини олиш ҳамда ўз тенгдошлари билан ўзаро фикр алмашиш учун 550 нафар бола жалб қилиниши кўзда тутилган. Бу йил еттинчи марта ўтказилаётган тадбир иштирокчилари учун ташкилотчилар томонидан барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
Қайд этиш жоиз, режага асосан тарбиявий ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳида ўтажак ҳар бир кун алоҳида номланиб, "Ҳуқуқий саводхонлик", "Маънавият", "Ватанпарварлик", "Табиатни асраш", "Инглиз тили", "Соғлом руҳият", "Касб-ҳунарга йўналтириш", "Баркамол авлод" куни сифатида тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросими 20 август куни бўлиб ўтади. Энг асосийси, суҳбатлар, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш тадбирларидаги иштирокига кўра, болаларнинг бир қисми профилактик ҳисобдан чиқарилади.
Ш.БОЗОРОВА, Н.ХЎЖАЕВ