Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда ёнғинларга сабаб бўлувчи омилларнинг сони ва тури жуда кўп. Хусусан, вилоятимиздаги ҳар бир хонадон электр энергияси тармоғига уланган, 112 минг хонадон табиий газ истеъмол қилмоқда, 545 минг хонадон эса суюлтирилган газ баллонларидан фойдаланмоқда. Шунингдек, кундалик ҳаётимизда бошқа турли ёнувчи воситалар билан муносабатда бўламиз. Бир сўз билан айтганда, ҳеч биримизнинг ҳеч бир кунимиз оловсиз ўтмайди. Бироқ олов ҳаётимиз учун қанчалик муҳим аҳамиятга эга бўлса, агар эҳтиёткорлик билан фойдаланмасак, оғир талафотларга ҳам олиб келади. Айрим фуқароларимизнинг ёнғин хавфсизлигига бефарқлиги, эътиборсизлиги оқибатида кўплаб салбий ҳолатлар содир бўлаётгани ҳам сир эмас.
Вилоят ИИБ ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғининг хизмат бўйича ўринбосари Шокарим Хўшназаровнинг маълумот беришича, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида вилоят ҳудудида 997 та ёнғин содир бўлган. Оқибатда 6 нафар фуқаро вафот этган, 55 нафар киши турли даражадаги тан жароҳати олган. Яна қанча мол-мулк нобуд бўлган. Ушбу ёнғинларнинг қарийб 80 фоизи аҳоли хонадонларида юз берган.
Мисол учун, Косон туманининг Пудина қишлоғида яшовчи фуқаро А.Сулаймонова уй ичида ўрнатилган печни аланга олдириш мақсадида унинг устига нефть маҳсулоти (конденсат) сепган. Натижада кучли ёнғин чиқиб, уйнинг бир қисми ёниб кетган, хонадон соҳибаси эса оғир даражадаги куйиш жароҳати билан туман шифохонасига келтирилган. Шу туманнинг Юқори Оброн маҳалласида содир бўлган ёнғинга эса табиий газ тармоғига резина шланг орқали уланиш сабаб бўлган. Натижада уй ичи газ ва ҳаво аралашмаси билан тўлиб, ёнғин юз берган. Хонада бўлган уч нафар фуқаро оғир тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.
Кўринадики, аксарият ёнғинлар бефарқлик, эътиборсизлик, болаларни қаровсиз қолдириш, техник воситалардан нотўғри фойдаланиш, табиий газ ёки электр тармоғига уланишда мавжуд қоидаларга риоя этмаслик оқибатида юз бермоқда. Демак, фуқароларимизнинг бу борадаги масъулиятини, кўникмасини янада ошириш лозим.
Тадбирда ёнғин хавфсизлиги бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, хусусан, соҳа ходимларининг оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қилинаётган тарғибот чиқишларининг таъсирчанлигини ошириш, соҳага оид маълумотларнинг шаффофлиги ва журналистларнинг ахборот олиш тезлигини таъминлаш каби қатор масалалар муҳокама этилди.
Ж.БОЙМУРОДОВ