Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

06.11.2020


ЭЪЗОЗ ВА ЭҲТИРОМГА ЛОЙИҚ ФИДОЙИЛАР

8 ноябрь - Тиббиёт ходимлари куни

Инсон ўзини қачон бахтиёр санаши мумкин? Машаққатли меҳнатлари натижасида кўзлаган мақсадига эришганидами, ё фарзандлар камолини кўрганда?! Албатта, булар ҳам катта ютуқ, бахт. Аммо саломатлик деган улуғ неъмат ҳам борки, кўп одам кўп-да бунга эътибор қилмайди. Аслида тани соғ одамнинг ўтаётган ҳар куни бахтга тўла. Боиси, танда соғлик бўлмаса, кўзланган мақсадга эришиш ҳам қийин кечади, ютуқ ва юқори натижалар-да у қадар татимайди.

Шундай экан, инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта масъулиятли касбни зиммасига олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносибдир, десак асло муболаға эмас.

Маълумки, 2006 йил 12 сентябрдаги қонунга асосан ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни сифатида нишонланади. Эътиборлиси, мамлакатимизда барча соҳалар каби соғлиқни сақлаш тизимида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимига жорий йил давлат бюджетидан жами 14,8 триллион сўм маблағ ажратилган. Давлат бюджетидан ажратилган маблағ 2020 йилда ўтган йилга нисбатан 1,2 баробар, 2018 йилга нисбатан 1,6 баробар ўсди. Бу соғлиқни сақлаш соҳасига умумий давлат бюджети харажатларининг 12,2 фоизи ва ялпи ички маҳсулотнинг 2,3 фоизи сарфланганини билдиради. Шунингдек, инвестиция дастурига мувофиқ соғлиқни сақлаш объектларида қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш харажатларига 2,04 триллион сўм ажратилган.

 Яқинда 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокамасига бағишланган йиғилишда келгуси йилда соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм ажратилиши режалаштирилаётгани қайд этилди.

Ҳеч кимга сир эмас, 2020 йил бутун инсоният учун синовли йил бўлмоқда. Дунёни хавотирга солиб турган коронавирус пандемияси, афсуски, мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бу борада биринчи навбатда, мардона меҳнати, билим ва тажрибаси, ибратли фазилатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиб, аҳоли саломатлигини асрашда, айниқса, коронавирус инфекциясига қарши курашда жонбозлик кўрсатиб келаётган минг-минглаб тиббиёт ходимлари хизматини эътироф этмоқ даркор.

Халқимизнинг фаровон турмуш кечириши, уларни рози қилиш йўлидаги мислсиз саъй-ҳаракатларда тиббиёт ходимларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги барчамизни қувонтиради.

Report typo