Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 апрел, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • "ҲЕЧ ИШДА ТАНГЛИК (АДОЛАТСИЗЛИК) ҚИЛМАДИМ, ТОКИ ТАНГРИ ТАОЛОНИНГ ҒАЗАБИГА ДУЧОР БЎЛМАЙИН"

НАСРИДДИН

06.04.2023


"ҲЕЧ ИШДА ТАНГЛИК (АДОЛАТСИЗЛИК) ҚИЛМАДИМ, ТОКИ ТАНГРИ ТАОЛОНИНГ ҒАЗАБИГА ДУЧОР БЎЛМАЙИН"

Сараланган сатрлар

Соҳибқирон Амир Темур сиймоси, жаҳонгирлик қобилияти, бошқарув истеъдоди, бунёдкор шахс сифатида тарихда тутган ўрни ҳақида кўплаб тадқиқотлар қилинган ва бу жараён узлуксиз давом этаверади. Сабаби, Амир Темур даҳоси шунчалик кенг қамровлики, турли давр, турфа макон ва замонларда муносиб эътирофини топиб келмоқда.

Пиримқул Қодиров "Юлдузли тунлар", "Авлодлар довони" романлари орқали Бобур ва Бобурийлар даври билимдони сифатида яхши таниш. Ёзувчининг "Амир Темур сиймоси" номли илмий бадиаси ҳам борки, ушбу китобни ўқиган киши Соҳибқирон ҳақида жуда кўп қизиқарли маълумотларга эга бўлади.

*  *  *

Амир Темур 1366 йилда Қарши қалъасини қўриқлаб ётган беш минг кишилик ёв қўшинига қарши 243 нафар ботир йигити билан ҳужум уюштириб, мислсиз зўр жасорати туфайли ғалабага эришади. Бобур Мирзо 1500 йилда бобокалонининг шу жасоратидан ибрат олади. "Бобурнома"да ёзилишича, у ҳам 240 нафар довюрак йигитлари билан тунда Самарқанд қалъасига ҳужум қилиб, Шайбонийхоннинг шаҳарни эгаллаб ётган катта қўшинини мағлуб этади ва пойтахтдан қувиб юборади.

*  *  *

Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини "Тўрғай" деб ёзиш ҳоллари учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Тўрғай - кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи "нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин" деган маъноларни билдиради. Тарихдан маълумки, бу тилак ижобат бўлади. Шунинг учун Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка даставвал Тарағай деб исм қўйган эди.

*  *  *

Амир Темурнинг кўп китоб ўқиганлиги ва энг яхши шеърий байтларни ўрни келганда ёддан айтиб суҳбатдошларини қойил қилганлиги ҳақида ҳазрат Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис" асарида шундай фикр билдиради:

"Темур Кўрагон - агарчи назм айтмоққа илтифот қилмайдурлар, аммо назм ва насрни андоқ хўб маҳал ва мавқеъда ўқибдурларким, анингдек бир байт ўқиғони минг яхши байт  айтқонича бор".

*  *  *

Темурбекнинг ёшлик ва йигитлик даврида эгаллаган чуқур илму маърифати ота-боболаридан ирсий мерос бўлиб ўтган баҳодирлик ва саркардалик истеъдодига қўшилиб, унинг 24 ёшдаёқ тарих саҳнасига қаҳрамон сифатида чиқишига имкон беради. Бу ёшга етгунча у моҳир чавандоз, камондан отган ўқи нишонга бехато тегадиган мерган, ҳам ўнг, ҳам чап қўл билан бирдай маҳорат билан қилич чопадиган ботир жангчи бўлиб етишади. Унинг энг яхши зотдор отларни бехато аниқлайдиган ва танлаб минадиган синчилик истеъдоди ҳам мана шу ёшда унга шуҳрат келтира бошлайди.

*  *  *

Қорақум саҳросида бўлган жанг пайтида Темурбек суюкли умр йўлдоши Ўлжой Туркон оғани сувсиз бир саёз қудуққа яшириб қўйиб ҳимоя қилган экан. Жангдан кейин отлар кам қолган пайтда Темурбек рафиқасини ўз отига мингаштириб жанубга - қадимги Марв томонларга йўл олади. Мохон шаҳри яқинида уларни Алибек Жонқурбоний деган бир ҳоким ўз    навкарларига тутдириб, бургахона бўлган уйга қамаб қўяди.

Амир Темур бундай адолатсизликка кўникиб бўйин эгадиган одамлардан эмас эди.

"Тутқунликдан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим, - дейилади Тузукларда, - Тангрининг инояти етиб, баҳодирлигим тутди. Бор кучим ва чапдастлигимни ишга солиб, соқчилардан бирининг қўлидаги қиличини тортиб олдим. Соқчиларга ҳамла қилган эдим, бариси қўрқиб қочди.

Қилич кўтарганча тўғри Алибекнинг устига бостириб бордим. Қилич тутганимни кўриб қўрқди. Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради".

*  *  *

Жаҳон тарихидан маълумки, ҳар қандай халқ озодлик ҳаракати жараёнида чинакам фидойи ва мард курашчилар сафига ғаразли мақсадларни кўзлайдиган сўзи бошқа, иши бошқа қаллоб одамлар ҳам суқулиб кириб олади. Дастлабки икки йиллик жангу жадаллар тажрибасидан шуни яхши пайқаган Темурбек такдири ҳал бўладиган масъулиятли дамларда кимга ишониш ва кимдан ёрдам сўраш масаласига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашади. Вахш дарёси бўйида, Пули Сангин атрофларида бўлган жангларда Темурбекнинг қайноғаси Амир Ҳусайн ўзининг беш минг кишилик лашкари билан иштирок этиши мумкин эди. Лекин Амир Ҳусайннинг феълида ҳасад ва обрўпарастлик одатлари борлигини биладиган Темурбек унга мутеъ бўлиб қолишни истамайди.

*  *  *

Амир Темур қурдирган Самарқанд қалъаси ҳеч қандай душман куч билан ололмайдиган берк ва мустаҳкам қўрғон бўлганини Бобур Мирзо орадан 128 йил ўтгандан сўнг "Бобурнома"нинг 1498 йилги воқеаларида шундай таърифлайди: "Ҳеч қандай ёғий қаҳр ва ғалаба била мунча даст топмағон учун Самарқандни "балдаи маҳфуза" дерлар... Қўрғоннинг фасли устидан буюрдимким, қадам урдилар. Ўн минг олти юз қадам чиқди".

Қўрғоннинг фасли деганда - қўрғон деворининг қалинлиги туфайли унинг тепасидан икки киши бемалол юриб ўтиши назарда тутилади.

*  *  *

Улкан дарёлар аввал ўз ўзанларини обиҳаётга тўлдирадилар. Шундан кейин чашмалар ва ирмоқлар сувини шу ўзанга йиғиб, туганмас куч-қудрат билан узоқ ўлкалар ва мамлакатларга оқиб борадилар. Шунга ўхшаб, Амир Темур аввал ўзи туғилиб ўсган диёрни озод ва обод қилиб куч-қудратга тўлдирди-да, кейин жаҳон кенгликларига чиқа бошлади.

*  *  *

Амир Темур чин диёнат соҳиби бўлганлиги учун доим ўзини яратганнинг олдида масъул сезади, қанчалик довюрак инсон бўлмасин, худонинг ғазабидан қўрқади. Бу ҳақда "Темур тузуклари"да шундай дейди: "Ҳеч ишда танглик (адолатсизлик) қилмадим, токи тангри таолонинг ғазабига дучор бўлмайин".

*  *  *

Чингизхон ўз навкарларига маош тўламаган. Тарихчи Жувайнийнинг қуйидаги сўзлари А.Якубовский томонидан бу фикрга далил қилиб келтирилган: "Чингизхон ясасига биноан ҳарбий юриш пайтида навкарлар ярим оч аҳволда бўларди, чунки Чингизхоннинг айтишича, "қорни тўқ този яхши ов қилмайди, қорни оч бўлса жон-жаҳди билан ўлжаға ташланади". Маош билан қорни тўйган навкар ҳам яхши жанг қилмайди.

Ўз навкарларини овчи итларга ўхшатган Чингизхон уларни фақат талончилик ҳисобига яшашга, урушда олинган ўлжалар билан бойишга ўргатар эди.

Амир Темур билан Чингизхоннинг бу борада тутган йўллари бир-бирига бутунлай қарама-қарши бўлганини шунда кўрамизки, Амир Темур ўз аскарларини овчи итлар эмас, ўзи каби инсон фарзандлари деб биларди.

*  *  *

Чингизийларнинг ишончли тарихчиси бўлган Рашидиддиннинг "Жоме ут-таворих" китобида келтирилган маълумотларга қараганда, Чингизхон томонидан қатлиом қилинган шаҳарлар қаторига Ўтрор, Бинокент, Ҳирот, Нишопур, Марв, Тус, Рей, Мароға, Ардабил, Нахчеван, Байлақанлар ҳам кирган. Қатлиом қоидасига биноан ўлимга ҳукм қилинганлар қалъалардан    ташқарига ҳайдаб чиқилган ва ҳар бир мўғул жангчисига беш-ўнтадан бўлиб берилган. Мўғул жангчилари уларни тиз чўктириб, эгри қилич билан бирма-бир бошларини кесиб ташлаган.

Ҳиротдай катта шаҳарда қатлиомдан бир неча кун кейин тирик жон қолдимикан деб, мўғул нўёни махсус текшириш ўтказса, ярим миллионлик аҳолидан фақат 16 нафаргина одам тирик қолган экан.

*  *  *

Амир Темур Хоразмга қилган тўртинчи юриши пайтида доимгидай Юсуф Сўфи билан яхшиликча сулҳ тузмоқчи бўлади. Юсуф Сўфи жуда баланддан келиб, Амир Темурни яккама-якка жанг қилишга даъват этади. Амир Темур бу даъватни қабул қилиб, майдонга ёлғиз ўзи чиқади. Аммо Юсуф Сўфи ундан қўрқиб қалъадан чиқмай шарманда бўлади.

*  *  *

Апрель ойида ҳам Дашти Қипчокда совуқ кучли бўлар, қўшиннинг гўшт захиралари тугаб, фақат талқон ва аталага кунлари қолганида тўрт томони очиқ яйдоқ даштнинг суякларни ҳам зирқиратадиган совуқ изғиринларига бардош бериш бениҳоя қийин эди.

Шунда Амир Темур барча қўшин саркардаларини машваратга чақириб, мисли кўрилмаган улкан бир ов уюштиришни буюрди. Унинг кўрсатмаси билан тўрт томонининг ҳар бири олтмиш фарсаҳдан, яъни 180 чақиримдан масофани қамраб олган, жами кенглиги 720 чақирим бўлган ов қамарғаси ("қамаш" сўзидан) ташкил қилинди. Қамарғанинг бир четидан иккинчи четигача бўлган масофа Тошкент билан Жиззах орасидаги масофача келарди. Шундай бўлса ҳам, тиғиз сафлар билан ўралган қамарға аста-секин кичрайиб борди. Вақт ўтган сари қамарға ичида минглаб оқ сайгаклар, гўзал жайрон кийиклар, бўрилар ва бошқа хил ов ўлжалари тўплангани кўзга ташланди. Қуролли жангчилар қамарға ичига кириб барча жониворларни отиб олдилар. Шу тарзда бутун лашкарнинг бир ойлик гўшт захираси ҳозирланди.

*  *  *

Амир Темур ватанига 1396 йилда олтмиш ёшга кирганда жуда катта бойликлар билан қайтиб келди. Уни бутун Турон халқи зўр қувонч билан кутиб олди. Шу муносабат билан Люсьен  Кэрэн шарқона чиройли бир иборани ишлатиб ёзадики: "Амир Темур ўз фуқароларининг фаровонлиги учун жон куйдирадиган чинакам халқ отасига айланди ва Туроннинг барча фуқароларини уч йил давомида барча солиқлардан озод қилди".

*  *  *

Юлий Цезарь подшолик мақомини олгандан кейин ҳам кўчаларда қўриқчисиз юради. Унинг мана шу эҳтиётсизлигидан фойдаланган душманлари уни қасддан ўлдирадилар. У 56 ёшида ҳаётдан кўз юмади. Кутилмаган фожиавий ўлим унга ишончли ворислар тайёрлаш имкониятини бермайди. У ҳам Искандар Макдуний каби ўз сулоласини яратишга улгурмай вафот этади.

Улардан фарқли ўлароқ Амир    Темур узоқ умр кўради. У Йилдирим Боязид устидан оламшумул ғалабага эришганда олтмиш етти ёшга кирган эди. Бу даврда унинг кенжа ўғли Шоҳрух Хуросон ҳукуматини бошқарар, невараси Мирзо Умар Озарбайжондан Ироққача бўлган ҳудудларда ҳукмронлик қилар, Пирмуҳаммад Мирзога Афғонистон ва шимолий Ҳиндистонни идора этиш топширилган эди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo