Мутолаа учун тавсия
Машҳур инглиз адибаси Жейн Остин (1775-1817)нинг "Андиша ва ғурур", "Ақл ва ҳиссиёт", "Ишонч" каби асарлари китобхонлар томонидан севиб мутолаа қилинади. Адибанинг ўзи ҳаётда турмуш қурмай ўтганлиги сабабли, унинг армонли муҳаббати ҳақида кўплаб афсоналар тўқилган ва асарлар ёзилган. Жейн Остин ўз армонларини қаҳрамонларига раво кўрмаганлиги учун аксарият асарлари севги ва муҳаббат, висол ва бахт тантанаси билан якунланган. Адиба ўзи мансуб жамиятни қисқа ва содда тарзда, киноя ва пичинг билан тасвирлаб берган. Айрим асарлари асосида кинофильмлар яратилган.
"Андиша ва ғурур" асарида қишлоқ дворянининг қизи Элизабет Беннит ҳамда бой ва мағрур помешчикнинг ўғли Фицуилбям Дарси ўртасидаги саргузаштлар ҳикоя қилинади. Инсонлар ўртасидаги моддий ва маънавий тафовутлар улар ўртасидаги муносабатга таъсир этиши кўрсатиб берилган. Адиба Элизабет ва Дарси ўртасидаги муносабатларни ўта одоб-назокат билан тараннум этади. Назаримда Жейн Остин аёл қалби, умид ва кечинмаларини сокин ва маҳзун тарзда куйлаганга ўхшайди.
Асар эр-хотин Беннитларнинг қизларига муносиб куёв топиш борасидаги суҳбати билан бошланади. Улар қизини бахтли қилиш учун ҳар нарсага тайёр юрадилар. Элизабет эса ота-онасининг ғаройиб ишларидан хижолат чекади. Уларнинг оиласи Дарсиларга нисбатан камбағалроқ яшаши туфайли Дарси Элизабетни ўзига муносиб ҳисобламайди. Асар бошида Дарси қизга эътиборсиз қараган бўлса-да, Элизабетдаги самимийлик ва ўз қадрини билиш фикрини ўзгартира боради. Элизабет ҳам Дарсини паст назар билан қарашда гумон қилиб, ўзини ундан олиб қочишга ҳаракат қилади.
Улар ўртасидаги муносабатни айримлар қўллаб-қувватласа, бошқалари қарши туришади. Шубҳа ва гумонлар ичида юрган Элизабет Дарсининг биринчи мартадаги севги изҳорини рад этади. Элизабетдаги камтаринлик билан бирга, ўз ғурурини қадрлай олиш хусусияти Дарсининг у ҳақдаги фикрлари ўзгаришига сабаб бўлади. Дарси ўзининг хатти-ҳаракатлари ва фикру сўзлари билан Элизабетнинг ишончини қозонади. Ўзаро ишонч уларнинг кўп қийинчиликларни бирга енгиб ўтишига сабаб бўлади. Дарсидаги ғурур ва Элизабетдаги андиша ўртадаги муҳаббатга тўсиқ бўлолмайди. Асар сўнгида улар бир-бирининг муҳаббатига сазовор бўлади.
"Андиша ва ғурур" романида шундай фикрлар учрайди: "Маънавий бой инсонлар бойлиги ва амали учун таъзим қиладиганлардан нафратланадилар", "Ундан нафратланишга қарор қилганинг, ёқимли одам бўлса, бу энг катта бахтсизлик бўлиши мумкин", "Фарзандларини бахтли қила олмаган одамдек бахтсиз инсон бўлмаса керак", "Аёллар ҳайрат билан қарашингга катта эътибор берадилар", "Дунёни қанчалик кўп кузатсам, менга шунчалик ёқмай кетаяпти".
Ёзувчи Патрик Зюскинд (1948 йилда туғилган) қаламига мансуб "Парфюмер. Бир қотил тарихи" романи жуда кўп тилларга таржима қилинган (ўзбек тилида "Ифор" номи билан яқинда нашрдан чиқди). Ушбу асар муҳаббат атирини яратишга эришиш учун кўплаб қотилликлар содир қилган Жан-Батист Гренуй қилмишлари ҳақида ҳикоя қилади.
Роман Гренуйнинг туғилиш воқеаси билан бошланади. Онаси Гренуйни ўлдиришга ҳаракат қилганликда айбланиб қатл этилади. Ҳамшира ҳам "унга иблис жойлашиб олган" деган важ билан гўдакни тарбиялашдан бош тортади. Гренуй Мадам Гайярнинг болалар уйида яшайди. Унда ҳидларни ажрата олиш қобилияти кучли бўлиб, бир куни хушбўй ёш қиз ҳидидан маст бўлиб, унинг умрига зомин бўлади. Виждонан қийналиш ва пушаймонлик ўрнига сармаст бўлиб юради. Гренуй Бальдини исмли атир тайёрловчиникига келиб, унинг лабораториясида тайёрланган атирни ҳеч бир қийинчиликсиз такроран тайёрлайди. Бальдини Гренуйни шогирдликка олади.
Гренуй Бальдинидан хушбўй ҳидли атир тайёрлаш сирларини ўрганса-да, янада хушбўй ҳидлар топиш учун бошқа шаҳарларни кезади. Мадам Арнульфи исмли парфюмернинг бевасидан ҳам атир тайёрлаш борасида кўп сирлар ўрганади. Боғда ўйнаб юрган ёш қиз Рауда Ришининг хушбўй ҳидини сезиб, бир умр шу ҳидни орзу қилганини ҳис қилади. Лауранинг отаси хавфни сезиб, қизини бошқа жойга олиб кетиб қолади. Гренуй кўплаб қотилликлар содир қилиб, гўзал аёлларнинг териси ва соч толасидан атирлар тайёрлайди.
Асар давомида Гренуй Лаурани ҳиди орқали излаб топиб, ҳаётига қасд қилади ва хушбўй ҳидини олиб кетади. У дунёдаги энг мукаммал атирни тайёрлаганда ушланиб, қатлга ҳукм қилинади. Гренуй ўзи яратган атирдан ўзига сепгач одамлар эс-ҳушини йўқотиб, қотилни унутадилар. Унинг ўрнига бегуноҳ одам қатл этилади. Гренуй Парижга қайтгач, гулхан атрофида ўтирган қароқчиларга дуч келади. Атир ҳидидан маст бўлган ўғрилар Гренуйни азоблаб ўлдирадилар.
Бош қаҳрамон Гренуй нега қотилликлар содир этди? Адиб ўқувчиларга нима демоқчи? Инсон ўз мақсадларига эришиш учун шундай ваҳшийликлар қилишга қодирми? Гренуй ваҳший инсон бўлиб етишишининг сабаблари қаерда? Китобни ўқиш вақтида кўплаб саволларга дуч келасиз. Асарда шундай фикрлар учрайди: "Бахтсиз кишининг бахтсизликлари уйида тинч ўтиришни хоҳламаганидан келиб чиқади", "Меҳр кўрмай ўсди ва ҳеч кимга меҳрли бўлолмай ўлиб кетди", "Душманингизнинг мақсадидан бохабар бўлсангиз, албатта ғалаба қозонасиз", "Ҳеч ким томонидан севимли бўлмаган инсон ҳаммага нафрат кўзи билан қарайди".
Инсоният тарихига назар ташласак, буюк инсонларнинг шундай маърузаларига дуч келамизки, бу қисқа матнларда катта-катта романларга сиғмайдиган улкан ғоялар, фикрлар ва таклифларни учратамиз. Ана шундай маърузалардан бири 1940-1945, 1951-1955 йилларда Буюк Британия бош вазири бўлган Уинстон Черчилль (1874-1965)нинг 1946 йил 5 мартдаги "Фултон нутқи"дир. У "Уруш дарёси", "Малакаланд майдонидаги зўравонлик ҳикояси" каби асарлар ҳам ёзган. Айримлар Черчилль "Фултон нутқи" билан "совуқ уруш"ларни бошлаб берган, деб ҳисоблашади.
Уинстон Черчилль ўзининг "Фултон нутқи"да қуйидаги муҳим масалалар борасида тўхталган. "Ҳаётда кўп яхши-ёмон кунларни кўрдим. Шу боис мен ҳаётий тажрибамга таяниб жанг майдонларида тўлиқ ғалабага эришганимиздан сўнг дарҳол бизни қуршаб олган муаммолар ҳақида фикр юритишга ҳамда инсониятнинг келажакдаги шон-шарафи ва хавфсизлиги учун шунча қурбонлар ва азоб-уқубатлар эвазига қўлга киритилган нарсанинг сақланиб қолишини таъминлашга бор кучим билан уринишга ҳақлиман деб ҳисоблайман.
Фикрлашдан тўхтамаслик, қунт-матонат билан мақсадга интилиш ва ҳар қандай масаланинг жуда осон ечимини топа олиш худди уруш вақтида бўлгани каби тинчлик вақтида ҳам инглиззабон мамлакатларга хос хусусиятлар бўлиши керак. Меҳнат қилиб, турмуш қийинчиликларини енгиб оила боқадиган киши бошига уруш балоси соя солганда ҳар қандай оила чекадиган оғир изтироб барчага маълум.
Бу ерда, шундай сокин кунда қаршингизда турарканман, реал ҳаётда миллионлаб одамлар қандай яшаётганини ва бутун Ер юзига очарчилик балоси ёпирилса, уларга нима бўлишини ўйлаганимда мени қалтироқ босади. Ҳеч ким "инсон чеккан беҳад азоб-уқубатлар"нинг ҳисобига ета олмайди. Бизнинг асосий вазифамиз ва бурчимиз - оддий одамларнинг оилаларини яна бир урушнинг даҳшатлари ва мусибатларидан асрашдир.
Миллатлар лигасидан фарқли равишда АҚШ ва бошқа давлатлар ҳам аъзоси бўлган, мазкур ташкилотнинг вориси бўлмиш БМТ аллақачон ўз ишини бошлади. Бу фаолият сохта эмас, ҳақиқий бўлиши, бу ташкилот шунчаки номигагина ишламасдан, қудратли таъсир кучига эга бўлиши, шунчаки оламшумул Бобил минорасига эмас, кўплаб мамлакатларнинг жанговар қалқонлари осиғлиқ турадиган асл Тинчлик қасрига айланиши учун биз мазкур фаолиятнинг муваффақиятини таъминлашимиз шарт.
Биз Британия империясининг бутун ҳудудида фуқаролар фойдаланаётган эркинликлар кўплаб мамлакатларда мавжуд эмаслигидан кўз юма олмаймиз; уларнинг айримлари жуда қудратли мамлакатлардир. Бу давлатларда ҳар тешикка бурнини суқадиган зўравон ҳукуматлар оддий одамларга ҳукмини ўтказиб, уларни ўз йўриғига солиб олган. Давлат ҳокимияти ҳеч бир чекловсиз диктаторлар ёки чамбарчас уюшган бир тўда олигархлар томонидан имтиёзга эга бўлган партия ва сиёсий полиция ёрдамида амалга оширилади.
Агар уруш ва тирания хавфи бартараф этилса, илм-фан ва ҳамкорлик яқин йилларда, узоғи билан бир неча ўн йил ичида урушнинг бор жабр-ситамларини бошидан кечирган дунёга инсоният тарихида мисли кўрилмаган фаровонлик келтириши шубҳасиз. Бундан эллик йил бурун гапга чечан ирланд дўстим, америкалик буюк нотиқ Берк Кокран шундай деган эди: "Ҳаммага ҳамма нарса етарли. Ер - сахий она. Агар фарзандлари тотув бўлиб, унга ҳаққоний ишлов беришса, Ер уларга тўкин-сочин, тўқ яшашлари учун зарур бўладиган ҳамма нарсани беради". Ўрни келганда мен кўпинча унинг шу сўзларини эсга оламан.
У давр қалбларни бошқа уруш бўлмайди ва Миллатлар лигаси ҳар нарсага қодир кучли ташкилотга айланади, деган улкан орзу-умидлар ва чексиз ишонч ҳисси қамраб олган давр эди. Бугун мен дунёмизнинг ҳорғин чеҳрасида шундай ишонч ва орзу-умидларни кўрмаяпман ҳам, сезмаяпман ҳам".
Уинстон Черчилльнинг қуйидаги фикрларига эътибор беринг: "Тарихни ғолиблар ёзади", "Хулқ-атвор катта масалаларни ҳал қилувчи кичкина омил", "Сталин Россияни Лениндан ёғоч омочлар билан қабул қилиб, атом бомбаси билан топширди", "Жамики буюк нарсалар оддий. Уларни ягона сўзлар билан ҳам ифодалаш мумкин: озодлик, адолат, ғурур, бурч, саховат, умид", "Инсониятга ҳозир беҳисоб моддий бойлик келтириши мумкин бўлган нарса унинг буткул йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин", "Тарихни ўрганинг, барча муаммоларнинг ечими тарихда мавжуд".
Абдишукур ОМОНОВ