Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

04.08.2020


Ҳечдан кўра кеч яхши...

Шаҳрисабз тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли юқумли касалликлар шифохонасидаги шароитларни яхшилаш учун маҳаллий бюджетдан 30 миллион сўм ажратилибди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқдаки, ажратилган пулга 4 та кондиционер, 4 холодильник, 6 та сув иситгич келтирилгани эътиборга молик.

Албатта, шифохонада етарли шароит яратилса, беморлар учун ҳам, шифокорлар учун ҳам яхши бўлади, даволаш, даволаниш осон кечади. Қарангки, юқумли касалликлар шифохонаси неча йиллардан бери фаолият кўрсатиб келаётганига қарамасдан моддий-техник базани яхшилаш, қулай шароитлар ҳозирлаш масаласи очиқлигича қолиб келаётган экан. Ниҳоят, буям ҳал бўлибди.

Эндиликда шифо масканини қайта реконструкция қилиш, замон талаблари асосида жиҳозлаш масалалари кун тартибига чиқиб, манзилли дастур асосида ечим топилиши муҳокама этилибди.

 “Пожарный метод” деган ибора бор: муаммо юз беришидан аввал эмас, содир бўлгандан кейин оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилади.

Юқорида кўриниб турибдики, ношукурлик бўлмасину, бордию коронавирус тарқамаса, Шаҳрисабздаги юқумли касалликлар шифохонасида оддий шароитларни яратиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмасмиди, дея ўйга толасан киши.

Тўғриси, пандемия кўп соҳалардаги камчиликларимизни кўрсатиб берди, бозордаги нарх-навони тартибга сололмаслик дейсизми, осмонга чиқиб кетган йўлкирани тизим каттаконлари ҳам тушира олмаслиги дейсизми.

Бир тизимда ўзгариш ясаш учун катта бало ёки офат юз бериши шарт эмас. Ўз ўрни ва вақтида шароит ҳозирланса ҳам ҳеч ким уришмайди. Шаҳрисабзда эса ҳечдан кўра кеч бўлса-да, яхши ишга уннашибди, шунисигаям раҳмат деймиз...

НАСРИДДИН

Report typo