Масалан, ўз фуқароларимиз учун ҳам, хорижий фуқаролар учун ҳам мамлакатимизга кириш ва чиқишнинг қонун билан белгиланган талаблари мавжуд. Хусусан, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонуннинг 15-моддасига кўра, давлат чегарасини ўтказиш пунктларидан бошқа жойдан ёки ўтказиш пунктлари орқали бўлса-да, лекин чегарани кесиб ўтиш қоидаларини бузган ҳолда ҳар қандай усул билан кесиб ўтиш ёки кесиб ўтишга ҳаракат давлат чегарасини бузиш деб ҳисобланади ва тегишли тартибда жавобгарликнинг юзага келишига сабаб бўлади.
Афсуски, айрим фуқароларнинг чегара қонунчилиги талабларини била туриб, ўзини билмасликка олаётгани кишини ажаблантиради. Бунга мисол қилиб 1978 йилда Тожикистон Республикасида туғилган ва Нишон тумани Ширинобод қишлоғида яшаб келаётган, фуқаролиги бўлмаган Анвар Бўриевни келтириш мумкин.
Анварнинг тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, қонуний йўл билан чет элга чиқиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ эди. Аммо мавжуд тартибни ортиқча расмиятчилик деб билган бу киши 2012 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистонга бориш учун йўлга тушади. Бунинг учун Тошкент вилоятининг Янгийўл туманига бориб, турли айланма йўллар орқали Ўзбекистон-Қозоғистон давлатлари чегарасини бузиб ўтиб, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига боради ва шу ердаги заводлардан бирида уч ойга яқин ишлайди.
Сўнг яна таниш сўқмоқлар бўйлаб мамлакатимизга кириб келади. Ачинарли томони, Анвар Бўриев бу ишни бир неча маротаба такрорлаган. Бироқ, қинғир ишнинг қийиғи барибир чиқади, дейдилар. Анвар Бўриевнинг қилмиши ҳам кўп ўтмай фош бўлди.
Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ суд мажлисида Анвар Бўриев томонидан содир этилган жиноят иши кўриб чиқилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Ж.ҚИЛИЧЕВ