Tesla Model Y электромобили ёзнинг сўнгги ойида Европа бозорларида энг кўп сотилган машина бўлди. Бу ҳақда JATO Dynamics тадқиқот компанияси ҳисоботида айтилган.
Август ойида Евроиттифоқ мамлакатларида 21 минг 500 та Tesla Model Y электромобили сотилган. Ушбу кўрсаткични ўтган йилнинг мос даври натижаси билан таққосласак, сотув ҳажми 208 фоизга ўсганини кўриш мумкин. Шунингдек, модель 169 минг 400 талик натижа билан йилнинг дастлабки саккиз ойи якунлари бўйича ҳам етакчиликни давом эттирмоқда.
"Йил охирида Tesla Model Y Европадаги энг машҳур янги енгил автомобиль бўлишига тўлиқ ишониш мумкин. ЕИда унинг ҳудудидан ташқарида ишлаб чиқарилган моделнинг етакчилиги - бу аҳамиятли тарихий онлар", дея таъкидлаган JATO Dynamics таҳлилчиси Фелипе Муньос.
Ёзнинг сўнгги ойидаги сотув натижалари бўйича Peugeot 208 иккинчи, Volkswagen T-Roc модели учинчи ўринни эгаллаган. Улар ортидан Fiat (Abarth) 500, Dacia Sandero, Volkswagen Golf, Opel (Vauxhall) Corsa, Renault Clio ва Citroen C3 борган. Етакчи ўнликни август ойида сотув ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 307 фоизга ўсган Tesla Model 3 якунлаган.
Брендлар сотуви ҳажми бўйича рейтингда эса Volskwagen, Toyota, BMW, Audi ва Skoda биринчи бешталикка кирган.