Вилоят ҳокимининг тегишли фармойишида жорий йил баҳор мавсумида ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт ва бута кўчатларини экишни тизимли ва уюшқоқлик билан ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда архитектура ва ландшафт-дизайн талаблари асосида ҳудудга кўрк берувчи ноёб турдаги йирик ҳажмли кўчатларни экишга алоҳида эътибор қаратилади. Кўчат экилган объектларга масъулларни бириктириш, улар томонидан кўчатларни мавсум давомида парваришлаш, уларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш ва пайҳон этилишининг олдини олиш чоралари кўрилади.
Аҳамиятлиси, тегишли фармойиш асосида вилоятда бу йил баҳор мавсумида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда қаламчаларини экишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланган. Кўкаламзорлаштириш тадбирлари доирасида воҳамиз бўйича жами 12 миллион 610 минг дона ниҳол ўтқазилади. Бунинг учун 42 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Энг кўп кўчат Шаҳрисабз (1 миллион 285 минг), Яккабоғ (1 миллион 20 минг), Китоб (987 минг) ва Миришкор (986 минг) туманларида экилади. Бу борадаги энг паст кўрсаткич Қарши шаҳрига тегишли – 411 минг туп. Ниҳоллар орасида каштан, Қрим қарағайи, эман, шарқ туяси, япон софораси, катальпа каби ноёб дарахтлар бор. Ҳудуд учун бироз янги ҳисобланган каштан асосан Деҳқонобод, Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз, Қарши туманлари ва Қарши шаҳрида экилади. Ушбу мақсадда 40 минг дона кўчат тайёрланади. Қрим қарағайини эса кенг миқёсда, барча ҳудудларда экиш белгиланган. Ниҳоллар сони 7 минг тупни ташкил этади. Анча чидамли ва узоқ умр кўрувчи эман дарахтларини ўтқазишни кенг оммалаштиришга ҳам алоҳида урғу берилган. У ҳам барча ҳудудларнинг кўкаламзорлаштирилишида асосий ўрин эгаллайди. Япон софорасининг воҳамиз иқлимига мослаштирилган навлари ҳам кўчаларга файз бериши шубҳасиз. Ушбу дарахтнинг 90 минг туп ниҳолини экишга тайёрлаш назарда тутилган.
Яна бир жиҳати, бу йилда анчайин камёб лола дарахти парваришига кенг тус берилади. Бу дарахт кўчатлари асосан уч ҳудуд – Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Китоб туманларида экилади. Шунингдек, шумтол, қайрағоч, тут, заранг сингари одатий, воҳамиз иқлим шароитига жуда яхши мослашган дарахтлар ҳам кўп миқдорда экилади. Чиройи ва иссиқсеварлиги билан ажралиб турувчи акация дарахтининг 8 минг туп кўчати ҳудудларга тарқатилади.
Айтиш ўринлики, вилоят бўйича экиладиган ниҳолларнинг салмоқли қисми мевали ва ёнғоқ дарахтидан иборат. 650 минг туп шундай кўчат кўчалар бўйлаб, йўллар четига, хиёбонларга ва бошқа масканлар атрофига экилади.
Албатта, кўкаламзорлаштириш тадбирларидан кўзланган асосий мақсад ҳудудлар ободлигини таъминлаш, янада кўркам қиёфа бериш, шу билан бирга, атмосфера мусаффо бўлишига шароит яратишдир. Бу йил экиладиган кўчатлар миқдори аввалги йиллардагига қараганда кўп бўлса кўпдирки, асло кам эмас. Кўчатларни етиштириш учун катта меҳнат, салмоқли маблағ сарф этилаяпти. Энди ҳамма гап белгиланган прогнозларнинг вақтида бажарилиши, бунда кўрсаткич учун эмас, натижа учун ҳаракат қилиш муҳимлигини англаб олишда. Бинобарин, неча йиллардан буён ҳар баҳорда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари доирасида экилган ниҳолу кўчатларнинг катта қисми экиш технологиясига амал қилинмагани, парвариш бўлмагани боис ҳеч ерни обод қилган эмас.
М.ШУҲРАТОВ