Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
31 декабрь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

02.03.2017


ЭКОЛОГИК НАЗОРАТНИНГ ЖАМОАТЧИ ИНСПЕКТОРИ

ЭКОЛОГИК НАЗОРАТ НЕГА КЕРАК?

Ҳозирги даврга келиб, экологик муаммолар бутун дунё миқёсида энг олд ўринга кўтарилгани ва ҳал этилиши шарт ҳисобланган глобал масалалардан бирига айлангани ҳаммамизга яхши маълум. Глобал исиш, иқлим ўзгаришлари, унга яққол таъсир этаётган Эль-Ниньо ҳодисаси, парник газларининг атмосферага тинимсиз чиқарилиши, озон қатламининг емирилаётгани, сайёрамиздаги флора ва фауна учун туғилаётган жиддий хавф, дунё уммонининг сатҳи кўтарилиб, музликлар эриб бораётгани ҳақида эълон қилинаётган ташвишли маълумотлар, ва ниҳоят, яқин келажакда инсоният олдида озиқ-овқат ва ичимлик суви танқислиги муаммоси кўндаланг бўлиши ҳақидаги илмий башоратлардан хабарингиз бор. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Пировардида эса бу “хатар рўйхати” ҳар қандай одамни хавотирга солиб, эртанги куни – ўзи ва яқинлари келажаги ҳақида жиддий ўйлаб кўришга мажбур қилади.

Дарҳақиқат, бугун одамзод ўз  олдида кўндаланг турган табиат билан муносабати масаласини ҳал этиб олиши шарт. Бу унинг келажагини, олимлар тили билан айтганда, сайёрада тур сифатида яшаб қолишни таъминлаш учун ҳам зарур.

Албатта, бу дунё ҳамжамиятининг диққат марказидаги масала ва кўпгина давлатлар экологик муаммоларни имкон қадар камайтириш, ўз ҳудудидаги экологик вазиятни яхшилаш ва барқарорлаштириш мақсадида бир қанча чора-тадбирларни амалга ошираяпти. Жумладан, бизда ҳам бу борада катта ишлар қилинаяпти.

Умуман, истиқлол йилларида Ўзбекистонда атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида аҳамият қаратилиб, бу борадаги вазифалар қонуний асосда тартибга солинган. Фуқароларнинг атроф табиий муҳитни асраш учун масъул экани Конституцияда қатъий белгилаб қўйилган бўлса, бир қатор қонун ҳужжатларида табиат муҳофазаси, экологик вазиятни барқарор сақлашга доир талаблар, фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари кўрсатилган. Хусусан, 2013 йил 27 декабрда қабул қилинган “Экологик назорат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида экологик назорат, уни амалга ошириш тартиби белгиланган. Мазкур қонуннинг 3-моддасида “экологик назорат” тушунчасига қуйидагича таъриф берилади:

“Экологик назорат атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизимидир”.

Демак, экологик назорат сизу бизнинг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ўзимиз яшаб турган ҳудуднинг табиий муҳитини асрашга ундайдиган омил. Зеро, табиат неъматлари мўл-кўл бўлса-да, барибир ўлчовли. Ҳавонинг мусаффолиги, табиий ресурсларнинг чекланганини эсдан чиқармаслик, қолаверса, табиат муҳофазасига оид қонунлар ижросини таъминлаш учун экологик назорат тизими амалда бўлиши шарт. Жамоатчилик назорати эса бу тизимнинг кенг кўламда ҳаракатланишини таъминлайди.

Шу ўринда жамоатчилик экологик назорати объекти нима, деган савол туғилиши табиий. “Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисида Намунавий низом”да жамоатчилик экологик назоратининг объектлари сифатида қуйидагилар кўрсатилган: ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, атмосфера ҳавоси; атроф муҳитга таъсир кўрсатувчи табиий ва техноген манбалар; атроф муҳитнинг ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин бўлган фаолият, ҳаракат ёки ҳаракатсизлик.

ЖАМОАТЧИ ИНСПЕКТОР-ЧИ?

Жамоатчи инспектор жамоатчилик назорати тизимининг фаол ҳаракатланувчи таянч нуқтаси, дейиш мумкин. Чунки у жойларда бевосита аҳоли ўртасида, қатор дахлдор органлар билан ҳамкорликда иш олиб боради. Намунавий низомларда жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш тартиби, жамоатчи инспекторнинг асосий вазифаси, ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатиб берилган. Унга кўра, экологик назорат жамоатчи инспекторининг асосий вазифаларидан биринчиси атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга чек қўйишдир. Атроф муҳитнинг ҳолатини кузатиб бориш, унинг ифлосланиши, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф солиши мумкин бўлган вазиятларни аниқлаш ҳам унинг вазифаси. У мўлжалланаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик фаолияти ва бошқа фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлайди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини, улар томонидан мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, атроф муҳитдаги ўзгаришлар, унинг прогноз қилинаётган ҳолати, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кўрилаётган тегишли чора-тадбирлар тўғрисида давлат идоралари ва бошқа ташкилотларни ҳамда фуқароларни хабардор қилиш жамоатчи инспектор зиммасига тушади. Бундан ташқари, табиатни муҳофаза қилиш фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик дастурларнинг амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштирокини таъминлаш; фуқароларда атроф табиий  муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабатни тарбиялаш, табиат тўғрисидаги билимларни тарғиб қилиш ва оммалаштириш ишларини амалга ошириш кабилар бевосита ҳам унинг ишидир. Бир сўз билан айтганда эса жамоатчи инспектор табиат жонкуяри бўлмоғи шарт. У атрофдагиларнинг табиат ва экология борасидаги билимларини ошириш, уларнинг экологик маданиятини шакллантиришни, шу орқали табиатни муҳофаза қилиш, ўзи яшаб турган ҳудуддаги экологик вазиятни  барқарор сақлашга ҳисса қўшиши лозим. Шу билан бирга, бундай касбни ихтиёрий танлаётган одам албатта етарли билимга эга бўлиши керак. Зеро, ўзи билмаган нарсани у атрофдагиларга тушунтира олмагани каби чин дилидан ҳис этмаганини бошқаларга тўғри етказиб ҳам бера олмайди. Битта дарахтни кесиб ташлаш қанча одамни тоза кислороддан маҳрум этиш эканини содда, ишонарли тарзда тушунтириб, изоҳлаб бериш қўлидан келадиган, жаҳонда рўй бераётган экологик танг вазиятларни кузатиб борадиган, бундан ўзи, яшаб турган ҳудуди учун тегишли хулоса чиқара оладиган, муаммони кенг мушоҳада қила биладиган кишигина бу вазифани адо эта олиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш иштиёқидаги ҳар бир одам аввало ўйлаб олиши шарт: у бу ишни уддалай оладими, зиммасига олмоқчи бўлаётган вазифаси осон эмаслигини англаяптими, эҳтимол, бу унинг учун эмасдир? Чунки жамоатчи инспектор дегани “Дарахт кесиш мумкин эмас, сув ҳавзасини ифлослантирганингиз учун жарима тўлашингиз шарт, бу ерда чўмилиш мумкин эмас, сиз ишга тушираётган корхона ҳавони ифлослантириши мумкин экан, чора кўринг”, қабилидаги тақиқ ва танбеҳ берадиган, қонунбузарга жаримани тўлатиб, индамай кетаверадиган одам эмас, балки чин маънода табиат ва одамлар ўртасидаги воситачи, ҳар икки томоннинг манфаатини ўйлайдиган, жон куйдирадиган шахс бўлиши зарур.

ВАЗИФАГА КИМ ТАЙИНЛАЙДИ?

Намунавий низомга мувофиқ бу масъулият ўзини ўзи бошқариш органлари, яъни маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари таркибида фаолият кўрсатаётган экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссиялари ва атроф муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари зиммасига юклатилган. Яъни экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагидаги шахс шу комиссияга ёки нодавлат ташкилотлардан бирига  ариза билан мурожаат қилиши керак.

Ҳозирда республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам ушбу вазифага фуқароларни жалб этиш, уларнинг мазкур касбга доир тайёргарлигини ошириш ишлари олиб борилаяпти. Экоҳаракатнинг вилоят ҳудудий бўлинмасидан олинган маълумотларга қараганда, ҳозирга қадар жойлардаги ННТлар ва маҳалла, қишлоқ фуқаролар йиғинларига экологик жамоатчи инспектор бўлиш истагини билдирган фуқаролардан 20 дан зиёд аризалар қабул қилинган.

Хулоса ўрнида айтганда, жамоатчи инспекторларнинг самарали  фаолияти табиатни муҳофаза қилиш ҳамда республикамиздаги экологик вазиятни барқарор сақлашда муҳим аҳамият касб этиши тайин. Фақат бунинг учун улардан ватанпарварлик, сабот, матонат, етарли билим ва малака талаб этилади, холос.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.

Report typo