Айтиш жоизки, вилоятимизда 50 дан ортиқ юқори потенциалга эга бўлган йирик саноат корхоналари фаолият юритиб келаяпти. Ушбу корхоналар вилоят иқтисодиётига сезиларли даражада фойда келтириши билан бир қаторда, ҳудуд экологиясига ҳам маълум маънода зарар етказмоқда. Шу боисдан ҳам вилоятимизда кейинги йилларда экологияга оид ҳуқуқий ҳужжатлар асосида мазкур ишлаб чиқарувчи субъектлар жойлашган ҳудуддаги экотизимни барқарорлаштириш юзасидан бир қанча ташкилий ва амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида йирик саноат корхоналарида Экоҳаракат вакиллари фаолиятини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда экологик нуқтаи назардан атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи I ва II тоифага мансуб 42 та йирик саноат корхонасида фаолият олиб бораётган Экоҳаракат вакиллари рўйхати шакллантирилди. Уларнинг фаолиятига кўмаклашиш ҳамда жамоат экологик назоратини амалга ошириш мақсадида услубий қўлланма тайёрланди. Экоҳаракат ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан вакилнинг ўзаро ҳамкорлиги механизми ишлаб чиқилди.
Ўқув-семинарда саноат корхоналаридаги экоҳаракат вакилларига корхонанинг асосий фаолиятидан келиб чиқиши мумкин бўлган экологик хатарларнинг олдини олиш талабларига риоя этилиши, шунингдек, корхонанинг лойиҳа ҳужжатларини ваколатли давлат органлари томонидан экспертизадан ўтказиш жараёнида иштирок этиши ва бошқа бир қатор ваколатларга эга эканлиги тушунтириб ўтилди.
- Бугунги кунда корхонамизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида илғор давлатлар тажрибаси қўлланилмоқда, - дейди "Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи" унитар корхонаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Тўлқин Жуманов. - Ана шу тажрибаларга таяниб, корхона жойлашган ҳудудда "яшил қалқон"лар, яъни кенг майдонни қамраб оладиган экобоғларни янада кенгайтириш мақсадидамиз. Бу ерларда экотизим шароитини яхшилашга хизмат қиладиган турфа хил мевали ва манзарали дарахтлар ўстирилади. Бундай яшил ҳудуд нафақат корхона хизматчилари саломатлиги учун, балки шу ҳудуд аҳолисининг соғлом ҳаёт кечиришига замин ҳозирлайди.
Семинар сўнгида саноат корхоналаридаги Экоҳаракат вакиллари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунлар талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Гулруҳ ЖЎРАЕВА,
Ўзбекистон Экологик ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси координатори