Долзарб статистика
Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида қашқадарёлик тадбиркор ва ишбилармонлар жаҳоннинг 60 дан ортиқ мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга оширишган. Айни пайтда вилоятимизнинг шу даврдаги ташқи савдо айланмаси умумий ҳажмининг салмоқли қисми (70 фоизи) еттита давлат - Хитой, Россия, Туркия, Эрон, Германия, Афғонистон ва Қозоғистон ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу ҳақда маълумот тақдим этган вилоят статистика бошқармасининг таҳлилига кўра, жорий йил январь-апрель ойлари якуни бўйича вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 175,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, 2019 йилнинг мос даврига нисбатан 70,4 миллион долларга ёки 28,6 фоизга камайган.
- Маълумки, дунёнинг деярли барча минтақа ва мамлакатларида кенг тарқалган коронавирус пандемияси халқаро интеграциянинг камайиши ва давлатлар чегараларининг ёпилишига сабаб бўлди, бу эса бутун жаҳонда бошқа кўплаб жабҳалар сингари ташқи савдо ва аҳолининг турмуш даражасига ўз таъсирини кўрсатди, - дейди вилоят статистика бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Илёс Баратов. - Минг афсуски, бу кенг қамровли жараён юртимиз ва хусусан, Қашқадарёни ҳам четлаб ўтмади. Натижада шу йилнинг дастлабки тўрт ойида вилоятимиздан экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми олдинги йилнинг тегишли даври билан таққослаганда 25,6 фоизга камайиб, 70,7 миллион долларга етди. Импорт ҳажми эса 30,6 фоизга пасайди ва 104,9 миллион долларни ташкил этди. Ташқи савдо баланси пассив бўлиб, -34,2 миллион доллар даражасида қайд қилинди.
Январь-апрель ойларида вилоятимизнинг йирик ҳамкорлари ҳисобланган 20 та мамлакатдан 8 таси билан фаол ташқи савдо баланси кузатилган, яъни бу давлатларга экспорт қилинган маҳсулотлар ҳажми у ердан импорт қилинган товарлар ҳажмидан кўп бўлган. Ушбу рўйхатга Эрон, Афғонистон, Индонезия, Қозоғистон, Тожикистон, Покистон, Россия Федерацияси ва Туркия кирган. Масалан, 4 ой мобайнида Қашқадарёдан Эронга 12 миллион 275,3 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган, импорт ҳажми эса атиги 549,7 минг долларга етган. Афғонистон ва Индонезияга эса вилоятимиздан тегишли равишда 8,9 миллион ва 5,9 миллион долларлик товарлар сотилган, аммо ушбу давлатлардан бирор центлик маҳсулот сотиб олинмаган.
Йирик ҳамкорларимиз бўлмиш қолган 12 та мамлакат билан пассив ташқи баланси кузатилган. Масалан, Хитойга ҳажми 6,9 миллион доллардан ортиқ маҳсулотлар жўнатилган, аммо у ердан 39,7 миллион долларга яқин ҳажмда товарлар келтирилган. Худди шундай ҳолат Германия (экспорт - 22,4 минг доллар, импорт - 11 миллион 266 минг доллар), Ҳиндистон (экспорт - 236,6 минг доллар, импорт - 7 миллион 121,7 минг доллар), АҚШ (экспорт - 5,3 минг доллар, импорт - 5 миллион 572,8 минг доллар), Япония (экспорт - 8,2 минг доллар, импорт - 4 миллион 259,8 минг доллар) ва бошқа бир қатор мамлакатлар билан ташқи савдода ҳам қайд этилган.
Қашқадарё экспорти таркибида товарлар улуши 97,4 фоизни ташкил этиб, улар асосан тўқимачилик буюмлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари ва буюмлари, энергия манбалари ва бошқа маҳсулотлардир. Экспорт умумий ҳажмида хизматлар ҳиссаси 2,6 фоизга тенг бўлиб, асосий қисми транспорт, молиявий, сафарлар, қурилиш ва бошқа турдаги хизматларга тўғри келган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини батафсил кўриб чиқсак, унинг асосий қисми мева-сабзавотлар савдосидан иборатлиги кўзга ташланади. Биргина карам экспорти ҳисобидан тўрт ойда 1 миллион 340,2 минг доллар миқдорида валюта туширишга эришилган. Шунингдек, чет эллик ҳамкорларга 627,1 минг долларлик помидор, 1 миллион 442,2 минг долларлик бошқа сабзавот, 765,4 минг долларлик узум, 2 миллион 763,7 минг долларлик қуритилган сабзавотлар жўнатилган. Бундай битимларда харидор сифатида асосан Россия Федерацияси, Қозоғистон, Афғонистон ва Покистонда фаолият юритадиган улгуржи савдо компаниялари иштирок этган.
Воҳамиз импорти таркибида энг катта улуш (72,6 фоиз) машиналар ва асбоб-ускуналарга тўғри келади. Мазкур ҳолат Қашқадарё ёқилғи-энергетика комплексида йирик лойиҳалар амалга оширилиши ҳамда бошқа тармоқларда кенг миқёсли модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишлари бажарилиши билан изоҳланади. Айни пайтда импорт таркибида кимё маҳсулотлари ва буюмлари, қора ва рангли металлар ва улардан ясалган буюмлар, энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа товарлар ва хизматлар ҳиссаси ҳам бор.
Қашқадарёга шу йилнинг дастлабки тўрт ойи давомида 43 та хорижий мамлакатдан маҳсулотлар олиб келинган экан, импортга сарфланган ҳар бир долларнинг 80 центдан ортиғи Хитой, Германия, Россия, Туркия, Ҳиндистон, АҚШ ва Япониядан техника ва технологиялар, бошқа товарлар келтириш учун йўналтирилган.
Ўз мухбиримиз
Диаграммалар вилоят статистика бошқармаси сайтидан олинган.