Турган гапки, шулар таъминланса, ишбилармон ўз кучи, жиддий саъй-ҳаракати билан ишлаб чиқаришда ўсишга эришади, янги лойиҳаларни рўёбга чиқаради. Бундан эса иқтисодиёт наф кўради. Одатда биз бундай ҳолатни қулай ишбилармонлик муҳити деб аташга ўрганганмиз. Аҳамиятлиси, Президентимиз юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларига ана шундай муҳитни яратиб беришга, уни сифат жиҳатидан янада яхшилашга устувор эътибор қаратмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган соҳага доир қарор ва фармонлар ҳам айни шу мақсадларга йўналтирилган.
Мисол учун, Президентимизнинг 2017 йил 19 июндаги тегишли фармони ҳам бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилинишини ва шу орқали тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантиришни, шунингдек, бунга тўла имкон берувчи мукаммал тизим яратишни кўзда тутади. Ушбу ҳужжат талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мамлакатимиз миқёсида барча тадбиркорларнинг асосий ҳимоячисига айлантирилди. Бу борада мазкур ташкилотга янги ваколатлар берилиб, қўшимча вазифалар юкланди. Тузилманинг вилоят ҳудудий бошқармаси ҳам ўз зиммасидаги ушбу масъулиятни тўлақонли адо этишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чораги якунида бажарилган ишларга қараб бошқарма фаолиятига атрофлича баҳо бериш мумкин.
УСКУНА СИФАТИ ҚОНИҚТИРМАДИ, МАБЛАҒ ҚАЙТАРИЛАДИ
Маълумки, Савдо-саноат палатаси ҳуқуқи поймол этилган тадбиркорлар номидан суд идораларига даъво аризалари киритишга ҳақли. Шунингдек, палата суд жараёнида тадбиркорни ҳимоя қилади. Шунга кўра бу борада жорий йилнинг биринчи чорагида салмоқли ишлар қилинди.
Тасдиқ учун аниқ мисолларга тўхталсак. Қарши шаҳридаги “Орзу” бозори мулкдори “Оқтепа файз савдо” масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, вилоят иқтисодий судига даъво аризаси киритилганди. Даъвогарнинг билдиришича, якка тартибдаги тадбиркор Ғолиб Шерназаров фойдаланишга оид шартнома муддати тугаган бўлса-да, бозордаги дўконни топширишга қаршилик қилган. Ушбу савдо майдонидан хўжасизларча фойдаланиб келган. Суд мазкур ишни кўриб чиқиб, бозор маъмурияти фойдасига қарор чиқарган.
Яна бир ҳолатда эса тадбиркор сал бўлса, ўз пулига куйиб қоларди. Гап шундаки, Муборак туманидаги “Муборак автогаз” масъулияти чекланган жамияти мулкдорлари зарур асбоб-ускуна сотиб олиш учун Тошкент шаҳридаги “Корея Гревн Технологии” МЧЖга катта маблағ ўтказиб беради. Тадбиркор не кўз билан кўрсинки, етказиб берилган маҳсулот характеристикаси, сифати шартнома талабларига мос келмайди. Шу боис таъминотчи корхонадан пулини қайтариб беришни талаб қилади. Бундан натижа чиқмагач, ҳудудий бошқарма тадбиркор номидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. Суд якуний қарорига кўра, даъвогар манфаатига 1 миллиард 349 миллион 942 минг сўм қарздорликни ундириш белгиланди.
Бошқа бир ҳолатда эса “Қарши гўшт-сут савдо” МЧЖ томонидан етказиб берилган маҳсулот учун кечиктирилган тўловни амалга ошириш айбдор - “Қашқадарё нефть-газ таъминот ишлаб чиқариш” корхонаси зиммасига юкланди. Ундан даъвогар фойдасига 68 миллион 376 минг сўм пеня ҳам ундириладиган бўлди.
ТОВАР ҚАДОҒИ ХОРИЖЛИК ҲАМКОР ТАЛАБИГА ЖАВОБ БЕРМАДИ
Маблағнинг ўзи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун ҳамма вақт ҳам етарли бўлмайди. Баъзан кишига кўникма, билим ҳам керак. Кимдир ишни нимадан бошлашни, соҳага доир қонунчиликни яхши билмаса, бошқаси солиқ тўлови, кредит олиш тартибидан тўлиқ хабардор эмас. Бу борада қийинчиликка дуч келган кишиларга ёрдам тақдим этилмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбари топшириғига асосан, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан барча ҳудудларда Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш марказлари ташкил этилган. Айни пайтда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ушбу марказ билан ҳамкорликда ўқув курслари олиб бормоқда. Тегишли ҳисобот даврида бу курсларда вилоятимиз бўйича жами 160 дан ортиқ тадбиркор ва ҳунарманд ёки шунга иштиёқ билдирган ёшлар ўқитилди. Тадбиркорлик фаолияти ҳақида зарур билимларни ўзлаштирган тингловчиларга сертификатлар топширилди. Эндиликда улар мавжуд ишини янада равнақ топтириш ёки янги бизнесни йўлга қўйишга бел боғлаган.
Айтиш жоизки, экспорт салоҳиятига эга корхоналарга кўмаклашиш ҳам палата вазифалари сирасига киради. Бугунги кунда тадбиркорлар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар экспортбоплигини ошириш, уларга хориждан бозор топишда ёрдам қўлини чўзишга асосий эътибор қаратилмоқда. Ишбилармонлар ташқи савдо фаолияти соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлардан электрон шаклда мунтазам бохабар этилаяпти.
Вилоятимиздаги 40 га яқин бизнес вакили билан бўлиб ўтган тўғридан-тўғри суҳбат жараёнида уларга тижорат таклифи тайёрлаш, шартномалар тузиш масаласида кўмак берилди. Шунингдек, улар билдирган таклиф ва муаммоларни ваколати доирасида ўрганиши учун тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат йўлланди.
Воҳамиздаги “Арсенал сервис” масъулияти чекланган жамияти олтингугурт грануласи ишлаб чиқаришни ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасида талабгир бўлган бу маҳсулотнинг жаҳон бозорида ҳам харидори кўп. Тадбиркор ҳам уни экспорт қилишдан манфаатдор. Бу маҳсулотни хорижда тарғиб қилиш бўйича иш олиб борилганда унинг қадоғи чет эллик ҳамкорлар талаб ва дидига мос эмаслиги аён бўлди. Бу муаммони бартараф этиш бўйича ишбилармонга йўл-йўриқ кўрсатилиб, тегишли тижорат таклифи тайёрлаб берилди. Ҳозирда корхонада замонавий қадоқлаш технологияларини қўллаш бўйича аниқ ҳаракатлар бошланган. Бу келгусида вилоятимиздаги экспортчи корхоналар сони яна биттага кўпайишига замин яратади.
“Элит картон бокс” масъулияти чекланган жамияти ҳам экспортбоп маҳсулот тайёрлаш имкониятига эга. Бу ерда пластмасса қутилар ясаш ўзлаштирилган, ишлаб чиқариш жараёни янги ускуналар билан таъминланган. Аммо анчадан бери бир муаммо тадбиркорни қийнаб келмоқда. Ўрганиш давомида аниқландики, маҳсулот ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш учун хомашё етишмайди. Бу борада ҳозирча кўпроқ иккиламчи чиқинди ишлатилаяпти. Агар хомашё муаммоси ҳал этилса, маҳсулот рақобатбардошлиги таъминланиши, кенг миқёсда экспорт қилиш мумкинлиги инобатга олиниб, амалий саъй- ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Яна бир жиҳати, экспортни ривожлантиришнинг асосий омили бозорлар географиясини кенгайтириш, яъни потенциал харидорларни кўпайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини оширишдан иборат. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий тадбиркорларимиз тайёрлаётган товарларни Яқин ва Узоқ Шарқ, Европа мамлакатлари бозорларига ҳам олиб чиқиш мақсад қилинган. Бу борада зарур чора-тадбирлар тасдиқланиб, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда уларнинг ижросини таъминлашга киришилган.
ЯНГИ МЕХАНИЗМ МУАММОЛАРНИ ТЕЗКОР ЕЧИШ ИМКОНИНИ БЕРАДИ
Юртимизда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, айрим масъулларнинг совуққонлиги, сусткашлиги туфайли уларни қийнаётган, фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар тўлиқ бартараф этилмасдан қолаётганини тан олиш керак. Бунинг олдини олиш мақсадида вилоятимизда янги механизм жорий этилди. Аниқроқ айтганда, Президентимизнинг вилоятимизга қилган ташрифи чоғида берган кўрсатмасига асосан воҳамизда тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишнинг Тошкент вилояти тажрибаси қўллана бошланди.
Унга кўра, Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси ва унинг туманлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакилларининг мурожаатлари тингланиб, муаммоли масалалар қайд этиб борилмоқда. Ўз навбатида улар тегишлилиги бўйича мутасаддилар эътиборига ҳавола этилаяпти.
Тадбиркорлар муаммоларини ҳал этишга бағишланган, вилоят ҳокими иштирокида ўтаётган йиғилишлар ҳам юқори самарадорлиги билан ажралиб турибди. Шундай йиғилишлардан бирида вилоятимиздаги тадбиркорлардан 186 та муаммо ва таклиф келиб тушган. Уларнинг 38 таси туман, 134 таси вилоят ва 14 таси республика даражасида ижобий ечим топиши мумкинлиги аниқланиб, зарур чоралар белгиланди. Бугунги кунга қадар вилоят даражасидаги 76 та муаммо, туман даражасидаги 30 масала ҳал этилди.
Тадбиркорлар қайд этган муаммоларни тааллуқлилиги бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, уларнинг асосий қисми ижроси тижорат банклари (64 таси), Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси (27 таси), газ таъминоти корхоналари (11 таси) ҳамда туманлар ҳокимликлари фаолияти билан боғлиқ экани ойдинлашади. Кредит, “ноль” қийматда бино олиш, газ тармоғига уланиш, ер олиш каби масалалар ишбилармонларни кўпроқ ўйлантирмоқда. Албатта, бу йўналишларда ҳам тадбиркор ва ишбилармонларга амалий кўмак кўрсатиш доимий диққат-эътиборимизда.
Ғофур ПЎЛАТОВ,
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари
Ҳуснора ЖУМАЕВА,
бошқарма бўлим бошлиғи