Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

08.02.2019


ЭКСПОРТГА ФАҚАТ ТАЙЁР МАҲСУЛОТ ЧИҚАРИЛМОҚДА

Маълум бўлишича, 2018 йилда мазкур мажмуа томонидан  экспортга қарийб 870 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маҳсулот йўлланган. Товар миқдорида олсак, бултур хорижлик харидорларга "Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган" ёрлиғи остида 550 минг дона тайёр трикотаж маҳсулоти етказиб берилган. Эътибор беринг-а, ярим фабрикат саналган ип-калава, мато-газлама эмас, фақат тўлиқ тайёр маҳсулот экспорт қилинмоқда. Ваҳоланки, пахта толасини чуқур қайта ишлашга ихтисослашган корхонада хом ашёга дастлабки ишлов бериб, уни четга сотиш имконияти ҳам мавжуд. Аммо...      

- Бизга бундан фойда кам, негаки, 4-5 баробар даромад қилиш мумкин бўлган чоғда бу йўлдан боришнинг ўзи нотўғри, - дейди қўшма корхона директори Равшан Бобожонов. - Дунё мамлакатлари тажрибаси ҳам шуни айтиб турибди. Ҳатто пахта экмай, толани чуқур қайта ишлаб юқори манфаатдорлик кўраётган ўлкалар бор. Юртимизда эса ҳар иккиси ҳам мавжуд. Ҳозирда ҳукуматимиз томонидан ҳам шундай талаб қўйилаяпти, ўзимиз етиштирдикми, тўлиқ ўзимиз қайта ишлайлик. Қувонарли томони, корхонамизда бу ёндашувга амал қилинаётганига ҳам мана 15 йилдан ошди. Бу ерда толани қайта ишлаш жараёнининг барча цикллари қамраб олинган. Бир томондан кириб келган хом ашё  бошқа томондан тайёр маҳсулот бўлиб чиқади. Шу ерда йигирамиз, мато тўқиймиз бўяймиз ва сўнгида пировард товар - экспортбоп кийим-кечак, текстиль буюмлари ишлаб чиқарамиз. Вилоятда бирорта ҳам корхона ҳозирча бундай имкониятга эга эмас.

Мутасаддининг билдиришича, охирги вақтда корхона экспорт имкониятларидан унумли фойдаланишга зўр бераяпти. Маҳсулотнинг асосий харидори хорижликлар экан, уларнинг дунёқараши, диди, хоҳиш-истаги биринчи навбатда инобатга олинади. Шунга қараб маҳсулот дизайни, бичими танланади. Бу эса ўз навбатида фабрика меҳнат жамоаси томонидан янги товар турларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилишига олиб келмоқда. Маҳсулот сифатини янада ошириш чораси кўрилаяпти.

- Товар кўрсаткичи яхши бўлиши кўп жиҳатдан технологияга боғлиқ, - дейди корхона бош муҳандиси Нодир Ниёзқулов. - Маҳсулотимиз рақобатбардошлилигини сақлаб қолишни мақсад қилган эканмиз, ишлаб чиқаришни мунтазам модернизация қилиш, қувватларни янгилашга мажбурмиз. Тан олиш жоиз:  бугун жараёнда қўлланаётган айрим дастгоҳ ва ускуналаримиз эскириб қолган. Уларни эса босқичма-босқич замонавийсига алмаштириб бораяпмиз. Ўтган йили ҳам тегишли дастурга асосан корхонамизга янги машина ва ускуналар олиб келиб ўрнатдик. Швейцариянинг "Риетер" компаниясидан ленталовчи, Италиядан эса хом ип тайёрловчи ва калаваловчи дастгоҳлар харид қилдик. Бунга 350 минг АҚШ доллари ҳисобида маблағ сарфланди. Шунингдек, 500 миллион сўмликдан ортиқ эҳтиёт қисм олиб келиб, ишлаб турган қувватларни таъмирладик. Натижада маҳсулдорлик ошиши кўзга ташланди.

Дарҳақиқат, ўтган даврда қайд этилган ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳам шунга ишора қилмоқда. Мисол учун, 2018 йилда корхона йигирув цехида 420 тонна ип-калава тайёрланган. Ўсиш суръати эса 12 фоизни ташкил қилган. Самарадорлик кузатилгани ўлароқ, худди шунча ҳажмда трикотаж газлама, 125 минг погонометр мато тўқилишига шароит ҳозирланган. Чуқур қайта ишлашни давом эттириш натижасида ички ва ташқи бозорга 710 минг дона тайёр трикотаж ва 12 минг дона тикувчилик маҳсулоти таклиф этилган. Солиштирма нархларда умумий ҳисобда деярли 39 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Корхона томонидан ички бозор талабини баҳоли қудрат қондиришга ҳам муҳим аҳамият берилмоқда. Анчадан буён маҳаллий харидорлар буюртмаси асосида махсус иш кийимлари, тиббиёт ва таълим муассасалари учун кўрпа-тўшак тайёрланмоқда. Ушбу маҳсулотларнинг аксарияти импорт ўрнини боса олаётгани ҳам эътиборга молик.

Яна бир жиҳати, қувват барқарор ишлаши, буюртмалар ўз вақтида бажарилишига эришиш мақсадида корхонада 3 сменада иш ташкил этилган. Ҳозирги пайтда бу ерда 400 нафардан зиёд киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг аксарияти ёшлардир. Келгусида иш ўринлари сони бундан-да кўпайишини тахмин қилса бўлади. Боиси, қўшма корхона тасарруфида айни вақтда бўш турган бино-иншоотлар мавжуд, улардан мақсадли фойдаланиш кўзда тутилган. Асосийси, хорижлик инвесторлар ҳам текстиль тармоғига дахлдор бир қанча лойиҳаларни ҳамкорликда рўёбга чиқаришга қизиқиш билдиришган. Агар келишув муваффақиятли амалга ошса, янги қувватлар ишга тушиши, тармоқлар кенгайишига шароит пайдо бўлади.

Корхона раҳбариятининг билдиришича, 2019 йилда ҳам юқори марраларни қўлга киритиш кўзланмоқда. Биринчидан, экспорт салмоғини қарийб 1,5 бараварга кўпайтиришга асосий эътибор қаратилади. Хорижий ҳамкорлардан келиб тушаётган буюртмалар кўп экани, янги бозорларга кириш имконияти юзага келаётгани шундай дейишга асос бўлади. Қолаверса, ишлаб чиқаришни техник ва технологик қайта янгилаш бўйича ишлар кучайтирилади. Бунга қарийб 1 миллион доллар атрофида сармоя йўналтирилади. Шунингдек, жорий йилда 6-7 турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ўзлаштириш белгилангани ҳам корхона экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилади. Бугунги кунда илм-фан соҳаси билан яқин ҳамкорлик қилаётган мазкур тадбиркорлик субъекти истиқболда янги тизим - кластер асосида ишлашга ўтишни ҳам режа қилган.

Мирзоҳид ЖЎРАЕВ

Суратларда: корхона фаолиятидан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

Report typo