Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

17.08.2017


ЭКСТЕРНАТ: ҲЕЧДАН КЎРА КЕЧ БЎЛСА ҲАМ...

Республика Халқ таълими вазирлиги томонидан 2015 йил 13 апрелда тасдиқланган "Экс-тернат тўғрисидаги Низом"га кўра, эндиликда ўрта мактаб таълимини маълум сабаблар туфайли тамомлай олмаган ўқувчилар ҳам якуний давлат аттестациясидан ўтишлари ва ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномани олишлари мумкин. Шунга мувофиқ мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби вилоятимизда ҳам экстернат бўйича шаҳодатнома бериш ишлари белгиланган тартибда амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, жорий ўқув йилида Низомиддин Намозов билан бир қаторда яна 45 киши шу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномани қўлга киритди.

- Ҳар ўқув йилида экстернат учун бирор таълим муассасаси танланади, - дейди вилоят халқ таълими бошқармасининг дарсликлар, ўқув қўлланмалари ва мактаб ҳужжатлари бўйича мутахассиси Жўра Халилов. - Масалан, 2015/2016 ўқув йилида экстернат учун Қарши шаҳридаги 5-мактаб ажратилган ва унда 22 нафар фуқарога ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатнома топширилган эди.  2016/2017 ўқув йилида эса бу тадбир Қарши шаҳридаги 29-мактабда амалга оширилди. Низомга мувофиқ, ҳар ўқув йилида то 1 мартга қадар экстернат тартиби учун бирор мактаб танланиши ва аниқ бўлиши лозим. Аслини олганда, мазкур тартиб ўз вақтида мактаб таълимини тўлиқ ололмаганлар учун давлатимиз томонидан яратилган имкониятдир. Ҳаётда ҳар хил вазият бўлиши мумкин. Кимдир саломатлиги сабаб бўлиб, яна бошқа биров оилавий шароит, кутилмаган ҳаётий ҳодиса туфайли мактабдаги таҳсилини ниҳоясига етказа олмаслиги мумкин. Экстернат тартиби худди шундай ҳолатга тушган кишилар учун жорий қилинди.

 "Экстернат тўғрисидаги Низом"да бу сўзга шундай таъриф берилган: "Экстернат - умумий ўрта таълим ҳажмидаги ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари доирасида мустақил ўзлаштириш жараёни". Умумий ўрта таълим ҳажмидаги ўқув дастурларини давлат таълим стандартлари доирасида мустақил ўзлаштирган ҳамда аттестациядан ўтказиладиган шахс эса "экстерн" деб юритилади. Демак, экстерн ўқувчи ўқув дастурларини мустақил ўқиб-ўзлаштиради ва ўқув йили охирида оддий битирувчи-ўқувчилар сингари якуний давлат аттестациясидан ўтади.  Бундан олдин эса у жорий ўқув йилининг 1 майига қадар экстернат ўтказиладиган мактаб директори номига ариза билан бирга зарур ҳужжатларни топшириши лозим бўлади. Имтиҳонлар эса 6 та фандан - она тили ва адабиёт, математика, физика, тарих, кимё ва чет тилидан ўтказилади. Албатта, экстерн ўқувчининг баҳолар табели, охирги ўқиган синфида фанларни қай даражада ўзлаштиргани ҳисобга олинади.

- Ўтган ўқув йилида экстернат тартибида шаҳодатнома олиш истагида бўлганлардан бизга 47 та ариза келиб тушганди, - дейди Қарши шаҳридаги 29-мактаб директори Жамила Тўрақулова. - Шундан 46 нафари май ойида якуний давлат аттестациясидан ўтказилиб, уларга ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномалар топширилди. Экстернларимиздан 8 нафари касб-ҳунар коллежларида ўқишни давом эттириш учун ҳужжат топширган.

- Мактабда 7-синфга қадар ўқиганман, кейинчалик айрим сабабларга кўра ўқишимни давом эттиришимга имкон бўлмаганди, - дейди Косон туманилик Жаҳонгир Отиншинов. - Ёшим 28 да. Мен тенгилар аллақачон олий маълумот олишга ҳам улгуришди.  Экстернат туфайли мен ҳам ўтган йили кеч бўлса-да, ўрта маълумот тўғрисидаги шаҳодатномани олдим. Ҳужжатларимни Қарши ахборот технологиялари коллежига топширдим, насиб этса, шу даргоҳда ўқишимни давом эттириб, келажакда яхши мутахассис бўлмоқчиман. 

Экстерн ўқувчилар рўйхатини кўздан кечирар эканман, улардан энг ёши каттаси 1967 йилда туғилганини, энг кичиги энди 16 га тўлганини кўрдим. Демак, улар ҳаётларида таълимнинг аҳамиятини англаб етган, ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, ўрта маълумот тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжатни олишга муваффақ бўлганлар. Уларга берилган бу имконият эса давлатимизнинг яна бир ғамхўрлиги, таълимда яратилган қулайликдир.

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Report typo