Аҳолининг бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда иш юритишлари натижасида бу масканда нотинч оилалар, ишсиз ёшлар, жиноятчиликка қўл урган ўспиринларни учратмайсиз. Маҳалланинг ҳар бир ишни фидойилик билан адо этадиган инсонлари борки, улар ҳар бир оиланинг энг яқин маслакдошига айланган. Насиба Жабборова ана шундай жонкуяр аёллардан бири. У - маҳалла маслаҳатчиси. Асли касби ўқитувчи бўлган Насиба Жабборова бир неча йиллардан бери турфа феълли, қарашлари, яшаш шароитлари бир-бирига ўхшамайдиган икки минг нафардан зиёд хотин-қизнинг кўнглига йўл топиб келаётган жонкуяр аёл.
У 2004 йилдан буён маҳалланинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келаётган бўлса, бугун ҳудуддаги ҳар бир оила муҳити, турмуш тарзини беш қўлдай билади. Барча билан туғишгандай опа-сингил, дўст-биродар бўлиб кетган. Маҳаллада у кириб бормаган хонадон йўқ ҳисоби. Одамларнинг кайфияти, айниқса, низоли оилалардаги муҳит, уларнинг яшаш тарзидаги ҳар бир ҳолат, гап-сўз маслаҳатчининг назаридан четда қолмайди.
- Тажрибаларимдан англаганим шуки, ҳаёт - ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўқиб, уқиш мушкул бўлган бир китоб, - дейди у. - Одамларни эшитиш, кўнглига йўл топиш, дардига малҳам бўлиш энг мушкул юмуш, бунинг учун катта истеъдод ва катта қалб керак экан. Баъзан қўлинг билан беролмаганингни кўнглинг билан, ширин сўзинг билан берса бўларкан - бу ҳаётдан олган муҳим сабоғим. Зеро, ҳаёт билан, бугунги кун янгиликлари, адабиёт билан ҳамнафас бўлмасангиз, баъзан маслаҳат бераман, деб маслаҳатга муҳтож бўлиб қолишингиз ҳеч гап эмас.
Айримлар назарида маслаҳатчининг иши кўзга кўринмайди. Аммо ҳамкорликда гап кўп. Агар маҳалладаги ҳамма мутасаддилар, жамоат ташкилотлари бир ёқадан бош чиқарса, баъзи салбий ҳолатлар, ёшларимиз тарбиясидаги нуқсонларга барҳам берилиб, ўз ечимини топиши шубҳасиз.
- Ҳудудимиздан бир оила маҳалланинг қаршилигига қарамай Қарши шаҳридан қариндошини келин қилиб олиб келди, - дейди Насиба Жабборова. - Ёш оила битта фарзандли бўлгунга қадар яхши яшашди. Кейин эса... Бу оилани ҳеч муросага келтира олмадик. Келинчак боласини олиб кетиб қолди. Орада опа-сингил қудалар ўртасига совуқчилик тушди. Куёвни онаси бошқага уйлантириш тараддудида. Буни эшитибоқ, Қаршига йўл олдим. Суриштириб-суриштириб, келинчак отасининг уйини топдим. “Қизларингизни олиб кетмасам, шу ерда қоламан”, дея бир кун ўша ерда ётиб қолдим. Уринишларим бесамар кетмади, улар қизини менга ишониб, қайтариб юборишди. Оилани яраштириб қўйдим. Маҳалла ёрдами билан келинчак ишли бўлди. Ҳозир улар яхши ҳаёт кечиришаяпти.
Ажримларнинг олдини олиш маслаҳатчидан фидойилик билан бирга катта ҳаёт тажрибасига эга бўлишни талаб қилади. Афсуски, баъзида бу ҳам иш бермай қолиши мумкин.
- Ҳамма оила ҳам бирдек эмас, - дея куйиниб гапиради Насиба опа. - Маҳалламиздан қўшни маҳаллага келин бўлиб тушган қизимиз бир фарзанди билан ота уйига қайтиб келди. Минг уринмайлик, бу оилани яраштира олмадик. Лекин ёш жувоннинг боласи билан бошқаларга боқиманда бўлиб қолмаслиги, эри тўлайдиган алиментга кўз тикиб ўтирмаслиги учун уч ойлик тикувчилик курсида бепул ўқитиб, тикув цехи очиб бердик. Ҳозир у маҳалламиз чевари. Айни пайтда коллеж битирувчиларига ҳам устозлик қилмоқда.
Маҳаллада ёшлар таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги оқилона йўлга қўйилган. Ҳудудда ўтган даврда вояга етмаганлар ўртасида бирорта ҳам жиноят содир этилмагани ана шу ҳамкорлик самарасидир. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда маҳаллада “устоз-шогирд” анъанаси йўлга қўйилганлиги яхши самара бермоқда. Хусусан, Гулноз Абдуллаева, Маҳбуба Ҳусанова сингари чеварлардан ёшлар тикувчилик ва тўқувчилик сирларини ўзлаштираётган бўлса, Меҳринисо Қурбонова қизларга турли хил пишириқлар пишириш санъатини ўргатиб келмоқда. Ўғил болалар эса спорт тўгаракларида машғул. Элмурод ва Эрали Абраевлар, Бекзод Шоматов, Аъзам Йўлдошев сингари ёшлар самбо, каратэ спорт турлари бўйича Ўзбекистон, Осиё чемпионлари ҳисобланади.
- “Ота-оналар университети” жамоатчилик тузилмаси билан ҳамкорликда маҳаллада тўй-маъракаларни ихчамлаштириш бўйича чора-тадбир ишлаб чиқдик ва шу асосда иш олиб бордик, - дейди Насиба Жабборова. - Бу ишимиз яхши самара берди ва туман ҳокимлиги томонидан юқори баҳоланди. Туман маҳаллалари учун кўргазмали семинар ташкил этилиб, менинг бу иш тажрибам оммалаштирилди.
Жорий йилда “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичида Насиба Жабборованинг ғолиб деб топилишида ҳам маҳаллада йўлга қўйилган ана шундай ибратли ишларга алоҳида эътибор қаратилгани шубҳасиз.
- Минг йиллардан буён қадрланиб келган маҳалла, қўни-қўшничилик каби халқимизга хос бўлган инсонпарварликнинг олий намуналари мустақиллик йилларида юксалди, - дейди у. - Инсонлар орасида меҳр-оқибат туйғулари кучайиб, дахлдорлик ҳисси билан яшаш кундалик маънавий қоидага айланиб бормоқда.
Насиба Жабборова ана шундай тиниб-тинчимас, энг муҳими, қилган ишлари билан сира қаноатланмайдиган жонкуяр инсон. У Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ўз иш дастурига жуда муҳим ҳаётий масалаларни киритган. Муҳими, маслаҳатчи ўз зиммасида катта масъулият борлигини чуқур ҳис қилади ва шу асосда иш олиб боради.
Шоҳиста БОЗОРОВА
Суратда: Насиба Жабборова (ўнгда) ҳамкасблари билан.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.