Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

10.02.2017


ЭЛ ИШОНЧИ – ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида май-июнь ойларида ўтказилган сайлов жараёнлари “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Қонун талаблари, демократик тамойиллар асосида ташкил этилди.

Маълумотларга кўра, ошкоралик, тенглик, муқобиллик мезонлари устуворлик касб этган сайловда вилоятимиз бўйича 660 нафар фуқаролар йиғинлари раиси ва уларнинг 7106 нафар маслаҳатчиси сайланди. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасига кўра, 472 та маҳаллада раис ва унинг маслаҳатчилари очиқ овоз бериш йўли билан, 188 тасида эса ёпиқ овоз бериш тартибида аниқлаб олинди. Сайланган раисларнинг 92 фоизини олий маълумотли мутахассислар ташкил этаётган бўлса, 70 фоизи илк марта ушбу лавозимга  муносиб топилди. Номзоди оқсоқолликка илгари сурилиб, қўллаб-қувватланган 34 нафар маҳаллий кенгашлар депутати, 23 нафар хотин-қиз ҳам ушбу масъулиятли вазифани бажаришга киришганини алоҳида қайд этиш ўринли.

– Сайловларда янгича фикрлайдиган, ташаббускор, билимли ва интилувчан номзодлар сайловчилар томонидан кенг қўллаб-қувватланганига гувоҳ бўлдик, - дейди Исломиддин Аброров. – Бу эса сайловчиларимизнинг маҳалла институтига бўлган ишончи ортганидан, ўз навбатида фуқаролар йиғини фаолиятига бефарқ эмаслигидан дарак беради. Очиқ айтиш керак, илгари кўпчилик фуқаролар йиғини раиси деганда нуроний, кекса ёшли кишини тушунарди. Ўзини ўзи бошқариш тизимига бўлган янгича ёндашув туфайли бугун бундай қарашлар тамомила ўзгарди. Бинобарин, раисликка сайланганларнинг 27 нафари 40 ёшгача, 237 нафари 40-50 ёшли, 346 нафари 50-60 ёшли, 14 нафари эса 60 ёшдан юқори бўлган кишилар экани ҳам шундан далолат бераяпти.

Эл ишончи – юксак масъулият. Буни  ҳар дамда ҳис этиб, фаолиятини аввало виждон назорати остида ташкил этган, одамларга қайишган ва ўз навбатида маҳалладошларида ҳам ана шунга хайрихоҳлик шакллантира олган раис ўз обрўсига обрў қўшади, ишлари олдинга кетади. Ким қандай йўл тутади, буни эса яна икки ярим йилдан кейин ўтажак фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига қадар кузатиб борамиз.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo