Аёл - нафис хилқат. У она, яратувчи, тарбиячи, кези келганда, посбон ҳам. Бу жиҳатларни ҳисобга олганда хотин-қизларни ҳар қанча эъзозласак кам. Хотин-қизлар яратувчилик билан бирга жамият ривожи ва тараққиёти йўлида эркаклар билан елкама-елка туриб хизмат қилаётгани эса алоҳида таҳсинга лойиқ.
Бошқа соҳаларда бўлгани каби ички ишлар идоралари тизимида хизмат қилиб, осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, қонунбузарликларга барҳам бериш йўлида фаолият юритаётган хотин-қизлар бир талай. Жумладан, Нишон тумани ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича инспектори Нафиса Хужанова ҳам мана ўн икки йилдирки, зиммасидаги масъулиятни шараф билан адо этиб келаётир.
Қарши шаҳрида туғилган Нафиса 9-ўрта мактабни тугатиб, ИИВ академиясида ўқиди. Олийгоҳни тугатиб дипломни қўлга олгач, илк иш фаолиятини Ғузор тумани ИИБ ҲПБда вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси лавозимидан бошлади. Устоздан ўзмаган шогирд шогирд эмас, ақидасига амал қилиб, тизимдаги янгилик ва ўзгаришларни мунтазам ўрганиб бориб, билим ва тажрибасини бойитди. Ўз ишига бўлган қизиқиш ва изланиш боис 2014-2019 йилларда тизимнинг тергов соҳасида ишлади. Жиноятларни таснифлаш ва қонунчиликдаги янгиликларни амалиётда қўллаш борасида устозларидан маслаҳат олишни канда қилмади. Қолаверса, отаси ҳам шу соҳада ишлагани, берган зарур маслаҳатлари фаолияти давомида асқатди.
- Ота касбни танлаганимдан мамнунман. Ёшлигимда отамнинг ишдан қайтишини интизорлик билан кутардим. Негаки, эл осойишталиги йўлида хизмат қилаётган отам билан фахрланардим. Падари бузрукворимнинг эгнидан формасини ойимдан олдин олиб, жавонга илгунча ҳавас билан боқардим, - дейди Нафиса Хужанова. - Насиб этса мен ҳам худди отамдек ички ишлар ходимаси бўламан деган ҳавас ўша чоғларда қалбимда уйғонганди. Қалбан қилинган истак рўёбга чиқаркан. Буни ўз ҳаётим мисолида кўрдим.
Н.Хужанова хизмат фаолияти давомида турли ҳолатларга дуч келади. Ҳар қандай вазиятда ҳам қонунга таяниб, босиқлик ва ақл билан иш кўриб, муаммонинг ечимини топади. Нишон туманидаги Пахтазор МФЙда яшовчи ака-ука Истам ва Исмат (исмлар ўзгарган) ёнма-ён қўшни бўлиб аҳил-иноқ яшаб келишган. Кунларнинг бирида ака-уканинг рафиқалари ўзаро сен-менга бориб қолади. Жанжалга эркаклар ҳам аралашгач, вазият жиддий тус олиб, бири-бирига мушт кўтаришгача бориб етади. Мазкур ҳолат маҳаллада муҳокама этилганда улар бир-бирларини кечириб, қилган ишларидан пушаймонлигини билдиришиб, гина-кудуратга чек қўйишди.
Умрингни фидойилик талаб қиладиган касбга бағишласанг, бундан қалбинг фахр ҳиссини туяди. Кечагина ёш ходима бўлган капитан Нафиса Хужанова бугун 2 нафар фарзанднинг онаси. Турмуш ўртоғи ҳам ички ишлар тизимида хизмат қилмоқда. Данагидан мағзи ширин деганларидек, неваралар боболарининг овунчоғи. Пойдевори мустаҳкам бу сулоладан ҳали кўп осойишталик посбонлари етишиб чиқишига шубҳа йўқ.
Н.ХЎЖАЕВ