Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

13.11.2017


ЭЛ САЛОМАТЛИГИ — ОЛИЙ САОДАТ

- Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тиббиёт соҳасини янада такомиллаштириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, сифатли хизматдан аҳоли манфаатдорлигини оширишга қаратилган 10 дан ортиқ қарор ва фармонлар қабул қилинди,  - дейди Тўлқин Расулов. - Жумладан, улар аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлаш, она ва болани муҳофаза қилиш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи бўғини ишини янада яхшилаш, хусусий секторни ривожлантириш масалаларига тааллуқлидир. 

Шунга мувофиқ вилоятда 100 миллиард сўм маблағ эвазига 150 ўринли республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий марказининг Қарши филиали, республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг 120 ўринли Қарши филиалини қуриш, таъмирлаш ҳамда вилоят юқумли касалликлар шифохонасини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, унинг 120 ўринли янги биносини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Нишон, Яккабоғ, Косон, Қамаши ва Китоб тумани тиббиёт бирлашмаларида кардиология, Шаҳрисабз, Ғузор, Қамаши ва Китоб тумани тиббиёт бирлашмаларида эса эндокринология бўлимлари ташкил этилди.

Шунингдек, фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш, маҳаллий дори-дармон ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг талаб ва истагидан келиб чиққан ҳолда дори воситаларининг арзон нархларда сотилишини таъминлаш борасидаги ишлар ҳам анча такомиллашди, тартибга кирди.

Соғлиқни сақлаш соҳасининг икки асосий бўғини - патронаж ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан аҳолининг тўлиқ қамраб олинишига эришиш эса саломатликни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда вилоят ҳокимининг 2017 йил 1 мартдаги қарорига асосан тез тиббий ёрдам хизмати учун 40 та “Дамас” тез тиббий ёрдам автомашинаси сотиб олишга маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 663 миллион сўм ажратилди, лизингга олинган 40 та “Дамас” эса тез тиббий ёрдам сифатини яхшилаш учун туманларга тақсимлаб берилди.

Шаҳар ва туманлардаги тез тиббий ёрдам кўчма бригадаларини дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида  қарийб 580 миллион сўм маблағ ажратилди. Эндиликда бир чақириққа сарфланган дори-дармон 2500 сўмни ташкил этмоқда, 2016 йилда бу кўрсаткич атиги 494 сўм эди.

Қайд этиш жоизки, вилоятдаги бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг оптималлаштирилиши натижасида қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) сони 256 тадан 155 тага қисқартирилиб, 72 та ҚВП негизида кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Қисқартирилган ҚВПлар негизида янги 30 та тез тиббий ёрдам    шохобчасини ташкил этиш орқали қишлоқ жойлардаги тез тиббий ёрдам тармоғи кенгайтирилди. Фаолияти тугатилган 42 та ҚВП бинолари шифокорлар учун хизмат уй-жойи сифатида фойдаланишга берилди. Айни пайтда вилоятда 14 та тез тиббий ёрдам станцияси ва уларнинг  95 та шохобчаси аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Сўнгги йилларда барча даволаш-профилактика муассасалари қатори туғруқ комплеклари ривожланган давлатлардан келтирилган замонавий лаборатория ва ташхис ускуналари билан таъминлангани эътиборга молик. Айни пайтда “Бебитерм”, “Пульсоксиометр”, “Кардиомонитор” каби тиббий аппаратуралар ёрдамида чақалоқларга микроиқлим яратиш, аёллар организмидаги ўзгаришларни назорат қилиб бориш имкониятлари юзага келди. Натижада муддатидан олдин туғилган гўдаклар ҳаётини сақлаб қолиш, ҳомиладорлик давридаги турли патологик ўзгаришларни бартараф этиш, гўдакларни мутлақо соғлом ҳолатда дунёга келтириш борасида ижобий натижаларга эришилди.

Ўтган давр мобайнида юртдошларимиз саломатлиги мустаҳкамланиб, оналар ўлими 3,2, болалар ўлими 3,4 баробар камайгани, ўртача умр кўриш даражаси 66 ёшдан 73,5 ёшга, аёллар ўртасида 76 ёшга узайгани тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг аниқ самараларини кўрсатиб турибди.

Бугунги кунда вилоятимизда 5 минг нафарга яқин шифокор, 28 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими халқимиз саломатлигини муҳофазалаш ишида меҳнат қилмоқда. Аҳоли ишончи ва ҳурмати сабаб тиббиёт соҳаси шарафли вазифага, масъулиятли ишга айланди. Биринчи Президентимиз ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси тиббиёт ходимлари байрами сифатида нишонланиши ҳам соҳа вакиллари меҳнатига билдирилган юксак ҳурмат ва эъзоз ифодасидир.

 

Шоҳиста БОЗОРОВА ёзиб олди.

Report typo