14 январь - Ватан ҳимоячилари куни
Ватанига, халқига хизмат қилиш ҳар бир инсон учун муқаддас ва шарафли бурч саналади. Бу эзгу туйғу киши қалбида шаклланишида оиланинг, яқинларининг тарбияси, шахсий намуна бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Улар мардлик, жасорат, ватанпарварлик каби ҳисларни ўз ўгитлари, насиҳатлари орқали фарзандлари қалбига жо қилади. Мана шундай фазилатга эга бўлган ўғил-қизлар эса Ватан равнақи учун жон куйдирадиган инсонлар, юртнинг ишонган тоғи бўлиб вояга етади.
Ушалган ёшлик орзуси
Зуфар Юсупов ҳам ёшлигидан ҳарбийлик касби эгаси бўлиш, юрт тинчлиги ва осойишталигига хизмат қилиш иштиёқи билан улғайди. Бугун у вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник унвонига эга.
- Бобом, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Соибназар Юсупов менда китобга, ҳарбий бўлишга меҳр уйғотган, - дейди у. - У киши уруш хотираларини, ватан ҳимоясига отланган мард йигитлар жасорати ҳақида ҳикоя қилиб берарди. Ўшандаёқ Қуролли Кучлар Академиясида ўқиш менинг олдимда турган энг олий мақсадларимдан бирига айланган.
Қатъий қўйилган мақсадга эришиш учун Зуфар Юсупов дастлаб Урганч шаҳрида жойлашган Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий академик лицейда ўқиди. Касбининг илк сабоқларини шу ерда ўрганди, жисмонан чиниқди, ўзига бўлган ишончи ортди. Кейин таълимни ўзи орзу қилган ҳарбий олийгоҳда давом эттирди.
- Энди меҳнат фаолиятимни бошлаган дамларимда ота-онам: "Ўғлим, сен ҳарбийлик касбини танладинг, сенга қанча-қанча масъулиятли вазифалар юклатилган. Ҳар кимга ҳам бундай ишонч берилавермайди, сенга насиб қилган экан, сабр ва бардошли бўлиб хизмат қилишинг керак", дея ўгит беришган, далда бўлишган, - дейди Зуфар Юсупов. - Уларнинг мана шу сўзлари ҳар доим менга мотивация бериб турди. Қолаверса, ёнимда ҳамиша турмуш ўртоғим бўлади.
Тан олиш керак, бугун Қуролли Кучларимиз нафақат юртимиз тинчлиги ва осойишталигимиз таянчи, балки ўзбек халқи ватанпарварлиги, бирлиги ва қудратининг ҳақиқий рамзига айланди. Ортга назар ташласангиз, армиямиз 33 йил давомида мураккаб, аммо шарафли йўлни босиб ўтганига амин бўламиз.
- Ёшлар орасида ҳарбий хизматни ўташга бўлган ҳавас ва иштиёқнинг тобора ортиб бораётгани қувонарли, - дейди ҳамсуҳбатим. - Ҳарбий либосда қайси бир жойга борсак, бизга нисбатан ёшларнинг кўзида қувонч ва ҳавасни кўрамиз. Зеро, киндик қонимиз томган жонажон Ватанни ҳимоя қилиш, юртга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир йигит учун олий мақсад, катта шараф ва масъулиятли вазифадир.
Навбатдаги чақирув
Маълумки, табиий ва техноген тусдаги офат-ҳодисалардан ҳеч ким кафолатли ҳимояланмаган. Демак, ҳеч кимнинг бошига тушмасину, бундай хатарлар билан доимо ёнма-ён яшаб келаяпмиз. Мана, Қарши шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими 2-ёнғин-қутқарув қисмига навбатдаги чақирув бўлди. Воқеа жойига йўл олган гуруҳ таркибида катта уста-қутқарувчи (ёнғин ўчирувчи) кичик сержант Шухриддин Усмонов ҳам бор.
- Табиий офат бўладими, ёнғин ва эҳтиётсизлик оқибатида рўй берган нохуш ҳолатлар бўладими, бизнинг вазифамиз аввало инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, мол-мулкига зарар етишининг олдини олиш эканлигини доимо ҳис этиб турамиз, - дейди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси тезкор бошқарув маркази бошлиғи подполковник Нодир Нурматов. - Бундай вазиятларда аниқ, тезкор ва ҳамкорликда тартибли ҳаракат қилиш жуда муҳим. Шухриддин бу талабларни яхши ўзлаштирган сафдошларимиздан бири. У бажарадиган ишини пухта қилади. Ўзига талабчан, ҳарбий интизомга қатъий амал қилади ва ҳамиша жанговар шай ҳолатини сақлаб туради.
- Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида хизмат қилиш давомида жуда кўп нарсани ўргандим, - дейди Шухриддин Усмонов. - Бурчга садоқат, фидойилик, одамларнинг ҳаёти учун курашиш, инсонларни қутқариш ва ёрдам бериш каби зиммамдаги масъулият мени ҳар доим сергак тутади. Агар ишимиз давомида кимгадир ёрдамимиз тегса, вазифамизни муваффақиятли бажара олсак, ҳамма чарчоқларимиз бир зумда чиқиб кетади. Ҳаракатларимиз зое кетган дамларда эса барча қатори афсус чекамиз.
Гуруҳ чақирувдан қайтди. Хайрият оғир вазият эмас экан. Онанинг эҳтиётсизлиги сабаб ёш боласи уй ичида қулфланиб қолибди. Шухриддин махсус ускуналари билан эшикни моҳирона очиб берди ва болани қучди. Ҳамма ундан миннатдор.
Ҳарбийнинг аёли
Юрт тинчлиги тенгсиз неъмат, Ватан осойишталигини муҳофаза қилишдан буюк вазифа йўқ. Ҳарбийлар ана шундай масъулиятли касб эгалари, осуда ҳаётимиз поспонларидир. Бежизга ўғли ҳарбий бўлган ота-оналар ифтихор тўймайди. Чунки улар Ватанга қалқон турган фарзанди сабаб уйда тинч ўтирганини яхши англайди.
Хўш, ҳарбийга турмушга чиққан аёлларимизчи, улар қандай фикрда?
- Ота-оналаримиз розилиги билан 2008 йилда турмуш қурганмиз, - дейди Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича катта офецери подполковник Сойибжон Дармоновнинг аёли Нодира Дармонова. - Тўйдан сўнг бир ҳафта ўтиб Андижондан Чирчиққа кўчиб кетганмиз. Тўғриси бошида қийинчилик бўлди. Турмуш ўртоғим эрталаб чиқиб кетиб, кечқурун келарди. Кейин уларнинг узоқ муддатли сафарлариям кам эмас эди. Зерикар эдим, уйдагиларни соғинардим. Нима бўлганда ҳам турмуш ўртоғимнинг ёнида елкадош, ҳақиқий умр йўлдош бўлишим кераклигини ўйлаб, иродали бўлишга ҳаракат қилганман.
Дарҳақиқат, ҳарбийлар қаерга хизматга жўнатилса, ўша ерда яшашга, керак бўлса, ўз жонини юрт ҳимоясига тикишга тайёр инсонлар. Шунинг учун ҳам уларни Ватан ҳимоячиси, юрт посбони, деб улуғлаймиз.
- Турмуш ўртоғим ҳарбийликни юрт мудофаасига бағишлаган ҳаёт, дейди. Аслидаям шундай, - дея сўзида давом этади Нодира Дармонова. - 2014 йилда Термизга кўчиб келдик. У ерда ҳам кўп ижара уйларда яшадик. 2020 йилдан буён эса Қашқадарёдамиз. Уч нафар фарзандимиз бор. Катта ўғлимиз 9-синфда, қизимиз 6-синфда ўқийди. Кенжамиз эса 6 ёшда.
Ҳарбий эркак оилага, фарзандлар билан шуғулланишга камроқ вақт топиши бор гап. Ана шу вазиятда унинг аёли бу бўшлиқни тўлдириши кераклигини Нодира жуда яхши англайди. Фарзандларига қўшилиб гоҳ ўқувчи, гоҳ ўқитувчи ролини ҳам бажаради.
- Болалар тарбияси билан машғул бўлиб ҳеч қаерда ишламадим, - дейди у. - Улар кўп мактаб алмаштиришига тўғри келган. Билими пасайиб кетишидан қўрқардик. Лекин ҳаракатлари яхши. Иккаласи ҳам инглиз тилида бемалол гаплаша олади. Уйда ҳам бекор ўтириб қолганим йўқ. Касбим ҳамширалик. Қайси вилоятда яшамайлик, қўни-қўшниларнинг ҳамшираси бўламан. Бундан ташқари тўқиш-бичишни яхши кўраман. Буюртма асосида хотин-қизларга рўмол, нимча тўқиб бераяпман. Мономарказда қандолатчилик, аёллар сартарошлиги бўйича курсларда ўқидим. Энди тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳақида ўйлаяпман.
Суҳбат давомида сафар халтаси доимо тайёр турувчи ҳарбийнинг аёли бўлиш унчалик ҳам осон эмаслигини сездим. Ойлаб, керак бўлса йиллаб ота-онаси ва жигарларидан олисда бўлишига тўғри келадиган ҳарбийликнинг машаққатини турмуш ўртоғи билан теппа-тенг бўлишаётган аёлларга таъзим.
- Очиғи, ҳарбий билан ёнма-ён яшаган аёлга берилган ташвиш-синовларнинг роҳати ҳам бор, - дейди Нодира Дармонова. - Сўнгги йилларда нафақат ҳарбийларга, балки уларнинг оила аъзоларига ҳам қатор имтиёз ва тўкис шароитлар яратиб берилаяпти. Бу ислоҳотлар самарасини ўз ҳаётим мисолида кўриб турибман. Қарши шаҳридаги ҳарбийлар шаҳарчасидаги барча қулайликларга эга икки хонали хонадонга кўчиб ўтганмиз. Турмуш ўртоғимнинг Ватан тинчлигини таъминлашга ҳиссаси қўшилаётганидан, мен оиладан туриб уларни қўллаётганимдан фахрланаман.
Шоҳиста БОЗОРОВА