Лойиҳа муаллифларининг билдиришича, жавондан андроид тизимида ишловчи мобиль алоқа қурилмасига эга барча китобсеварлар бемалол фойдаланиши мумкин. Бунинг учун махсус дастурий таъминот яратилган бўлиб, "QR-kod" орқали электрон китобни дарҳол юклаб олиш имкони мавжуд. Ҳозирча жавондан филиал серверида жойлаштирилган 100 дан ортиқ бадиий китоблар, мутахассислик адабиётлари ўрин олган.
- Бу ташаббусни илгари суриш асносида ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, китоб мутолааси учун қулайлик тақдим этишни мақсад қилганмиз, - дейди филиал етакчи мутахассиси, лойиҳа муаллифларидан бири Даврон Обиджонов. - Электрон жавонни китоб билан тўлдириш учун энг сара бадиий асарларни танладик. Шунингдек, кам нусхадаги техник адабиётларнинг ҳам электрон шаклини яратиб, тизимга киритдик. Талабалар бу китобларни ўз смартфонига юклаб олиб ўқишда умуман қийналмайди. Лойиҳамиз кўпчилик томонидан қизғин қарши олинганидан мамнунмиз. Ҳозирда уни янада такомиллаштириш устида иш олиб бораяпмиз.
Қайд этиш жоиз, китобхонлар хоҳиш-истагини инобатга олиб, келгусида бундай электрон китоб жавонлари сонини кўпайтириш, жумладан, дам олиш масканларида "QR-BOOK" тизимида ишловчи китоб мутолаа қилиш жойларини ташкил этиш белгиланган.
Мазкур инновацион лойиҳа компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик даражасини оширишга хизмат қилади.
М.ЖЎРАЕВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.