Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 декабрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жараён
  • "ЭЛЕКТРОН ШИФОХОНА" АХБОРОТ ТИЗИМИ,  IT-АКАДЕМИЯ ВА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ КУБОГИ УЧУН КЎРИК-ТАНЛОВ

Ўз мухбиримиз

15.09.2022


"ЭЛЕКТРОН ШИФОХОНА" АХБОРОТ ТИЗИМИ,  IT-АКАДЕМИЯ ВА ВИЛОЯТ ҲОКИМИ КУБОГИ УЧУН КЎРИК-ТАНЛОВ

Ахборот-коммуникация технологиялари

Юртимизда 2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш мўлжалланаётган экан, бу жараёнда вилоятимизда ҳам бир қатор тармоқларни рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳалар амалга оширилиши назарда тутилган.

Президентнинг жорий йил 22 августдаги қарорида акс эттирилган мазкур лойиҳалар доирасида Қашқадарёда яқин келажакда "Электрон шифохона" ва "Ягона тез тиббий ёрдам" ахборот тизимлари жорий этилиб, IT-парк ҳудудий филиали ва ҳатто IT-академия ташкил қилинади, "Истиқболли дастурий маҳсулотлар" кўрик-танлови ўтказилади.

"Ягона тез тиббий ёрдам" ахборот тизими

Қарорнинг тегишли иловасида келтирилган рўйхатга кўра, рақамли технологияларни ривожлантириш доирасида Қашқадарё вилоятини рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳаларнинг бир қисми ижтимоий соҳаларда рўёбга чиқарилади. Масалан, ҳудудда "Электрон шифохона" намунавий ахборот тизимини яратиш учун дастлаб шу йилнинг декабрь ойига қадар уни вилоятдаги соғлиқни сақлаш муассасаларида жорий этиш бўйича режа-жадвал ишлаб чиқилади, сўнгра бу режа-жадвал асосида барча  муассасалар керакли жиҳозлар билан таъминланади ва уларда босқичма-босқич (2023 йил июлгача) янги тизим вужудга келади.

"Ягона тез тиббий ёрдам" ахборот тизими билан  боғлиқ режаларни ҳаётга татбиқ қилиш учун эса бундан-да кўпроқ (келгуси йил октябргача)  вақт зарур бўлади. Шу орада вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларидаги тез тиббий ёрдам станцияларининг автотранспортлари GPS-трекерлар ва планшетлар билан жиҳозланиб, тез тиббий ёрдам бўлинмаларида чақирувларга хизмат кўрсатиш бўйича замонавий Call-марказлар ташкил этилиши шарт. Айни пайтда барча тез тиббий ёрдам бригадаларининг ходимлари ва Call-марказлар операторлари учун тизимдан фойдаланиш бўйича ўқувлар уюштирилиши, шунингдек, бошқа зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилиши лозим.

Ўз навбатида вилоят марказида "Халқ назорати" электрон портали ва мобил иловасини жорий этиш учун жорий йил декабрь ойига қадар техник ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, яна олти ойдан сўнг (2023 йил майда) эса бу портал ва иловадан тўлақонли фойдаланишни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Навбатдаги устувор лойиҳа автотураргоҳларнинг ягона реестрини шакллантириш ва тегишли хизмат учун онлайн-тўлов имкониятини яратишга қаратилган. Унинг доирасида шу йил сентябрь ойида ҳудуддаги барча автотураргоҳларни хатловдан ўтказиб, 2023 йил январда уларнинг ягона реестрини тузиш ва келгуси йилнинг    октябрь ойига бориб Қарши шаҳридаги барча автотураргоҳларда онлайн-тўловлар учун зарур шарт-шароитларни муҳайё қилиш мўлжалланмоқда.

Кўкдала туманида Алоқа уйи қурилиб, биносида IT-парк ташкил этилади

Режага кўра, вилоятимизда 2022-2023 йилларда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш ва давлат хизматларини рақамлаштиришни кенгайтириш борасида ҳам бир қатор диққатга сазовор лойиҳалар бажарилади. Улардан бири вилоят ҳудудида 2021-2022 йилларда ташкил этилган ва ташкил этилаётган ижтимоий соҳа объектлари (мактаб ва мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари)ни телекоммуникация ва хусусан, юқори тезликдаги интернет хизматлари билан таъминлашдан иборат бўлса, яна биттаси янги ташкил этилган Кўкдала туманида почта ва телекоммуникация боғламалари (Алоқа уйи)ни қуриш ва мазкур бинода IT-парк (рақамли технологиялар ўқув маркази)ни жойлаштиришни назарда тутади. Эътиборлиси, Алоқа уйи учун ер майдони ажратишдан тортиб унинг биносини қуриб битказиш ва ичида IT-парк очишгача бўлган барча жараёнлар  шу йил сентябрь - келгуси йил май ойлари оралиғида амалга оширилиши лозим.

Вилоятимиз шаҳар ва туманларининг почта бўлимларида Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланган ҳолда 60 та давлат хизмати кўрсатишни йўлга қўйиш учун эса шу йилнинг охиригача муҳлат  берилган.

Илғор маҳаллий ва хорижий тажриба асосида

Президент қарори билан тасдиқланган рўйхатга Қарши шаҳри ҳудудидан IT-парк Қашқадарё ҳудудий филиали учун фойдаланилмасдан турган бино ёки ҳудуд ажратиш (шу йил октябрь ойида) ва мазкур филиални ташкил қилиш (2023 йил декабрда) чора-тадбирлари ҳам киритилган. Айнан шу муддатларда вилоятимизда IT-академияси фаолияти йўлга қўйилиб, унда юртимиздаги "Astrum" IT-академияси ҳамда илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган дастурлар бўйича ўқув жараёни бошланиши лозим.

Шу ўринда эслатиш жоизки, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ  туманида жойлашган "Astrum" IT-академияси АҚШдаги Силикон водийси дастури доирасида ўқиш ва мартаба ошириш учун ноёб имкониятларни таклиф қилувчи Ўзбекистондаги биринчи дастурлаш академиясидир.

Қашқадарё вилоятини рақамли трансформация қилиш бўйича устувор лойиҳаларнинг яна биттаси ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматларни кўрсатиш ва экспорт (IT-аутсорсинг) марказларини ташкил этишга йўналтирилган. Унинг доирасида бундай марказларнинг биринчиси воҳамизда шу йилнинг охиригача, қолганлари босқичма-босқич вилоятимиз туман ва шаҳарларида 2023-2026 йилларда очилиши даркор. Бунинг учун "Ўзбектелеком" АК ёки "Ўзбекистон почтаси" АЖнинг жойлардаги бўш турган бинолари ажратилиб, IT-парк томонидан ишлаб чиқилган концепция асосида таъмирланади.

Ёшларнинг IT соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириш учун Қашқадарёда бир йилда икки маротаба вилоят ҳокими кубоги учун "Истиқболли дастурий маҳсулотлар" кўрик-танлови ўтказилади. Уни юқори савияда ташкил этиш учун юқори малакали тренерлар ва экспертлар гуруҳи жалб қилиниб, ғолиб ва совриндорлар муносиб рағбатлантирилади, энг яхши лойиҳалар эса "Start-up" дастурларига йўналтирилади.

Ўз мухбиримиз

Report typo