Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

15.02.2017


ЭЛИ ДАРЁ, ФЕЪЛИ ДАРЁ – ҚАШҚАДАРЁ

 

Қарши шаҳридаги Амир Темур кўприги атрофида сайрга отланган ёшу қарининг чеҳрасида мамнунлик.

Жорий йилнинг 5 июнида ушбу тарихий иншоотнинг тубдан реконструкция қилиниб, қайта чирой очгани, унга туташ ҳудудда ташкил этилган хиёбоннинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. Унда вилоят аҳли, кенг жамоатчилик  вакиллари иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев барчани ушбу қутлуғ воқеа билан муборакбод этди.

Дарҳақиқат, истиқлол йилларида жонажон Ўзбекистонимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. Кенг ва равон кўчалар, осмонўпар бинолар, хиёбону, истироҳат боғлари, соғлиқни сақлаш, спорт ҳамда таълим-тарбия ва илм масканлари барпо этилди. Ҳар бир гўша замонавий қиёфа касб этди. Ёш оилалар учун қишлоқ жойларда барпо этилаётган намунавий лойиҳадаги турар жойлар дунё ҳамжамиятини ҳайратга солаётгани сир эмас. Мазкур қурилиш ишлари орқали ҳар йили ўн минглаб оила узоқ муддатли имтиёзли кредитлар эвазига шинам ва замонавий ҳовли-жойига эга бўлаётир. Ваҳоланки, кўплаб ривожланган давлатларда оилаларнинг ярмидан кўпи ижарага олинган хонадон ва уйларда истиқомат қилади. Шунинг ўзигина юртимизда инсон омили қадрият даражасига кўтарилганидан далолат бериб турибди.

Йигирма беш йиллик истиқлол даври тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан ёзилса, арзигулик. Боиси, мазкур қисқа даврда халқимиз ўзининг бунёдкорлик салоҳиятини тўла намоён эта олди. Юртбошимиз таъбири билан айтганда, одамларнинг фикри, дунёқараши ўзгарди. Илму маърифатли, маънавиятли авлод шаклланди ва ўзининг иқтидори, билими билан дунё ҳамжамиятини лол қолдириб келаётир. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз ўзининг қадимий салоҳиятини қайта тиклади, халқаро майдондаги нуфузи мислсиз даражада ортди. Кишиларнинг турмуши фаровонлашди, орзу-мақсадлари йўлида собитқадамлик билан олға интила бошлади.

Президентимиз 2015 йил 30 июнь -1 июль кунлари вилоятимизга қилган ташрифи чоғида Амир Темур кўприги устида тўхтаб, кўприк ва унинг атрофини ободонлаштириш, аҳоли маданий ҳордиқ чиқарадиган хушманзара сайргоҳга айлантириш борасидаги қимматли таклифларини берганди. Орадан бир йил ҳам ўтмай, Юртбошимизнинг ташаббуси ва раҳнамолигида Амир Темур кўприги атрофи йирик дам олиш ва истироҳат мажмуасига айлантирилди.

– Қарши шаҳрида ана шундай муаззам гўшанинг барпо этилиши, улкан бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишларининг амалга оширилиши, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай шарт-шароитлар яратилгани бизни беҳад қувонтиради, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов. – Бу, шубҳасиз, мустақиллигимизнинг 25 йиллигига биз – қашқадарёликларга Юртбошимизнинг муносиб совғаси бўлди. Мазкур кўприк шу пайтгача фақат тарихийлиги билан аҳамиятли бўлса, энди унинг атрофи ўзининг салобати, кўркам ва хушманзара хиёбонга айлангани билан ҳам келажакка дахлдордир.

Тарихий манбаларда келтирилишича, мазкур кўприк XIV асрда буюк саркарда ва давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темур ташаббуси билан барпо этилган. Кейинроқ эса Бухоро хони Абдуллахон II томонидан қайта таъмирланган. Ҳа, бу кўприк ўтмиш ва бугунни боғлаб тургани билан ҳам аҳамиятли. Уни бор маҳобати ила олти юз йилдан ошиқ йўл босган тарих карвонини боғлаб турган карвонсаройга қиёслаш мумкин.

Венгр ўлкашуноси Ванберининг “Ўрта Осиёга саёҳат” асарида Қарши шаҳри ҳақидаги маълумотлар учрайди. Хусусан, муаллиф “Қаршида оммавий оромгоҳнинг мавжудлиги мени жуда ҳайрон қолдирди. Бунга ўхшаш жойни на Бухорода, на Самарқандда, ҳаттоки Форсда ҳам учратмагандим. Мазкур оромгоҳ дарё бўйида жойлашган боғ бўлиб, у бир неча хиёбон ва гулзорларга эга”, дея таърифлайди. Бугун эса ушбу маскан янаям роҳатбахш, замонавий қиёфа касб этди. Қарши шаҳрининг гўзаллигига ўзгача шукуҳ бағишлади. Ушбу мажмуанинг барпо этилиши Амир Темур шахсига, қадимий қадриятларимиз, тарихимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эъзознинг амалий ифодасига айланди.

– Мазкур кўприкнинг ўрта аср меъморчилиги, анъаналарига содиқ қолган ҳолда таъмирлангани, тарихимизга, хусусан Соҳибқирон бобомизнинг руҳига юксак ҳурмат ва эъзоз рамзи сифатида намоён бўлади, - дейди тарихчи олим Поён Равшанов. - Унинг атрофи гўзал хиёбонга айлантирилгани эса бу ерга ташриф буюрувчиларни бир лаҳза тин олиб, ўтмишга назар ташлашга, миллатимиз, давлатчилик тарихимиз, бой маданий меросимиз ҳақида мулоҳаза қилиб, фахр ва ғурур ҳиссини туйишга ундайди. Ёшларнинг теран фикрли, ўткир зеҳнли бўлиб камол топишига ёрдам беради.

Қайд этиш жоиз, кўприк ва унинг атрофида ташкил этилган хиёбон янада кўркамлик касб этиши учун катта ишлар қилинди. Дарё ўзанлари тўлиб, манзарали оқиши учун 3 та тўғон қурилди. Соҳил бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал табиий манзара яратилди.

Шунингдек, 4 та кема тўхташ жойи қурилди, мингдан ортиқ ёритиш устунлари ўрнатилди. Бугун дарё ўзанига кўрк бағишлаётган 51 та катамаран, 2 та туристик катер аҳоли хизматида. Жажжи ўғил-қизлар учун эса 4 та аттракцион ҳамда болалар майдончалари ишга туширилди. Аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун янада қулайлик яратиш мақсадида 14 та коттеж, 4 та кафе-бар, 4 та сунъий қопламали спорт майдончалари қурилди. Қолаверса, 4 километрлик ичимлик суви, 4,2 километр канализация тармоқлари, 29,3 километр электр таъминоти ва 144,8 минг квадрат метр майдонни суғориш тизими ишга туширилди ва хиёбон тўлиқ кўкаламзорлаштирилди. Қарийб 68 минг квадрат метр йўлакларга брусчатка ётқизилди. Дарё соҳили бўйлаб замонавий дизайнда металл панжаралар ўрнатилди.

Мажмуада қишда аёз забтини, ёзда саратон тафтини босувчи кўркам ландшафт дизайни асосида 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ниҳоллари ва буталар экилди.

Амир Темур кўприги ва унга туташ хиёбоннинг очилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Унда тинч ва осуда юртда яшаш бахти нечоғлик улуғ неъмат экани ўз ифодасини топди. Тадбирда эл суйган санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури намойиш қилинди.

Ҳа, бу мажмуа халқимизнинг бирдамлиги, аҳиллиги, хотиржам ва фаровон турмушини, юртимизнинг тинчлиги, куч-қудратини намойиш этаётган иншоотлардан бири сифатида қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради.

Зеро, Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидлаганидек, Мустақиллик ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Адҳам Икромов сўзга чиқди.  

    Баҳодир ҲАЛИМОВ

Муродулла КОМИЛОВ ва Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo