Устоз санъаткор билан учрашиб, суҳбатлашиш ниятида кўҳна ва навқирон Шаҳрисабз шаҳридаги 20-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига бордик. Кутганимиздек, у киши бир гуруҳ ёшларга мароқ билан мақом сирларини ўргатаётган экан. Суҳбатимиз ҳам асосан устознинг соҳага бўлган меҳри, шогирдлари, мамлакатимизда миллий санъатимизни юксалтиришга қаратилаётган эътибор хусусида кечди.
“РАЖ КАПУРГА ҲАВАС ҚИЛАРДИМ”
- Ҳеч қачон ўзимни санъатдан бошқа соҳада тасаввур қилмаганман, қила олмайман ҳам. 1949 йилда Шаҳрисабзнинг сўлим Мираки қишлоғида туғилганман. Болалигим Иккинчи жаҳон урушининг асоратлари ҳали кетмаган, оғир инқироздаги халқ хўжалиги энди-энди қайта тикланаётган бир вақтга тўғри келган. Ўқиш билан бирга, ҳамма қатори далада меҳнат қилардим. Суягим меҳнатда қотган. Ота-онам ўзлари санъаткор бўлмаса-да, санъатни жуда яхши кўришарди. Мактабда ўқиб юрган кезларим ҳақиқий санъат шайдосига айланганман. Қўшиқ айтиш, роль ижро этиш жону дилим эди. Ўша йиллари Раж Капурнинг “Жаноб 420” фильми тез-тез экранларда намойиш этиларди. Бу кинони кўраётган вақтларим бутун дунёни унутар, унга сингиб кетардим. Фильмдаги қўшиқларни хиргойи қилиб, рақс тушиб юрардим. Орзуйим эса худди Раж Капурдек халқ таниган, севган санъаткор бўлиш эди.
ТАЛАБАЛИК – УСТОЗЛАР САБОFИ, ИНТИЛИШ ВА ИЗЛАНИШ
- Мактабни битиргач, олдимда фақат битта мақсад бор эди – санъаткор бўлиш. Мендаги иқтидор, иштиёқ ва қатъий интилишни кўрган яқинларим ҳам бу мақсадимни қўллаб-қувватлашди. Шу боис ҳеч иккиланмай Тошкент давлат театр ва рассомчилик институти (ҳозирги Тошкент маданият ва санъат институти)га йўл олдим. Талабалик бахтига муяссар бўлдим.
Бу олийгоҳ ҳаётимда жуда катта ўрин тутади. У ерда кўплаб буюк инсонлар сабоғини, маслаҳатларини, ўгитларини олганман. Уларга ҳавас қилиб, изланишга, олға интилишга ҳаракат қилардим.
Ўқиш давомида билимимни ошириш билан бир қаторда, маҳоратимни ҳам тоблаб бордим.
1971 йилда институтнинг режиссёрлик бўлимини муваффақиятли тамомладим. Мени Қори Зокир Содиқов номидаги Шаҳрисабз шаҳар халқ театрига ишга юборишди.
“ТЕАТР УЙИМДАЙ БЎЛИБ КЕТГАН”
Бу театрда 1971 йилдан то 2014 йилга қадар, яъни 43 йил давомида режиссёр бўлиб ишладим. Ҳаётимнинг катта қисми шу даргоҳда кечди. Ижод завқини ҳам, устозлик сурурини, меҳнатнинг роҳатини ҳам, барча-барчасини шу ерда ҳис этганман.
Баъзида спектаклдаги оддий бир ҳолатни чиқариш учун ҳафталаб, ойлаб меҳнат қилган, репетицияларга зўр берган вақтларимиз бўлган. Ана шундай дамларда ўзимни унутиб қўярдим. Шу кўринишни ўзим ўйлаган каби чиқаргунимга қадар на еган-ичганимда, на уйқумда ҳаловат бўларди. Лекин спектаклимиз томошабинларга ҳавола қилингач, уларнинг биринчи олқишидаёқ бу чарчоқлардан асар ҳам қолмас, янада қаттиқроқ ишлашга, бундан-да яхшироқларини саҳналаштириб, томошабинлар эътиборига ҳавола этиш ҳаракатига тушардим. 43 йил ана шундай меҳнат қилдим. Бу жойда жуда кўплаб фидойи кишилар, юксак истеъдод эгалари билан бирга ишладим, шогирдлар тайёрладим, янги-янги номларни кашф этдим. Жуда кўплаб спектаклларни саҳналаштирдим. Хуллас, ҳаётимнинг асосий мазмуни ана шу даргоҳ билан боғлиқ.
ШОГИРДЛАР
- Шогирдларим ҳақида гапирганда, тўғриси мен бунга нима деб таъриф беришни билмайман. Уларнинг ҳар бир ютуғидан қувонаман, янада каттароқ муваффақиятларга эришишини тилаб, дуо қиламан.
Турли йилларда Ўзбекистон халқ артистлари Марям Сатторова, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Исоқ Тўраев, Ўзбекистон халқ ҳофизи Ўктам Аҳмедов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мансур Хуррамов, Насиба Сатторова, Дилфуза Халилова, актёрлар Гулчеҳра Эшонқулова, Феруза Мустафоева, шунингдек яна кўплаб санъаткорларга сабоқ берганман. Бугун шогирдларимнинг кўпчилиги таниқли хонанда, актёрлар, режиссёр, сценарийнавис ёки санъатнинг бошқа бир йўналиши вакили сифатида фаолият юритмоқда. Шаҳрисабзга келса, “Устоз, бормисиз?” деб йўқлаб келади. Қучоқ очиб кутиб оламан, суҳбатлашамиз, шу ерда сабоқ олган вақтларидаги турли воқеаларни эслаймиз.
Уларнинг камоли – менинг бахтим. Уларнинг ютуқларини кўриб, умрим бекорга ўтмаганини, ана шу истеъдодларга қанот бўлганимни ўйлаб, қанчалар севинишимни, ғурур ва сурурга тўлишимни тасаввур қила олмайсиз. Бу менга янада қаттиқроқ ишлашим, ёшларга санъат сирларини ўргатишдан чарчамаслигим учун куч, шижоат беради.
2001 йилда туман маданият саройи қошида вилоятнинг турли ҳудудларидан келган мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Бахтли болалик” ёш мақомчилар ансамблини тузган эдим. Ҳозир гуруҳга раҳбарлик қилиш билан бирга, ана шу ёшларга мақом сирларини ўргатиб келаяпман.
Айни пайтда 70 ёшдаман, нафақага чиққанимга 10 йил бўлди. Лекин эрта тонгдан туриб шогирдларим ёнига шошаман. Шу бугун уларга яна бир янги нарсани ўргата олсам, ўзимда ҳаловат сезаман. Ишонсангиз, ҳатто якшанба кунлари ҳам ишга келиб, шогирдларимни чақираман ва биргаликда қайсидир мақомни машқ қиламиз. Бусиз яшай олмайман.
МАҚОМ – У ЭНДИ ЎЛМАЙДИ
- Институтни тамомлаб, ишга келганимнинг иккинчи йилиёқ Шаҳрисабзда мақом ансамблини ташкил этган эдим. Ўша пайтда дўстим, ҳозирда АҚШда яшаб ижод қилаётган асли шаҳрисабзлик санъаткор Изро Малаков ҳам ансамбль ташкилотчиларидан бири бўлган.
Кейинги 40 йилдан ошиқ вақт давомида бу ансамбль таркибидан кўплаб истеъдодли санъаткорлар етишиб чиқди. Улар ўз ижодлари воситасида мақомнинг ҳақиқий жозибасини, сеҳрини, сиру синоатини ёш авлодга етказиб келмоқда. Шунга қарамай, сўнгги пайтларда ёшларимиз орасида мақом санъатига нисбатан қизиқиш бироз пасайиб кетаётгандек эди. Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Шаҳрисабзда Халқаро мақом санъати анжуманига асос солингани мумтоз санъатимизнинг том маънода қайта туғилиши бўлди. Мана шу анжумандан сўнг минг-минглаб ёшларимиз қалбида мақомга нисбатан қизиқиш, меҳр уйғонгани, кўпчилик уни ўрганишга бел боғлаганига ишончим комил. Бундан буёғига мақомнинг нуфузи янада юксалиб бораверади.
Анжумандан икки ярим ой аввал вилоятимиздаги турли мусиқа ва санъат мактабларида таълим олаётган 150 нафар ёш иқтидор эгаларини танлаб олиб, танловда иштирок этиш учун уларни тайёрлай бошладим. Қисқа фурсат ичида бу ёшлар 6 та энг қийин мақомни шу даражада мукаммал ўзлаштирдики, мухлислар қолиб, мутахассислар ҳам уларнинг чиқишидан ҳайратда эканини яширишмади. Демак, ёшларимиз орасида мумтоз санъатимизни ўрганиб, унинг жозибасини дунёга ёйишга қодир, юксак иқтидор эгаси бўлган ўғил-қизлар жуда кўп. Шахсан мен ана шу 150 нафар шогирдимнинг камида ярми келгусида буюк санъаткорлар бўлиб етишишига ишончим комил. Фақат уларга ўргатишдан, интилишларига қанот бўлишдан тўхтамаслигимиз керак.
“МукофОтлар янада масъулият билан ишлашим кераклигини англатади”
- Инсон чин дилдан, астойдил меҳнат қилса, албатта, эътибор топади. Бўлмаса, республиканинг олис бир туманида яшаб, шу ерда ижод қилиб, ёшларга санъатдан сабоқ бериб келаётган мендек бир киши мамлакатимизнинг юксак унвон ва орденларига сазовор бўлармидим.
1992 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонини олдим. 2009 йилда “Эл-юрт ҳурмати” орденига сазовор бўлдим. 2018 йилда эса юртимизнинг яна бир юксак мукофоти – “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирландим. Шу билан бир қаторда, деярли ҳар йили Маданият вазирлиги, вазирлик тизимидаги вилоят ва туман ташкилотларининг дипломлари, фахрий ёрлиқлари билан тақдирланиб келмоқдаман.
Албатта, бу мукофотлар менга янада катта масъулият юклайди. Озгина меҳнатим давлатимиз, халқимиз томонидан эътироф этилаяптими, демак, шунга муносиб бўлишим, уларнинг ишончини бундан-да юксакроқ оқлашим керак, деган мақсад пайдо бўлади менда.
ОИЛАМ - БОРЛИҒИМ
- Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, бунда оиламнинг ҳам ҳиссаси бор. Чунки оиласи тинч, турмуш ўртоғи уни тушунган, режаларини, мақсадларини ҳурмат қилган кишигина (айниқса у ижодкор бўлса) катта ютуқларга эриша олади. Бу борада мен дунёдаги энг бахтли инсонлардан бириман.
Турмуш ўртоғим Мукаррамхон Авазова 50 йил давомида туман юқумли касалликлар шифохонасида ҳамшира бўлиб ишлади. Одамларга ёрдам беришни нафақат касбий, балки инсоний бурчи деб билди. Қўли енгил ҳамшира бўлгани боис, қўни-қўшнилар ҳам тоби қочиб колгудек бўлса, дарров бизникига чиқарди. У эса ишдан чарчаб келганига қарамай, ҳеч қачон йўқ деган жавобни айтмасди.
Биргаликда икки ўғил, икки қизни вояга етказдик. Ҳозирги кунда 13 нафар неваранинг бобо ва бувисимиз.
Ўғилларим онаси каби тиббиёт соҳасини танлаган. Икки қизим эса санъат соҳасида фаолият юритаяпти.
Рафиқам билан биргаликда фарзандлар тарбиясига доим эътиборли бўлганмиз. Лекин энг аввало ўзимиз мунтазам изланардик, интилардик, ишлардикки, фарзандларимиз ҳам ҳаётда барча ютуқларнинг асоси меҳнатда, ҳаракатда эканини кўриб катта бўлишди. Ҳалол меҳнатимиз, изланиш ва интилишимиз билан уларга намуна бўла олдик, деб ўйлайман.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ суҳбатлашди.
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.