Шунга кўра, вилоятимиз ҳудудида жойлашган ва илгари бориш чекланган Қаласой дарасидаги Амир Темур ғори, динозавр излари ва шаршара, Сувтушар шаршараси, Тошқўрғон, Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари, "Хўжа Каршавар" платоси, Жанқа кўли, Северцев музлиги, "Ҳазрат Султон" муқаддас қадамжоси энди барча учун очиқ. Бу эса юртимизга чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, ички туристлар сонини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Қайд этиш жоизки, хушманзара ва фусункор табиатли, шунингдек, ғаройиботларга бой бу масканлар ўта жозибадорлиги билан ажралиб туради. Мисол учун, Ҳисор тоғларида жойлашган Амир Темур ғори жуда машҳур. Унга йўлбошчисиз кириш осон эмас. Ичкарига 200 метрдан ортиқ тубликда жойлашган тошли зинапоялардан тушилади. Каньоннинг узунлиги тахминан 6 километрни ташкил этади. Ҳалқ тилида Соҳибқирон Амир Темур ва унинг сафдошлари уруш сафарига тайёргарлик кўриш чоғида шу ерни бошпана тутишган деган, тахмин юради.
Қаласой дарасидан топилган динозавр излари ҳам мамлакатимиздаги камёб табиий манба сифатида қадрланади. Катта қоятош ҳамда арчазорлар орасида жойлашган Сувтушар эса мамлакатимиздаги энг узун ва серсув шаршара ҳисобланади. Унинг баландлиги 84 метр бўлиб, кўклам ойларида ундан сониясига 5-6 куб метр сув отилиб тушади. Ўзига хос, хушманзара, соф табиатли Жовуз, Ғилон ва Кул қишлоқлари ҳақида ҳам ҳайратларга бой кўп фикрлар айтиш мумкин.
МИРЖАҲОН