Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Эркин ЭСИРГАДИЕВ

17.04.2017


ЭНДИ ЭСКИЧА ЯШАБ ҲАМ, ИШЛАБ ҲАМ БЎЛМАЙДИ

Мамлакатимиз раҳбарининг Туркманистон, Қозоғистон республикалари ва Россия давлатида бўлиб, ушбу давлатлар раҳбарлари билан ўзаро тенг манфаатли шартномалар имзолаганини кўрдик. Қолаверса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” деб номланган жорий йилда Президентимиз вилоятларда бўлиб, ислоҳотларнинг бориши билан танишибгина қолмай, халқимиз фаровонлиги йўлида қилинаётган хайрли ишларга бош бўлмоқда.

Энди бир ўйлаб кўрайлик. Хўш, нега шундай бир даврда, яъни Юртбошининг туну кун эл дарди билан ёнаётганини кўриб-билиб туриб ҳали ҳам дунёни сув босса тўпиғига чиқмайдиган одамдай мудроқмиз?

Бундай деяётганимнинг боиси бор. Яқинда, адирлар аро қоқи ва қўзигуллар, бойчечаклар ифори оламни тутган бир чоғда Чироқчида бўлдим. Элдошларимни осмонга қараган одамлар, дегим келади. Бу йил уларнинг ошиғи олчи. Негаки, қиш яхши келди. Баҳор ҳам серёғин бўлди. Бундан ёшу қари мамнун. Шунга монанд тўю тантаналар ҳам жуда серфайз ўтмоқда. Бироқ...

Очиғини айтай, бу ерда ҳафсалани пир қиладиган ҳолатлар ҳам кўп бўлди. Масалан, анча йилдан буён туманда йўлларга умуман эътибор қаратилмаган. Халқимизда йўл азоби – гўр азоби, деган гап бор. Ўнқир-чўнқир йўллар нафақат ҳайдовчилар, балки ҳар бир йўловчининг ғашига тегади. Наҳотки туман раҳбарлари шу йўллардан юрмаган бўлса, деган ҳақли савол туғилади.

Бундан ташқари, ҳар бир улови бор одам “йўл солиғи” тўлаётганини яхши билади. Очиғи, туман марказигина эмас, қишлоқ йўллари ҳам серқатновлигини, ҳар бир хонадонда ҳеч бўлмаса биттадан енгил автомобиль борлигини ҳисобга олсак, уларнинг эгалари равон йўлларда юришга ҳақли.

Вақтни фойдали, самарали нарсаларга сарфлаш ўрнига емакхона, тўйхоналарда ҳар куни базму жамшидда юрамиз. Боласига китоб ёки рўзғорга керакли нарса олиб бормайдиган шоввоз шайтоннинг сувидан “соғлиқ учун” деб симиришга ҳеч нарсани аямайди.

Ҳар йили Чироқчи туманининг барча қишлоғида Наврўз байрами кенг нишонланади. Уни синфдошлар ёки 40 ёшга кирган кишилар ўтказиб беради. Буям етмагандай, телевизорда тўрт-беш қўшиғини айлантириб юрган “санъаткор” катта маблағ эвазига олиб келинади. Улар фонограммада қўшиқ айтиб, тумандан катта пул билан қайтиб кетишади.

Ваҳоланки, хашаки қўшиқчига берилган катта маблағни йўлга, кўприк қуришга ёки кам таъминланган оилага, умуман бирор хайрли ишга сарфлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Энг қизиғи, шунча пул беҳуда кимларнингдир чўнтагига кетаётганини маҳалла раиси ҳам, каттаю кичик бошқа раҳбарлар ҳам яхши билади. Шулар ҳақида айтаркансан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни, аввало, барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур” деган гаплари ёдимга тушади. Фақат бу ердаги ҳолат сал бошқачароқ: халқнинг пули фойдали мақсад учун эмас, ўзини юлдуз санайдиган отарчининг ҳамёнига кетмоқда. Ахир шу тадбирларда бир тийин ҳам олмай хизмат қилиб беришга шай маҳаллий хонандалар камми? Раҳбарлар эса жим. Юқоридаги каби ҳолатларга оддий томошабин сифатида қараб ўтиришибди. Халқ манфаатига хизмат қилишнинг ана шу томонларини назардан четда қолдирашаяпти.

Ёки таълим соҳасини олайлик. Маълумки, таълим ва тарбия тизимининг барча бўғинлари фаолиятини бугунги замон талаблари асосида такомиллаштиришни ўзимизнинг биринчи даражали вазифамиз деб биламиз. Демак, ёш авлод таълим-тарбияси йўлида қилинаётган барча ишлар доимий эътиборимизда бўлиши лозим. Аммо Чироқчи туманида таълим тизими оқсамоқда. Бунга исталганча мисол келтириш мумкин. Бирор текширувчи бошқа соҳада камчилик тополмаслиги мумкин, лекин таълим тизимида аниқ бир муаммога дуч келади. Ваҳоланки, гап ёшларимиз тақдири, келажаги ҳақида кетмоқда. Бугун муаммоларни бартараф эта олмасак, эртага у ўзининг салбий оқибатлари билан бўй кўрсатиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Кириб келаётган Янги йил сиёсатимизнинг бош мақсадини, яъни инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этиш йўлида яна бир улкан қадам бўлади”, деган эди. Нақадар эзгу ғоя ва улуғ истак. Шунга мувофиқ бугун одамларимиз ҳар тонгни ойдин орзулар, беғубор ниятлар билан қарши олади. Шундай экан, эзгулик йўлида аниқ мақсадлар қўйишимиз ва бунда астойдил ҳаракат қилишимиз ҳам қарз, ҳам фарздир. Чунки одамларни қийнаётган, ташвишга солаётган муаммо, масалалар ҳали сероб. Уларни четдан биров келиб қилиб бермайди. Барчасини ўзимиз бартараф этишимиз лозим. Юсуф Хос Ҳожиб: “Кимнинг халққа фойдаси тегиб, шу фойдаси туфайли ҳаловат топса, ўша одам эзгудир”, деганида ҳақ эди. Буни англаган ҳолда барчамиз Ватан, шу юрт учун янада жўшқин, масъулият ва фаоллик билан меҳнат қилсак, бари бадастир бўлади. Бунга шубҳа йўқ. Зеро, эскича яшаб, кун ўтарга ишлаш вақти ўтди. Энди халқ, келажак дардида ёнмоқ керак!

Эркин ЭСИРГАДИЕВ,

Ўзбекистон миллий телерадио-компанияси телерадиодастурларни

мониторинг ва таҳлил қилиш бўлими бош мутахассиси

Report typo