Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев "Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлашга оид ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайти маълум қилган.
Унга кўра, вояга етмаганларга нисбатан содир этилган айрим жиноятлар, жумладан, зўрлаш учун жиноятчилар умрбод қамоқ жазоси олади.
Қонунда, шунингдек, соғлиққа қасддан енгил шикаст етказиш ва калтаклаш, вояга етмаганларни, жумладан, интернет орқали таъқиб қилганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда маиший зўравонликлардан жабрланганларга махсус ижтимоий хизматлар кўрсатиш учун оилаларни қўллаб-қувватлаш марказларини ташкил этиш ва фаолиятини йўлга қўйиш вазифалари белгиланган.
Қонун мамлакатнинг собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев, тергов тахмини бўйича, ўз хотинини шафқатсизларча ўриб ўлдиргани юзасидан очилган жиноят иши жуда катта шов-шув бўлгани фонида қабул қилинган. Бинобарин, воқеалар ривожини яқиндан кузатиб бораётган аудиториянинг катта қисми айбланувчига нисбатан умрбод қамоқ жазоси берилишини талаб қилмоқда экан.