Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
4 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Энг асосийси - ерни сифатли тайёрлаб, тўлиқ контур ҳосил қилинишига эътибор қаратиш

15.08.2024


Энг асосийси - ерни сифатли тайёрлаб, тўлиқ контур ҳосил қилинишига эътибор қаратиш

Вилоятимизда 2025 йил ҳосили учун жами 220 минг гектар майдонда кузги бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган бўлса, шундан 140 минг гектари асосий, 60 минг гектари эса лалми майдонлар ҳисобланади. Яна 20 минг гектар ерда чорва озуқаси учун бошоқли дон экинлари экилади.

Қашқадарёда келгуси йил ҳосили учун бошоқли дон экинлари жойлаштиришнинг мақсадли кўрсаткичлари вилоят ҳокимининг жорий йил 13 августдаги қарори билан тасдиқланди. Уларга кўра, асосий майдонларда экиладиган бошоқли дон экинлари 110 минг 350 гектарда ғўза қатор ораларига, 29 минг 650 гектарда эса очиқ майдонларда жойлаштирилади. Суғориладиган ерларнинг катта қисмида ғалланинг "Ҳисорак" (32 минг гектардан ортиқ майдонда), "Веха" (қарийб 23 минг гектарда), "Первица" (қарийб 15,7 минг гектарда), "Таня" (қарийб 15,5 минг гектарда), "Краснодар 99" (қарийб 10,8 минг гектарда) ва янги навлардан "Юксалиш" (11,1 минг гектардан ортиқ) навлари экилади. Асосий майдонларда ғалла ҳосилдорлигини гектаридан 73,6 центнерга етказиш ва вилоят бўйича ялпи ҳосилни 1 миллион тоннадан ошириш мўлжал қилинмоқда.

Ҳужжатда, шунингдек, бошоқли дон экинларини экиш учун талаб қилинадиган 21,8 минг тонна фосфорли ва 7 минг тонна калийли ўғитлар ҳамда 5,6 минг тонна ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳисоб-китоби келтирилган бўлиб, экиш ишларини тезкорлик ва сифатли амалга ошириш учун тузилган 181 та отряд ва уларга бириктирилган қишлоқ хўжалиги техникалари (ҳайдов тракторлари, ер текислагичлар, чизель, дон экиш сеялкалари, ғўза қатор ораларига экиш учун мосламалар, ўғит сепгичлар) ҳақида маълумотлар берилган.

Кузги бошоқли дон экиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва уни уюшқоқлик билан ташкил қилиш бўйича вилоят штаби таркиби (бошлиғи - вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улуғбек Узоқов) тасдиқланиб, мутасадди ташкилотлар ва масъул шахсларнинг бу борадаги вазифалари белгилаб берилган ва шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилган.

Қарор талабларига мувофиқ, вилоятимизда кузги бошоқли дон уруғларини етарли миқдорда нав ва авлодлар бўйича тозалаш, саралаш, дорилаш, қадоқлаш ҳамда сертификатлаш ишлари шу йил 1 сентябрга қадар якунланиб, асосий майдонларда 5 октябргача тўлиқ ва сифатли соғлом кўчат ундириб олиниши шарт.

Шулардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими туман ҳокимларига уч кун муддатда тегишли  қарорлар қабул қилиб, кузги бошоқли дон экинларини экиш ва етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа ресурсларнинг фермер хўжаликлари кесимида аниқ ҳисоб-китобини ишлаб чиқиш, ғалла экишни уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича туманлар штаблари ва сектор раҳбарларининг ҳудудий штаблари таркибини тасдиқлаш ҳамда ҳар бир штаб аъзосининг вазифаларини аниқ белгилаб қўйиш бўйича топшириқлар берди. Айни пайтда туман ҳокимлари ва бошқа мутасаддиларга кузги бошоқли дон экинларини навлар бўйича жойлаштириш юзасидан тажрибали мутахассислардан иборат алоҳида гуруҳ тузиб, ғаллани ҳудудлар, фермер хўжаликлари ва кластерлар ерлари контурлари кесимида жойлаштириш ва бунда, энг асосийси ерни сифатли тайёрлаш ва тўлиқ контур ҳосил қилинишига эътибор қаратиш зарурлиги уқтирилди.

Шунингдек, қарорда пахта терим отрядлари билан ғалла экиш отрядлари ишларини уйғунлашган ҳолда ташкил этиш, пахтаси очилиши кечикаётган майдонларда пахта теримидан олдин ғаллани экиб ундириш, Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини ғалла етиштирувчи субъектлар томонидан мақсадли сарфланишини назоратга олиш, бошоқли донни экишдан ғалла ўримигача бўлган агротехник тадбирлар мажмуини ўз ичига олган илмий асосланган тавсияномани ишлаб чиқиб, жойларга етказиш каби бошқа муҳим вазифалар ҳам акс эттирилди.

Ўз мухбиримиз

Report typo