Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

05.05.2022


ЭНГ ДАҲШАТЛИ НАРСА, БУ...

Сараланган сатрлар

Кўп минг йиллик инсоният тарихи шундан далолат берадики, урушда ҳеч қачон ғолиблар бўлмайди. Бой берилган умрлар, тириклар хотирасидаги аянчли асорат, ўнглаб бўлмас руҳий жароҳатлар - булар қўшин кучи жиҳатидан устунлик намойиш этган томон кишиларини-да четлаб ўтмаган. Моддий йўқотишлар ўз йўлига, қачондир ўрнини бутлаш, тўлдириш, зиёди билан қоплаш имкони бор, аммо завол топган умрларни ортга қайтариб бўлмайди.

Айни кунларда фашизм устидан қозонилган ғалаба муносабати билан кўплаб фикр-мулоҳазалар янграяпти. Урушнинг мудҳиш оқибатлари эсга олинаётир. Нотинч, таҳликали дамларда тинчликнинг беқиёс аҳамияти бўй кўрсатади.

Бинобарин, бугун эътиборингизга дунё адабиётининг нодир намуналаридан бири - Эрих Мария Ремаркнинг "Уч оғайни" романидан диққатга сазовор лавҳаларни ҳавола этяпмиз. Асарда уруш кўрган авлоднинг фожиаси, ўнглаш мушкул руҳий ҳолатлар, мувозанатдан чиққан умрлар хусусида сўз боради. Боя айтганимиздай, мутолаа асносида тинчлик абадий бўлиши борасидаги қалбимиз туб-тубида мудраб ётган истак беихтиёр юзага чиқаверади...

Романдаги айрим тушкун, пессимистик фикрларни эса ёшлиги, айни навқирон чоғи окопда ўтган, минглаб ўлимларни ўз кўзи билан кўрган инсонлар нуқтаи назари орқали қабул қилиш ўринли бўларди.

- Инсон ўзининг руҳий ҳолати тўғрисида қанча кам ўйласа, демак, у - бутун инсон. Маъқулми гапим?

- Йўқ, - дедим мен - маъқулмас. Агар бутун инсон бўлса, у ҳайкалга айланиб қолади. Менимча, дунёда бундан бемаъни, бундан зерикарли нарса бўлмаса керак.

*  *  *

Мағлубиятга ҳам чидай билиш керак. Акс ҳолда бу дунёда яшаб бўлмайди.

*  *  *

"Ҳеч нарсани юрагингга яқин олма, - дерди Кестер. - Яқин олсанг, ўша нарсани асраб қолмоқчи бўласан. Бу дунёда ҳеч нарсани мангу асраб бўлмайди".

*  *  *

Камтарин, виждонан ишлайдиган хизматчи. Ҳозир бунақаларга кун йўқ. Нафсиламрини айтганда, ҳамма вақт ҳам шу тоифадаги кишиларга қийин бўлган. Камтарлик билан ҳалоллик фақат романларда рағбатлантирилади. Ҳаётда эса бунақа одамларнинг ширасини сўриб, пўстлоғини туфлаб ташлашади.

*  *  *

Ростдан ҳам, кинодан яхшиси йўқ. У ерда ҳар ким хоҳлаганча хаёл суриши мумкин.

*  *  *

Бизнинг тезкор асримизда уддабурро бўлиш керак, ҳамма гап мана шунда. Бир-бирига зид нарсалар кишиларни ўзига маҳлиё қилади.

*  *  *

Севги дегани - алдовдан иборат-да. Она табиат томонидан ўйлаб топилган гўзал алдов. Манови олхўрига бир қара. У ҳам алдаяпти. Ўзини гўзалликка соляпти. Муҳаббатнинг ҳақиқатга бирор-бир алоқаси борлигини тасаввур ҳам қилолмайман. Хайриятки, насиҳатгўйлар ҳамма нарсани изнларига сололмайдилар.

*  *  *

Анчагача хаёл суриб ўтирдим. Урушдан қайтган пайтларимизни эсладим - ҳаммамиз ёшмиз, қалбимиздаги умид учқунлари буткул сўнган. Биз ўтмишимизга дахлдор барча нарсага қарши - сохталик ва худбинлик, очкўзлик ва шафқатсизликка қарши курашмоқчи эдик; биз бағритош бўлиб қолдик ва яқин ўртоғимиздан бошқа ҳеч кимга, бизни ҳеч қачон алдамаган осмон, тамаки, дарахтлар, нон ва заминдан бўлак ҳеч нарсага ишонмай қўйдик. Хўш, оқибати нима бўлди? Бари емирилди, қалбакилашди ва унутилди. Унута олмаганларнинг улуши эса фақат ночорлик, ноумидлик, лоқайдлик ва ичкилик бўлди. Буюк инсоний ва мардона талпинишлар даври ўтди. Корчалонлик, сотқинлик ва қашшоқлик тантана қилди.

*  *  *

"Ўзингизга хон, ўзингизга бексиз", - деди Хассе. Бир ҳисобда тўғри - ёлғиз одамни ҳеч ким ташлаб кетмайди. Аммо баъзан, кечқурунлари, бу сунъий фароғат шунақаям силлани қуритадики, ўзингни қаерга қўйишни билмай қоласан. Вужудингни аллақандай паришонлик, армон ва ғам-ғусса чулғаб олади. Қанийди бу бемаъни ҳаётдан, анови шарманканинг бетўхтов ғинғиллашидан бир ёқларга қочиб кетсанг - қаёққа бўлса ҳам майли эди. Қанийди жиндайгина оилавий ҳаловат тўғрисидаги дардманд орзу - меҳрибон қўллар ва кўксингга босилган юзларда мужассам бўлса. О, қанийди! Ёки бу ҳам ўз-ўзидан тониш, чекиниш ва хомхаёлданмикан? Ёлғизликдан    бошқа яна нима бор ўзи?

*  *  *

Ўлганларнинг хотирасига иззат-икром - уларнинг олдидаги гуноҳни англашдан бошқа нарса эмас. Одамлар марҳумлар тириклигида уларга етказган озорларини ювмоқчи бўладилар. Анови ресторан эгаси холасининг ўлимини қанча кутдийкин? Мана энди суратини ишлатиб,  диваннинг тепасига осиб қўяди. Унга шуниси маъқул. Иззат-икром! Одамзот ўзининг бир чимдимгина яхшилигини кўпинча вақт ўтганидан кейин эслайди. Сўнгра нақадар олижаноб бўлиши мумкинлигидан тўлқинланиб, ўзини олиҳиммат кишилар қаторига қўшиб юради. Яхши фазилат, поклик, олижаноблик... Бу хислатларни ҳамма вақт бошқалардан қидирасан, азбаройи уларнинг ўзларини чув тушириш учун қидирасан.

*  *  *

Кишилик жамиятининг илдизлари очкўзлик, қўрқоқлик ва сотқинликдан иборат. Одамзот ёвуз, лекин эзгуликни яхши кўради... фақат бировлардан чиқадиган эзгуликни яхши кўради.

*  *  *

Аҳмоқ бўлиб туғилиш уятмас, аҳмоқ бўлиб ўлиб кетган ёмон.

*  *  *

Соддалик қусур эмас, аксинча, истеъдод белгиси.

*  *  *

Ҳеч қачон кўп нарсани билишга уринма! Қанча кам билсанг, ҳаётинг шунча енгил бўлади. Билим одамни дахлсиз, айни пайтда, бебахт қилади.

*  *  *

Аёл - темир буюм эмас, аёл бамисоли гул. У илиқ-иссиқ гапларни хуш кўради. Унинг учун умр бўйи елкангизни яғир қилиб ишлаганингиздан кўра ҳар куни уч-тўрт оғиз ширин сўз айтганингиз минг марта афзал.

*  *  *

Муҳаббатсиз инсон - таътилга чиққан  марҳумдай гап-ку.

*  *  *

Ҳаёт тўғрисида нимани биласизлар? Сизлар ўз туйғуларингиздан чўчийсизлар. Сизлар мактуб ёзмайсизлар - телефонда гаплашиб қўя қоласизлар. Хаёл суриш сизларга бегона - шанба-якшанба кунлари шаҳар ташқарисига чиқсанглар бўлди. Сизлар муҳаббатнинг ҳисоб-китобини қиласизлар, сиёсатнинг ҳисоб-китобини билмайсизлар - ана шунақа ночор авлодсизлар!

*  *  *

Ҳақиқий назокатли одам қанақа бўлади, биласанми? Ғазабини тизгинлай олган одам назокатли бўлади.

*  *  *

Энг даҳшатли нарса, бу - вақт оғайнилар. Вақт. Биз яшаётган ва ўзимиз ҳеч қачон измимизга сололмайдиган дақиқалар.

*  *  *

Ялқовлик - ҳар қандай бахтнинг ибтидоси ва ҳар қандай фалсафанинг интиҳоси.

*  *  *

Эркак фақат аёлнинг хархашалари туфайли манфаатпараст бўлиб қолади. Агар аёл бўлмаса, пул ҳам бўлмасди, бинобарин, эркаклар қаҳрамонлар қавмига айланарди. Окопларда биз аёлларсиз яшаганмиз, кимнинг қанча мол-дунёси борлиги ҳеч биримизни қизиқтирмаган. Муҳими: қандай аскарсан. Мен окопдаги ҳаётни қўмсаётганим йўқ, шунчаки масалага тўғри нуқтаи назардан ойдинлик киритмоқчиман. Севги эркакларда ҳарислик, жамиятда нуфузли ўринни эгаллаш, кўпроқ пул топиш, ҳузур ҳаловатга интилиш каби ёмон иллатларни юзага чиқаради. Ҳукмдорлар сафдошларининг оилали бўлишини бекорга хуш кўрмаган - шунда улар камроқ хавф туғдиришади. Католик руҳонийларининг уйланмаслиги ҳам шундан - акс ҳолда улар бу қадар таптортмас ташвиқотчи бўлишмасди.

*  *  *

Саргузашт ишқибозлари думдан бошқа нарса эмас. Улар фақат эргашади - ҳамроҳлик қилолмайди.

*  *  *

Уруш кезларидан биламан: муҳим, салмоқли нарсалар унчалик таъсир қилмайди. Ҳамма вақт арзимаган икир-чикирлар кишига тасалли беради.

*  *  *

Муҳаббат бор жойда аҳмоқлик бўлмайди.

*  *  *

Минг йиллар давомида одамзот нимага эришдию, нимага эришолмади - буни фақат мана шу ерда англаш мумкин: инсоният ўлмас санъат обидаларини яратди, аммо ўз қавмига дахлдор кимсаларнинг ҳар бирини лоақал нонга тўйғазишга қурби етмади.

*  *  *

Ҳаётда нималарни кўрмадим, қандай кунларни бошдан кечирмадим! Шуни биламанки, ё қилган ҳамма ишингдан ўпкаланишинг керак, ёки ҳеч нарсадан ўпкаланмаслик лозим.

*  *  *

Ойим раҳматли, ёвуз одам узоқ яшайди, деган гапни кўп такрорлардилар. Одоб-ахлоқ - инсониятнинг уйдирмаси, асло ҳаётий хулосаси эмас.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo