Мутолаа учун тавсия
Жаҳон адабиёти дурдоналари орасида Михаил Афанасьевич Булгаков (1891-1940)нинг "Уста ва Маргарита" романи муносиб ўрин тутади. Ушбу роман ўқиш ва уқиш қийин асарлардан ҳисобланади. Асарда XX асрнинг 30-йиллари Москвада ва икки минг йил олдин Қуддус шаҳрида бўлган воқеалар акс эттирилган. Айримлар бу асарни фантастик сатира ҳисоблашади. Константин Симонов таъбири билан айтганда, "Ушбу асарни ҳар хил китобхонлар ҳар хил ўқийдилар, ҳар хил севадилар ва ундан ўзлари учун ҳар хил руҳий озуқа оладилар".
Михаил Булгаков "Уста ва Маргарита" романида севги ва садоқат, муҳаббат ва оқибат, раҳм-шафқат каби инсоний фазилатларни тараннум этиб, мунофиқлик ва қўрқоқлик, иккиюзламачилик ва худбинликни қоралайди. Асар Гётенинг "Фауст" асаридан олинган "Кимсан айт. - Мен ҳаргиз ёмонлик тилаб - яхшилик қилувчи кучнинг бир қисми" деган эпиграф билан бошланади. Асар бош қаҳрамонлари - Уста ва Маргарита. Уста тарихчи бўлиб, Понтий Пилат ҳақида асар ёзиши давомида Маргаритани учратиб, севиб қолади. Маргарита ҳам бефарқ эмас. Асари танқидга учрашини кўрган Уста руҳий касалликлар шифохонасига тушиб қолади.
Романда ҳар қандай ишда шайтонга дарс берадиган Воланд, шоир Иван Бездомний, муҳаррир Михаил Александрович Берлиоз, театр директори Степан Лиходеев ва бошқа бир қатор образлар мавжуд. Уста руҳий касалликлар шифохонасида шоир Иван Бездомнийга ўзи ҳақида гапириб беради. Асарда Булгаковнинг ўзи ижодкор ва танқидчи, Худо ва Иблис ролларини ўйнайди. Ҳаётдаги сохтакорлик ва ёлғонлар орасидан инсонийлик ва беғуборлик излайди.
"Уста ва Маргарита" романининг иккинчи сюжетида Уста ёзган романдан олинган Рим прокуратори Понтий Пилат, Ливи Матвей ва Коифа ҳамда қароқчилик ва донишмандлик, жиноят ва жазо масалалари борасида сўз боради. Маҳбус Иешуанинг фалсафий фикрлари ва қатли билан боғлиқ воқеалар баён этилган. Понтий Пилат тарихий шахсдир. У милодий 26-36 йилларда Рим империясининг Иудеядаги ноиби бўлган. Понтий Пилат ўта шафқатсизлиги билан донг қозонган. Тарихий манбаларда айтилишича, Исо пайғамбар Понтий Пилатнинг ҳукми билан чормихга тортилган.
Асарнинг иккинчи қисми "Маргарита" деб аталиб, шундай бошланади: "Мен билан юринг, китобхон! Дунёда чинакам, садоқатли, боқий муҳаббат йўқ, деб ким айтди сизга? Шундай деган ёлғончининг қабоҳаткаш тили кесилсин! Сиз фақат мен билан юринг, китобхон, мен кўрсатаман сизга ўшандай пок муҳаббатни!".
Маргарита Николаевна Устани севиб қолгач, у ёзаётган асар қўлёзмаларини ўқийди. Воланднинг ташаббуси билан Иблис базми ташкил этилиб, унда Маргарита ҳам иштирок этади. Маргарита Устани кўриш умидида Воланднинг таклифларига рози бўлади. Бал якунида Маргарита Устани учратади.
"Уста ва Маргарита"да шундай фикрлар учрайди: "Агар ёвузлик бўлмаса, сенинг эзгулигингдан нима фойда бўлар эди ва агар соялар йўқолса, Ер қандай кўринишга эга бўлар эди?", "Дунёда ёвуз одамлар йўқ, фақат бахтсиз одамлар бор", "Севган инсон севган кишисининг тақдирини бўлишиши керак", "Энг даҳшатли разиллик - бу қўрқоқлик", "Ҳа, инсон ўлади, аммо бу муаммонинг ярми, холос. Ёмон хабар шундаки, у баъзан тўсатдан ўлиб қолади, мана гап нимада!".
Грузин ёзувчиси Нодар Думбадзе (1928-1984) қаламига мансуб "Абадият қонуни", "Кукарача", "Қуёшни кўраяпман" каби асарлар китобхонлар томонидан севиб ўқилади. Уларда жамиятдаги ижтимоий-ахлоқий масалалар, инсоннинг жамиятдаги ўрни, яшашдан мақсад, милиция ходимларининг фаолияти ва грузин қишлоқларидаги одамлар ҳаёти тасвирланган.
Нодар Думбадзенинг "Абадият қонуни" романида асар қаҳрамони Бачана Ромишвилининг кўрган тушлари орқали инсон ва олам, шахс ва жамият борасидаги ғоявий-фалсафий қарашлар намоён бўлади. Юрак хуружи билан шифохонага тушган Бачананинг кўрган тушлари ва бошидан кечирганлари орқали асар воқеалари очиб берилган. Романда Исо алайҳиссалом қиссасига мурожаат қилинган.
Ёш адабиётшунос ва ижодкор Биби Робиаъ Саидова "Романларда туш рамзлари" мақоласида "Абадият қонуни" романи ҳақида шундай ёзган: "Тушни юқорида келтирилган адабий тушлар таснифига кўра қаҳрамоннинг кейинги тақдиридан хабар берувчи башорат тушлар гуруҳига киритиш мумкин. Баъзиларини санаб ўтамиз: 1. "Қайиққа михлаб ташланган, ҳамманинг ёдидан кўтарилган ёлғизгина" бемор бу - Исо. 2. Мовий денгиз - бу дунё ва у дунё оралиғидаги йўл. 3. Занглаган михлар - бу дунёдаги азоб ва гуноҳлар. 4. Қайиқчи - бу дунёдаги жамоа, жамият. 5. Қайиқчининг "у ёқда, нариги соҳилда суғуриб олишади", деган сўзларини - у дунёда азоб ва гуноҳлардан фориғ бўласан, деб тушуниш мумкин. 6. Михни суғуриш жараёни - Исонинг хочдан олиниш лавҳаси. 7. Орадан икки марта минг йил ўтиши - Исо туғилгандан буён ўтган фурсат. 8. Беморнинг ҳаётга қайтиши - Исонинг қайтиши ҳамда унинг даволаш ва ўликни тирилтира олиш каромати рамзи. Тушнинг рамзий хулосаси шуки - бу дунё, жамият қанчалик залолатга ботмасин, одамлар бир-бирининг кўксига қанча мих қоқмасин эзгуликка умид, нур сўнмайди, Бачанага ўхшаганлар қайта тирилаверади".
Нодар Думбадзенинг "Кукарача" қиссаси Оржоникидзе тумани ички ишлар бўлими участка инспектори Кукарача лақабли милиция лейтенанти Георгий Тушурошвили ҳаётига бағишланган. Фин урушидан ордень билан қайтган Кукарача участка инспектори бўлиб ишга киради. У иш фаолияти давомида жамоат тартибини сақлаш, қонун устуворлиги ва адолатни таъминлашда жонбозлик кўрсатиб, ҳамманинг ҳурматини қозонади. Ёш болани чўкишдан асраб қолади. Кукарача ашаддий қонунбузарларга нисбатан жисмоний куч ишлатишдан ҳам қайтмайди. Одамлар Кукарачани ўзининг яқин инсони сифатида ҳис этишиб, муаммоларини у билан бирга ҳал қилади.
Асарда дорихонада ишловчи Инга исмли қизнинг жиноятчилик олами вакили Муртало билан бўлган муносабатлари баён қилинган. Марта хола, Моисий, Ревекка, Ангелина каби образлар орқали воқеликлар ёритилган. Кукарача Инга билан танишиб, унинг уйида жиноятчи Мурталони ушласа-да, қизнинг илтимосига биноан қўйиб юборади. Бу билан Кукарача ўзининг хизмат вазифасига хиёнат қилади. Орадан вақт ўтиб, Муртало Кукарачани Инганинг уйида отиб ўлдиради. Суд бўлаётган вақтда Инга Мурталога пистолетдан ўқ ўзади. Кукарачани эслаб қайғуради. Асар қаҳрамонларидан бири "Сева олиш лаёқати - инсонга ҳадя этилган барча хазиналар ичида энг қимматлиси. Дунёда муҳаббатсиз ўтган кишилар - бахти қаро кишилардир" дейди.
Америка фантаст ёзувчиси Рэй Брэдбери (1920-2012)нинг кўплаб асарлари орасида "Фаренгейт бўйича 451 даража" алоҳида ўрин тутади. Мазкур асар китобларни ёқиш билан шуғулланган ўт ўчирувчи ишчи Гай Монтэг ҳақида.
Монтэг келиб тушган хабар асосида китобларни ёқиш билан шуғулланади. У ўт ўчирмайди, ўт ёқади. Уйда боқибеғам хотини Милли фақат телевизор кўриш билан машғул. Хотинининг дугоналари ҳам ўзига ўхшаш. Атрофида яшаётган замондошлари бир-бирларига ва урушлар хавфига эътиборсиз, лоқайд ва бефарқ оломонга айланган. Улар бойлик орттириш ва кайф-сафо қилиб яшашга интилади, холос. Асар қаҳрамонларидан бири бу ҳақда: "Инсонлар жамиятдаги бундай бефарқлик ва сохта бахт ҳолатига ўзлари танлаб келган, уларни ҳеч ким мажбурламаган, чунки буни ўзлари онг остида хоҳлаган", деган фикрни билдиради.
Гай Монтэг Кларисса исмли қизни учратгач, унинг суҳбатларидан баҳраманд бўлиб бутунлай бошқа одамга айланади. Ўзи ёқаётган китобларни ўқиб чиқишга ҳаракат қилади. Аммо у яшаётган жамият китоб ўқишга, атрофида бўлаётган ҳодисаларнинг моҳияти ва ўзини англашга интилганларни жиннига чиқарарди. Бундай инсонлар Кларисса сингари ошкора ёхуд пинҳона йўқ қилиб юбориларди. Жамиятнинг манқуртга айланган аъзолари эса маддоҳлик ва қарсак чалиш билан банд. Китобсиз жамият таназзулга юз тутган.
Монтэг хотини ва ишини ташлаб кетади. Бошлиғининг ёниб кетишига сабабчи бўлади. У жамиятдаги иллатлардан қочиб ёқилаётган китобларни ёдлаб хотирасида сақлаётган инсонларга дуч келади. Гай Монтэг ва унинг шериклари таназзулга юз тутган жамиятда ҳур ва озод яшаш, атрофдаги воқеаларни ҳис қилиш ва англаш, эркин фикрлаш ва ўзларининг мазмунли ҳаётини жорий қилиш учун курашга бел боғлашади. Уларнинг мақсади инсоният томонидан минглаб йиллар давомида йиғилган билимларни асраш ва келгуси авлодларга етказиш эди. Асарни ўқиш давомида фақат ўқиш ва уқиш, ўйлаш ва ҳис қилиш, таққослаш ва тўғри хулоса чиқариш орқалигина инсон камолот чўққисига кўтарилишига ишонч ҳосил қиласиз.
Асарда шундай фикрлар учрайди: "Ким ҳайратланишдан тўхтаса, севишдан тўхтаган бўлади, севишдан тўхтадингми, билгинки, сенинг ҳаётинг йўқ, кимнинг ҳаёти бўлмаса, уни тириклайин қабрга кирган деб ҳисоблайвер", "Истайсанми, йўқми, боши берк кўчага кириб қолганимиз аниқ... Биз тубсиз жарликка қараб кетаяпмиз", "Одамларни куч билан тинглашга мажбур қилиш мумкин эмас. Уларнинг ўзлари тушунишлари, нега шундай бўлгани, нега уларнинг кўз ўнгида дунё портлаб кетганини ўзлари ўйлаб кўришлари лозим", "Кўзларингни каттароқ оч, ҳаётга шундай ташналик билан яшаки, гўёки ўн сониядан кейин ўлиб қоласан. Дунёни кўришга ҳаракат қил. У ҳар қандай фабрикада яратилган ёки пулга сотиб олинган орзудан ҳам гўзалроқ".
Абдишукур ОМОНОВ