Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

30.10.2020


ЭНГ КЎП ВА ЭНГ КАМ ОЙЛИК ИШ ҲАҚИНИ ҚАЙСИ СОҲАЛАР ВАКИЛЛАРИ ОЛИШАДИ?

Рақамлар сўзлаганда

Вилоят статистика бошқармаси Қашқадарёда юридик шахсларда ишловчи ходимларнинг ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи миқдорини эълон қилди.

Шу йил январь-сентябрь ойларида бу миқдор (унинг таркибига иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш ва компенсация тўловлари, ишланмаган вақт учун тўловлар, жисмоний шахсларнинг даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам киритилган)  1 миллион 987,3 минг сўмни ташкил этди.

Табиийки, турли соҳаларда ишлаётган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдори ҳам фарқ қилади. Масалан, вилоятимизда молиявий ва суғурта фаолияти билан шуғулланаётган корхона ва муассасаларда меҳнат қилаётган кишилар бир ойда ўртача 4 миллион 892,1 минг сўмдан маош олган бўлса, саноат тармоғида мазкур рақам 3 миллион 212,9 минг сўм, ташиш ва сақлаш жабҳасида эса 3 миллион 43,1 минг сўмга тенг бўлган.

Вакиллари энг юқори миқдорда ойлик оладиган бу учта тармоқдан кейинги ўринларда ахборот ва алоқа (2 миллион 494,4 минг сўм), қурилиш (2 миллион 173,8 минг сўм), санъат ва дам олиш  (2 миллион 56,1 минг сўм), савдо (2 миллион 15,7 минг сўм) ҳамда бошқа фаолият турлари (2 миллион 119,7 минг сўм) билан банд бўлган корхона ва ташкилотларнинг ходимлари эгаллаган.

Аммо энг ачинарлиси, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақининг энг паст миқдори яшаш ва овқатланиш хизматлари жабҳаси (1 миллион 185 минг сўм) билан бир қаторда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш (1 миллион 367,9 минг сўм) ҳамда таълим (1 миллион 739,5 минг сўм) соҳаларида қайд этилган. Демак, молиявий ва суғурта фаолияти  жабҳасидаги ўртача маош таълимдагига қараганда 2,8 баравар, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидагидан эса 3,6 баравар кўпдир.

Report typo