Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

06.04.2021


ЭНГ ҚЎРҚИНЧЛИ ИЛЛАТ - ҒОФИЛ БЎЛА ТУРИБ, ЎЗНИ ҲАММА НАРСАДАН ОГОҲ ДЕБ БИЛИШДИР

Сараланган сатрлар

2007 йил ЮНЕСКО қарори билан жаҳон бўйлаб Жалолиддин Румий йили деб эълон қилинди, БМТ махсус мажлиси шунга бағишланди. Дунё мамлакатларида аллома таваллудининг 800 йиллиги байрам қилинди. Айтишларича, ҳали бирор алломага бу қадар кенг эътибор қаратилмаган.

Жалолиддин Румий шак-шубҳасиз - башарият шоири, буюк мутафаккир. Шундай экан, бу образнинг адабиётда намоён бўлиши кичик ҳодиса эмас. Ёдингизда бўлса, газетамизнинг ўтган сонларида Элиф Шафақ деган адибанинг Румий ҳақидаги асари буюк мутафаккир шахсиятини бузиб кўрсатган, деган мазмунда мақола чоп этгандик. Мақолани ўқиганлардан бири Радий Фишнинг "Жалолиддин Румий" номли романи бор, шуниям ўқиб кўрсангиз бўларкан, деб қолди.

Маълумотларда ёзилишича, рус ёзувчиси, шарқшунос, филолог, таржимон ва матрос Радий Фиш 1924-2000 йилларда яшаган, асосан қадимги ва замонавий турк адабиёти тадқиқи билан шуғулланган. Румий ҳақидаги китоби эса тилимизга анча йиллар илгари ўгирилиб, ўзбек китобхонлари қўлига етиб борган.

Айтиш даркор, китобда муаллифнинг жиддий излангани сезилиб туради. Ҳар ҳолда рус ёзувчининг етти аср муқаддам ҳозирги Афғонистон ва Туркия ҳудудларида яшаган аллома ҳақида китоб ёзганининг ўзиёқ эътирофга молик.

Аммо дин билан боғлиқ нуқталарда унинг худосиз жамиятда яшагани панд бериб қўяди. Ваҳоланки, Жалолиддин Румийни диндан айри ёки  динимиз арконларида тақиқланган ишларга қўл уришини тасаввур этиб бўлмайди. Зеро, унинг "Маснавийи маънавий" асари бекорга "Форсий Қуръон" дея таъриф этилмаган...

Китобда Жалолиддиннинг отаси Баҳоуддин Валаднинг тушига пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб, уни Султонул уламо деб аташни амри маъруф айлагани ёзилади. Тақводорлиги билан машҳур Марвозийнинг тушида ҳам мунаввар сиймо кўриниб, ғойибдан ишорат бўлгани, Баҳоуддин Валадни "Олимлар султони" деб аташларини буюрибди.

Аввало, икки олам сарварининг тушда кўриниши шунчаки ҳодиса эмас, бунга эришган киши ўзини бахтиёр санаса арзийди. Аммо юқоридаги тасвир ёпишмаган гажакдай буюк шахсиятга мутлақо соя солиб турибди.

Радий Фиш Валаднинг эътиқоди хусусида 700 йилдан сўнг оддий мактаб ўқувчиси ҳам чўпчак ҳисобловчи тасаввурларни ҳақиқат деб билар эди, дегани қуруқ туҳмат ва муқаддас дин арконларини мутлақо билмасликдан ўзга нарса эмас.

Баҳоуддин Валад Бағдодга, халифалик пойтахтига борганида, шаҳар шайхул аъзами унинг этагини ўпиб, кўзига суриб, кутиб олибди. Инсонлар саломлашганда, ўзаро таъзим жоиз эмаслигини билган уламолар этакни ўпиб, кўзга суртганига қандай ишонса бўлади?

Бир ўринда ёзилишича, Жалолиддин Румий отаси ҳар қанча тақводор бўлишига қарамай, мажлислар ташкил этиб, най, рубоб чалиб ўз ғазалларини куйлашни, рақсга тушишни, ўтиришда хотинларнинг ҳам иштирок этиб, уни гулга кўмишларини одат тусига киритибди.

Бирор киши қазо қилса, тобут олдида Қуръон тиловат қилган ҳофизлар эмас, мусиқа чалиб, рақсга тушиб, ғазалларни куйлаб муридлар боришаркан. "Негаки тобутда оддий мусулмон эмас, чин ошиқ ётади. Ошиқлар эса ўлмайди" дейилади асарда.

Муридга айланиши учун Румийнинг соқолини қиртишлаб, қошларини юлишибди. Чинакам муридга айланиши йўлида шаҳарда ҳамма кўриб-танийдиган жойда садақа сўраши керак экан. Буюк сўфий Шамс Табризий эса май ичиб юради.

Умуман, асарда Жалолиддин Румий шахсини пастга туширадиган лавҳалар жуда кўп. Эҳтимол муаллиф ўзи учун қизиқ санаб, турли матнлар жамлагандир, аммо унинг ислом дини қонун-қоидаларини билмаслиги кўп беҳуда ва хато сўзлар қоғозга тушишига сабаб бўлган. Бундай хатолар ҳақида фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам фикр билдирганди.

Шундай экан, мазкур китобни ўқимоқчи бўлсангиз, аввало, диний билимларингизни мустаҳкамлаб олинг. Эътиқод дилда бўлса бўлди, амал шарт эмас, деган қарашда бўлганлар учун бундай китоблар ўзига хос рағбат вазифасини ўтаб, хатога бошлаши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Модомики, китобдаги эътиборга молик фикрлар сизни қизиқтирса, буни қуйида ҳавола қиляпмиз.

* * *

Худбинлик ҳукмрон салтанат - салтанати лаиндир!

* * *

 ...юракда инсонларга муҳаббат бўлмас экан, ҳар қанча буюк илму дониш бефойда, ҳаттоки жирканч...

* * *

Қулай пайт дегани булутга ўхшайди, кўз очиб юмгунча ўтади-кетади.

* * *

Турклар "Донога ишорат, нодонга калтак", деб бежиз айтишмайди.

* * *

 Илм нонга ўхшайди. Ўн ботмон нонни кўтариш ўнғай, аммо ейиш қийин.

* * *

Зиндонда ётган маҳбус уйғонишни истамайди, уйғониш уни банди зиндон эканини яна бир карра эсга солади.

* * *

Қоронғиликка кўниккан кўзлар Қуёш нурига бардош беролмагай.

* * *

Ҳайҳот, ҳамма нарсани англаб,   дунёнинг шўришига назар солсангу, жиндак ўзгартиш ёки жиндак кўмаклашишга қурбинг етмаса! У яшаган сайин ишончи ортаверди: ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатиб бўлмайди. Фақат йўл кўрсатиш мумкин. Йўлни эса ҳар кимса ўзи ўтиши керак...

* * *

Мамлакат саодатига эмас, зобитлик шуҳратига интилган султонлар  халачўпдан қўрқиб зир югурган эшакка монанддирлар, эшак шўрлик ҳам арава тортаётганидан бехабар бўлади ва ёки кўзи боғлиқ отдирким, у ҳам бир доирада айланаверади, бироқ ғилдирак сой чуқуридан сув, кунжутдан ёғ тортаётганини ўзи ҳам билмайди.

* * *

Султон ҳокимияти нечоғлик қудратли бўлса, султон устидан ҳокимият қудрати ҳам шу қадар қўрқинчли бўлади. Ҳокимият аввал ақча талаб қилади. Бунинг учун жафокашларга солиқ, ўлпон солинади. Ё бўлмасам, одил подшо, деб ном қозонмоқчи экансан, улуғ бекларни сиқиштиришга тўғри келади. Бу хатарли, зеро, беклар фақат давлатлигина эмас, қудратли ҳамдир, султонни ўшалар сайлашади, уни қўлларида кўтариб, тахтга ўтқизишади, бироқ уни тахтдан ағдариш ҳам уларнинг қўлидан келади.

* * *

 Инсон кўзгусиз (у сайқалланган темирнинг сиртими ёки сув сатҳими, барибир), ўз чеҳрасини кўролмайди. У ўзга одамсиз ўзини билолмайди ҳам, зеро, жамоат вакили бўлмиш инсон ўзлигини ўзгалар воситасида англаб, ўзгалар воситасида шоён этади.

* * *

Цивилизация инсонларни ҳис-туйғу ифодасида босиқ-вазмин бўлишга ўргатди. Бизнинг асримиз беҳад кўп нарса билади, эҳтимолки, унинг тафаккурида мантиқийлик ва мавзунлик неча карра устундир. Лекин у ўша ўн учинчи асрга ўхшаб, кучли ҳис эта олармикан? "Ҳар нечук маҳрумият - муяссарият, - деган эди Жалолиддин Румий. - Ҳар нечук муяссарият - маҳрумиятдир".

* * *

Нодонларга ақл ўргатиш қояни қиртишлаш билан баробар.

* * *

Ҳар замон, ҳар бир давронда шундоқ кишилар бўлади, жаҳоннинг жони уларнинг кўксида уриб туради. Лекин уларнинг камоли ҳар кимга ҳам кўринавермайди. Уларни кўриш учун кўнгил кўзига эга бўлиш, комил бўлиш керак.

* * *

Тавба қилган душман, тавба қилмаганидан хавфлироқ.

* * *

Биз охиригача ўйламаган ёки ўйлашни истамаган фикрлар тушимизда зоҳир бўлади, зеро, мия ҳар турли ишорат, аломат, ғайришуурий сезгиларни бир жойга жамлаб, уйқуда ҳам ўз ишини давом эттиради.

* * *

Руҳиятдан маҳрум одам учун олам - маъносиз ва айқаш-уйқаш ашёлар тўла омбор.

* * *

Бошқаларга ўхшаб овқат ейдиган, кечаси ухлаб, кундузи ишлайдиган,  тирикчилиги ҳар куни, ҳар соат    халойиқнинг кўз ўнгида ўтадиган оддий кишининг улуғлигини англаш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

* * *

Гоҳида тирикларни пастга уриш учун ўликлар қанча мақталади!

* * *

Аксарий кишилар у ёки бу даражада ғофил бўлишади ва бу шароитга қараб, гоҳ иллат, гоҳ фазилат деб аталади. Аммо энг қўрқинчли иллат - ғофил бўла туриб, ўзни ҳамма нарсадан огоҳ деб билувчи ва шунга кўра, ўлдириш учун ўзига эрк берувчи ғофилликдир.

* * *

Дунёдаги зиндонлар ичра энг даҳшатлиси - киши бошидаги зиндон.

* * *

"Маснавий" денгизчи Синдбод саргузаштлари ҳақида, шоҳлар, салтанатлар тарихи хусусида сўзламайди.

"Маснавий" - оламни эгаллашга ва ўз-ўзини англашга интилган инсон руҳининг буюк таронасидир.

* * *

Нафсиламрини айтганда, Жалолиддин Румий бугун инсон оёғи ойга етганини эшитиб, унчаям ҳайрон қолмасди. У ўз ақлий ва руҳий қудратларини жиловлаб олган башарият оламни ўзига бўйсундиради, деб ишонарди.

Уни воситалар эмас, мақсад банд этарди. Унинг учун мақсад - Инсони Комил эди.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo