Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

28.12.2016


ЭНГ ЯХШИ ҲИМОЯ – ПОКЛИК ВА СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ

 

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича бирлашган дастури (ЮНЕЙДС) маълумотларида келтирилган бу рақамлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди, ташвишга солади. Бинобарин, ОИТС ҳамон давоси топилмаган дард саналиб, унга чалинмасликнинг бирдан-бир йўли ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўлиб турибди.

- Ҳозирда бизга ОИВнинг асосан гиёҳвандлик ва бетартиб жинсий ҳаёт кечириш, инфекция билан зарарланган қон, стерилланмаган тиббий ва нотиббий асбоблар орқали юқиши, шунингдек, вирус ОИТСга чалинган онадан болага ҳам ўтиши мумкинлиги маълум, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази бош шифокори Оқназар Пардаев. - Унга чалиниш ҳолати вилоятимиз аҳолиси ўртасида 2001 йилдан қайд этилган бўлиб, кейинги йилларда бу касаллик ҳомиладор аёллар ўртасида ҳам учрамоқда.  Аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғиботлар  натижасида вилоятимизда бир йилда 250-260 минг нафар одам ОИВ инфекцияси текширувидан ўтмоқда. Жорий йилда бу кўрсаткич ўтган йиллардагига қараганда юқори бўлиб, текширувлар кўламини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.

Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар жараёнида ОИВ инфекциясига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги "Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси   тарқалишига қарши кураш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида мамлакатимизда ОИВга қарши курашнинг ягона, янада самарали тизими шакллантирилди.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 5 январдаги қарори билан тасдиқланган 2009-2011 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалиши профилактикаси бўйича саъй-ҳаракатлар миллий режасига мувофиқ вилоят ОИТСга қарши кураш маркази ҳам замонавий лаборатория-диагностика асбоб-ускуналари билан таъминланди, - дейди Оқназар Пардаев. - Натижада, бу ОИВ инфекциясини иммунофермент анализ, иммуноблот тест-система, полимераз занжирли реакция каби энг замонавий усуллар билан эрта, тез ва бехато аниқлаш, ретровирусга қарши терапия муолажаларидан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.

Бугун ОИВ инфекцияси ёки уни юқтириб олиш натижасида келиб чиқадиган ОИТС касаллиги ҳақида ҳамма билади. Ундан сақланишга келганда эса айримлар мавжуд кўрсатмаларга амал қилмайди. Ваҳоланки, ОИВ инфекцияси юқтириб олмасликка энг аввало шахснинг ўзи масъул. Покиза ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш эса энг  яхши ҳимоя.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo