Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Муҳаммади ҚОРАЕВ

06.03.2020


ЭНГ ЯХШИНГИЗ ЎЗ АҲЛИ АЁЛИГА НИСБАТАН ЯХШИ МУНОСАБАТДА БЎЛГАНИНГИЗДИР

Даражаси улуғ зотлар

Ҳаммамиз биламизки, оилада эркак кишининг ўрни, ҳурмати ўзгача, оилабоши сифатида мавқеи баланд, лекин ҳар қандай забардаст эркакни, ҳатто пайғамбарларни ҳам Она дунёга келтирганини унутмаслик даркор.

Ҳар бир инсон учун энг азиз, мўътабар ва улуғ зот унинг онасидир. Бинобарин, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан "Энг аввало кимга яхшилик қилай?" деб сўралганда, "Онангга, онангга, яна онангга, кейин отангга", деб жавоб берганлар. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўладики, фарзанд зиммасида онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч баробар кўпроқдир. Шу сабабдан ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннат оналар оёғи остидадир", деб марҳамат қилганлар. Бу эса, фарзанд ўз онасининг ҳурматини жойига қўйиб, унинг барча эҳтиёжларини таъминлаб, дуосини олса, унинг келажаги порлоқ, деганидир.

Ўз навбатида аёл эрининг ҳаққини ўзи ва ҳамма яқинларининг ҳаққидан ҳам устун қўйиши керак. Ота-она, ака-уканинг ҳаққи ҳам эрнинг ҳаққидан устун бўлмайди. Эрнинг ҳаққини бошқа яқинларникидан устун қўймагунча аёл солиҳа бўла олмайди. 

Албатта, солиҳа аёл эркак учун роҳат ва гўзаллик масдаридир. Ундай аёл доим эрини рози қилиш пайида бўлади. Солиҳа аёл эри билан яшар экан, унинг ҳаётини роҳат-фароғатга, меҳру муҳаббатга тўлдириш учун қўлидан келган барча ишни қилади. Солиҳа аёлга дунё матоларининг қизиғи бўлмайди. Унинг мақсади фақат Аллоҳнинг розилиги ва эрининг розилиги бўлади.

 Солиҳа аёл дунёга ҳар қанча рағбати бўлмасин, уларни эрини деб қурбон қилади. Дунё ўз эшикларини унга ҳар қанча очиб турса ҳам, у ўзига керагидан ортиғини олмайди. Чунки солиҳа аёл қаноатли бўлади. Либос, уй жиҳозлари ва ҳоказо нарсаларнинг илинжида эрининг таъбини хира қилмайди. Ўзига ўхшаган аёллар ўз эрларидан турли нарсаларни талаб қилаётганларини ҳар қанча кўрса ҳам улардек йўл тутмайди. Балки сабрли, қаноатли, борига рози бўлувчи бўлади. Солиҳ эри борлигини Аллоҳнинг катта неъмати деб билади. Агар ўзига ёки эрига бирор мусибат ё беморлик етса, мол ҳам, обрў ҳам ҳеч қандай фойда бермаслигини билади. Бундай аёлнинг эри уйига шошилади, аёлини тезроқ кўргиси келади.

Иффатли аёл одамларнинг кўзига виқорли бўлиб кўринади. Бундай аёлнинг эри у билан фахрланади. Ислом ди-ни солиҳа, гўзал   хулқли аёлга уй-ланган эркакни зафарга, бахтга эришган, деб эълон қилган. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Диндорини танла, қўлинг тупроққа қорилгур!" деганлар. Солиҳа аёлга уйланган эркак дунё ва охират яхшилигига эришган бўлади. Чунки у эрига вазифаларни бажаришда эслатувчи, қизиқтирувчи бўлади.

Иффатли аёл эри учун хазинадир. Бундай аёл эри учун фарзанд тарбияси борасида ҳам, силаи раҳм борасида ҳам хазинадир. Иффатли аёл фарзандларини Аллоҳни рози қилишга уринадиган этиб тарбиялайди. Натижада улар энг гўзал хулқли инсонлар бўлиб вояга етишади.

Солиҳа, иффатли аёлнинг фарзандлари ҳам ота-оналари учун хазина бўлишади. Саҳобия аёллар, салафи солиҳларнинг аёллари, ҳозирги кунда яшаётган солиҳа, иффатли аёллар ўз эрларига чин маънода хазина бўлишган ва бўлишмоқда. Буюк инсонларни, забардаст уламоларни, фузалоларни дунёга келтириб, тарбия бериб, илм ўргатиб, комил инсон қилиб жамиятга қўшганлар ҳам солиҳа, иффатли аёллардир. Зурриётлари комил инсон бўлишини истаганлар аёлининг солиҳа бўлишига эътибор қаратсинлар. Зеро, фарзанднинг солиҳ-солиҳа бўлишида аёлнинг ўрни жуда ҳам каттадир.

Имом Ибн Жарир раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Аёлларнинг яхшиси - назар солсанг, хурсанд қиладиган, амр қилсанг, итоат этадиган ва ғойиб бўлсанг, ўз нафсида ва молингда сени муҳофаза қиладиганидир", деганлар.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам яна бундай марҳамат қилганлар: "Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман".

Ҳеч шубҳа йўқки, ота ва онанинг меҳрига, эътиборига, тарбиясига қониб ўсган бола келажакда албатта ақлий ва жисмоний жиҳатдан мукаммал тарзда вояга етиб боради. Оиладаги соғлом муҳит эр ва хотиннинг самимий меҳр-муҳаббатга тўлиқ муносабатларига боғлиқ.

Бир киши ўз хотинига "Эй, жуфти ҳалолим, сени ҳамма одамлар ёмон хотин десалар ҳам мен сени яхши хотин дейман. Чунки сен фарзандларимнинг онасисан, келажакда фарзандларим ҳақида айтиладиган сўзларнинг моҳияти мана шу ҳукмимга боғлиқ бўлади. Мен фарзандларимнинг юзлари ёруғ, сўзлари кескир бўлишини хоҳлаганим учун ҳамда сенинг обрўйинг менинг обрўйим билан ажралмас бўлганлиги учун ҳам шундай гувоҳлик бераман. Энг муҳими, мен сен ҳақингда айтган гувоҳлигим барча одамларнинг гувоҳлигини йўққа чиқаради, бутун дунё "эрининг айтгани рост" дейди, чунки мен сенинг эрингман. Фарзандларим ҳам яхши онага фарзанд бўлганликларидан фахрланиб яшайдилар", деган экан.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг: "Қизингни фақат худодан қўрқадиганга  бергин,  агар  севиб қолса  ҳурмат қилади ва агар мабодо ёқтирмаса ҳам зулм қилмайди",  деган сўзлари  нақадар аҳамиятли. Бу борада имом Шаъбий раҳматуллоҳ алайҳ: "Ким қизини тарбияси бузуққа никоҳлаб берса, бас, у билан силайи раҳм алоқаларини узибди", деган.

Демак, ота ўз қўлида омонат бўлиб турган қизини кимга узатишига қараб икки дунё саодатига эришиши ҳам мумкин ёки аксинча, икки дунёда шарманда бўлиб,  аламли азоб-уқубатда  қолиши ҳам мумкин.

Шундай экан, оналаримиз, опа-сингилларимиз, аҳли аёлимизу қизларимиз, барча-барчаларига гўзал муносабатда бўлайлик.

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Қарши шаҳридаги "Қумқишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби

Report typo